Абитуриентларнинг ДХМ орқали ҳужжат топшириш билан боғлиқ масалаларига ойдинлик киритилди

Юқорида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори жорий йилда назарда тутилган абитуриентларга нима бера олади деган саволга тўхталиб ўтсак:
Биринчидан, абитуриентлар томонидан ҳужжат топширишда масофани қисқартириш яъни абитуриентлар ўзларининг доимий (вақтинча) яшаш жоидан қатъи назар, исталган Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши мумкин. Масалан, Сурхондарё вилоятида доимий яшовчи фуқаро Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топшириш учун Тошкент шаҳрига келиши ва вақтинча яшаши учун (тахминан 500 минг сўм) харажат қилиши табиий ҳол. Юқорида назарда тутилган харажатлатларни олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори абитуриентларга ўзи яшаб турган ҳудудда жойлашган Давлат хизматлари маркази орқали ОТМга ҳужжат топшириш имкониятини яратиб беради;
Иккинчидан, абитуриентлардан кераксиз (бюрократик) ҳужжатларни талаб қилмаслик яъни абитуриентлар томонидан ўткан даврда (тиббий маълумотнома (086-форма) ҳамда 3×4 фото сурат топшириш шарт) бир нечта ҳужжатлар талаб этилар эди. Ваҳоланки жорий йилдан бошлаб қуйидаги ҳужжатлар абитуриентлар томонидан тақдим этилади:
• фуқаролик паспорти (ёшга етмаган бўлса, туғилганлик гувоҳномаси);
• умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);
• имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши лозим.
Учинчидан, жорий йил абитуриентлар бир вақтнинг ўзида 3 (уч) тагача олий таълим муассасасини (бакалавриат таълим йўналишдари) танлаши мумкин. Бир нечта олий талим йўналишини (бакалавриат таълим йўналишдари) танлашда имтиҳон топширадиган фанлар мажмуаси ва
кетма-кетлиги мос бўлиши шарт. Масалан, абитуриент Тошкент давлат шарқшунослик институти, Филология ва тилларни ўқитиш факултетига ҳужжат топширмоқчи. Мазкур факултетда чет тили, она тили адабиёт, тарих фанлари мавжуд. Юқорида назарда тутилган фанлар кетма-кетлиги қайси ОТМда мавжуд бўлса, абитуриент томонидан 2 ва 3-мутахассислик бўйича кўрсатилиши мумкин.
Тўртинчидан, давлат хизматлари кўрсатилгани учун жорий йил битиручиларидан ҳамда ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди. Аксинча, ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи (101 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади. Шунингдек, абитуриент томонидан ягона интерактив давлат хизмат портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилинганда тўлов ҳажми юқорида назарда тутилган 50 фоизнинг 90 фоизини тўланиши назарда тутилган. Бу ҳолат ҳам қайсидир маънода абитуриентларга яратиб берилаётган имтиёзлардан бири десак адашмаган бўламиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлат хизматлари марказларида қуйидаги мутахассисликлар учун ҳужжат қабул қилинмайди:
• магистратура;
• сиртқи таълим;
• хусусий ОТМлар;
• ҳарбий таълим муассасалари.
Қолган барча ОТМларга ҳужжат қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Давлат хизматлари агентлиги томонидан тажриба тариқасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат тест маркази ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда абитуриентлардан ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни 201 та туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган ДХМ орқали қабул қилиш амалиёти жорий этилди.