Институтда қабул жараёни давом этмоқда

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2019-2020 ўқув йили учун бакалавр таълим йўналишлари учун жами 1840 ўрин, шундан 450 давлат гранти, 1390 тўлов-контракт асосида ўқиш учун ўринлар ажратилган. Институтда абитуриентлардан жами 28 таълим йўналишига ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Институтда сиртқи таълим шаклига жами 15 таълим йўналиши бўйича (шулардан 6 таълим йўналиши янги) 2019-2020 ўқув йили учун қорақалпоқ, ўзбек ва рус гуруҳлари учун жами 815 талаба қабул қилинши (ҳаммаси тўлов-контракт асосида) режалаштирилган бўлиб, абитуриентлардан ҳужжатлар институтнинг ўзида қабул қилинмоқда.

2019 йил 14 июль соат 18:00 ҳолатига кўра Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти бакалавр (кундузги) таълим йўналишларига 17 340 абитуриент, сиртқи таълим шаклига 6208 абитуриент ҳужжат топширган.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун қабул комиссияси жойлашган ерда 10 мутахассисдан иборат маслаҳат бўлими, ахборот-маълумот марказида 4 телефон рақами ҳамда 4 оператор, абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш учун 30 оператор, шунингдек, кутиш ўринлари, ошхона, салқин ичимликлар савдоси каби шароитлар яратилган.

Қабул жараёнлари 08:00 дан 20:00 гача, шанба ва якшанба кунлари ҳам давом эттирилмоқда.

Қабул жараёни 15 июль куни охирги абитуриент ҳужжат топширгунга қадар давом этади.

 

Институт матбуот хизмати