Bitiruvchilar klubi

«Ўзбекистон Қаҳрамони» бўлган институтимиз битирувчилари  

Алланияз Утениязов  

Алланияз Утениязов 1936 йил 1 июнь куни Кегайли тумани Халқобод ширкат хўжалиги «Дўстлик» бўлимида, деҳқон оиласида таваллуд топган. У 1956 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)нинг чет тиллари факультети инглис тили йўналишига ўқишга киради ва ўқишини 1962 йилда тугатади. Талабалик йилларида пахта теримида иштирок этиб, ҳар йил 15-16 тоннадан ортиқ пахта терган. У 1962-2002 йилларда Нукус туманидаги 4-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Алланияз Утениязов турмуш ўртоғи билан бирга бир ўғил, икки қизни тарбиялаб, вояга етказди. 1954 йилдан бошлаб ўзининг ёзги таътил пайтларини хайр-саховат ишларига бағишлаб, кам таъминланган, ногирон ва етимларга уй қуриб бериш билан шуғулланган. Ҳаёти давомида 40 турар жой, 2 мактаб, 30 ўринлик 2 болалар боғчаси, 2 тиббий хизмат ўрни, 1 кутубхона биносини ўз меҳнати билан қуриб битказиб, халққа совға қилган. 2000 йил 15 гектар ерда боғ барпо этди. Алланияз Утениязовнинг бундай меҳнатлари юқори баҳоланиб, унга «Ўзбекистон селекционерлари» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени берилган. Унинг ҳаёти ва эзгу ишлари ҳақида 3 фильм суратга олинган. Унинг меҳнатлари дунёда тенгсиз деб топилиб, «Гиннес рекордлари» китобига киритилди. Ҳукуматимиз томонидан Алланияз Утениязовнинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 2001 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони берилди.

 

Тулепберген Қайипбергенов

Тулепберген Қайипбергенов 1929 йил 7 май куни Кегайли тумани «Шўртанбой» қишлоғида таваллуд топган. 1947 йил Хўжайли педагогика билим юртини, 1955 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)нинг рус тили ва адабиёти факультетини муваффақиятли тамомлаган. Сўнгра «Амударё» журналининг адабий ходими, бош муҳаррири, Қорақалпоғистон радиоси раҳбарининг муовини, республика газеталарида бош муҳаррир, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимларида ишлади. 1980 йилдан 2015 йилгача Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлиб ишлади. Тулепберген Қайипбергеновнинг биринчи китоби 1958 йилда чоп этилди. Ўша пайтдан бошлаб унинг ҳаёти давомида 93 китоби қорақалпоқ, ўзбек, рус ва бошқа тилларда чоп этилди. Тулепберген Қайипбергеновнинг меҳнатлари юқори баҳоланиб, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси фахрий унвони берилди. Шунингдек, у Қорақалпоғистон Республикаси Бердақ номидаги, Ўзбекистон Республикаси Қошғарий номидаги ва собиқ Иттифоқнинг М.Шолохов номидаги Халқаро мукофотларининг лауреатидир. Тулепберген Қайипбергеновга 2003 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони берилди.

 

Ибройим Юсупов  

Ибройим Юсупов 1929 йил 5 май куни Чимбой тумани «Озод» қишлоғида таваллуд топган. Унинг отаси диний уламо сифатида қатағонга учраб, сургунда дунёдан ўткан. Онаси Хонбиби икки ўғил, тўрт қизни бир ўзи вояга етказди. Ибройим Юсупов 13 ёшидан бошлаб меҳнат қила бошлайди. 1945-1949 йилларда Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти) талабаси, 1949-1962 йилларда институтнинг адабиёт фани ўқитувчиси, 1961-1962 йилларда «Амударё» журнали муҳаррири, 1962-1965 йилларда «Амударё» журнали илмий котиби, 1965-1980 йилларда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, 1980-1988 йилларда ҳозирги «Эркин Қорақалпоғистон» газетаси бош муҳаррири, 1988-1994 йилларда Қорақалпоғистон Тинчлик қўмитаси раиси, 1994-2000 йилларда Қорақалпоғистон «Маърифат, маданият ва маънавият» ижтимоий маркази раиси лавозимларида ишлади. Унинг кўпгина шеърлари дунёнинг кўп тилларига таржима қилинган. Ҳаёти давомидаги меҳнатлари учун унга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири унвони берилган. 2004 йилда Ибройим Юсуповга «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони берилди.

 

Вера Борисовна Пак

Вера Пак 1938 йил 13 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида таваллуд топган. 1961 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тамомлагач, Хива шаҳридаги 3-мактабда ўқитувчи, туман халқ таълими бўлими инспектори лавозимларида фаолият юритган. У 2001 йил олий даражадаги «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвонига эга бўлган. Вера Пак 1985 йилдан бошлаб умрининг охиригача Хивадаги меҳрибонлик уйи директории вазифасида фаолият юритди.

 

 

 

 

 

 

Ғайратдин Хужаниязов

Ғайратдин Хужаниязов 1948 йил 12 декабрь куни Қораўзак туманида таваллуд топган. У 1972 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тугатиб, Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон филиали, Н.Дауқараев номидаги тарих, тил ва адабиёт институтининг археология секторида ўзининг меҳнат фаолиятини бошлади. М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида, собиқ Иттифоқ Фанлар Академияси археология институтида (1974-1977 йй.) малакасини ошириб келди. 1981-1984 йилларда аспирантурада ўқиб, 1996 йил номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2000 йилдан буён Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими, Н.Дауқараев номидаги тарих, тил ва адабиёт институти археология бўлимини бошқариб келмоқда. Ғайратдин Хужаниязов 130 илмий, 100 дан ортиқ илмий-оммабоп ишлар муаллифидир. Чунончи, История развития фортификации античного Хорезма», «Культова-погребалные памятники Каракалпаков XVII-XIX веков по материалам могильника Крантау» мавзусидаги мақолалар, «Даукескен-Вазир (Источники, топография и хронология)», «The military architecture of ancient Chorasmia (6 thcentury BC -4 th century AD)», «Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари» мавзусидаги монографиялар, илмий асарларини ёзган. 2001 йил «Ўзбекистон Мустақиллигининг 10 йиллиги» эсдалик нишони, 2003 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган. Ғайратдин Хужаниязовнинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 2008 йил унга «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвони берилди.

 

Институтимиз битирувчилари бўлган академиклар

Марат Нурмуҳаммедов

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Марат Нурмуҳаммедов 1950 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тамомлаган. 1953 йил номзодлик, 1965 йил докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Беруний номидаги, Қорақалпоғистон Республикасининг Бердақ номидаги давлат мукофотлари лауреати бўлган. Қорақалпоғистон Республикасидан чиққан биринчи академикдир.

 

 

 

 

 

Сабир Камалов

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор Сабир Камалов 1948 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тамомлаган. 1953 йил номзодлик, 1969 йил докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган фан арбоби, Нью-Йорк академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган. Сабир Камалов Қорақалпоғистон Республикасининг Бердақ номидаги давлат мукофоти лауреати бўлган.

 

 

 

 

 

 

Амин Бахиев

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, биология фанлари доктори, профессор Амин Бахиев 1961 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тамомлаган. 1967 йил номзодлик, 1983 йил докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган фан арбоби. Бердақ номидаги давлат мукофоти лауреатидир. Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Биоэкология институти директории бўлиб фаолият юритган.

 

 

 

 

 

Жуманазар Базарбаев

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, философия фанлари доктори, профессор Жуманазар Базарбаев 1955 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тамомлаган. 1964 йил номзодлик, 1973 йил докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистонга хизмат кўрсатган олий ва ўрта махсус таълим фидоийси, Қорақалпоғистон Республикаси Бердақ номидаги давлат мукофоти лауреатидир.

 

 

 

 

 

Ҳусниддин Ҳамидов

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Ҳусниддин Ҳамидов Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тамомлаган. 1967 йил номзодлик, 1990 йил докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган фан арбоби.

 

 

 

 

 

 

Абатбай Даулетов

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Абатбай Даулетов 1964 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти)ни тамомлаган. 1972 йил номзодлик, 1994 йил докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.

 

 

 

 

 

 

Бизнинг фахримизга айланган спортчилар

Алишер Ауезбаев

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилгач 1994 йил мустақил давлат сифатида биринчи марта ишитрок этаётган Япониянинг Хиросима шаҳридаги XII Осиё ўйинларида жамоага энг даслабки олтин медални олиб берган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жисмоний маданият факультети битирувчиси, «нокаутчи» Алишар Ауезбаевдир. 1994 йил 7 октябрь куни Алишер Ауезбаев 91 килограмгача вазн тоифасида чорак финалда рақиби – непаллик Раж Капур Тапалияни нокаутга учратади. Ярим финалда эса хитойлик Хианг Таони очколар ҳисобида енгиб, финалга йўл олади. Финалда Алишер Ауезбаев ўз кучини ва иродасини кўрсата олди. Рақиби Сауд Арабистонилик боксчи Юсуф Хавсавини нокаутга учратиб, олтин медаль ғолибига айланди. Алишернинг ғалабаси Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида иштирок этган дастлабки халқаро мусобақасидаги илк олтин медаль бўлди.

 

 

Рустем Жанабаев

 

Рустем Жанабаев 1993 йил Қорақалпоғистон Республикаси Тахиятош туманида таваллуд топган. 2017 йил Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жисмоний маданият факультетини тугатган. 105 коилограмдан юқори вазн тоифаси бўйича дунёга машҳур оғир атлетчидир. Бирнеча марта Ўзбекистон чемпионати ғолиби, «Универсиада» спорт мусобақалари ғолиби бўлган Рустем Жанабаев 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўткан ёзги Олимпияда ўйинларида муваффақиятли иштирок этди. 2017 йил Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ёпиқ спорт иншоотларида ўтказилган биринчи Осиё ўйинларида олтин медальни қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлган бўлса, 2018 йил жаҳон чемпионатида ҳам олтин медальни қўлга киритди.