Туркий тиллар факультети ўқитувчи ва магистрантлари Нукус туманидаги мактабларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этди

2019 йил 23 ноябрь куни Нукус ДПИ Ўзбек тили кафедраси мудири Ш.Юлдашева, Ўзбек адабиёти кафедраси мудири С.Матякупов, ҳамда ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги магистрантлари: Қ.Гулманова, М.Эргашевлар Нукус тумани ХТБ қарашли 29-30-сонли мактабларида бўлиб қуйидаги мавузуларда ўқув-услубий ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этдилар:
1. “Ўзбек тили дарсларини аралаш таълим технологиялари асосида ташкил этиш: муаммо ва ечимлар” – Нукус ДПИ Ўзбек тили кафедраси мудири Ш.Юлдашева, 2-курс магистранти Қ.Гулманова.
2. “Ўқувчиларни китобхонликка жалб этиш ва касбга йўналтириш” – Нукус ДПИ Ўзбек адабиёти кафедраси мудири С.Матякупов, 1-курс магистрант М.Эргашев.

Ташкил этилган семинар ва тадбирларда Ўзбек тили кафедраси мудири Ш.Юлдашева “Ўзбек тили дарсларини аралаш таълим технологиялари асосида ташкил этиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида таҳлилий тақдимот асосида бугунги кунда ўзбек тилини ўқитиш масаласидаги мавжуд камчилик ва муаммолар, шунингдек, электрон ўқув қўлланмалар яратилиши ва уларга қўйиладиган талаблар ҳамда мазкур ўқув адабиётларининг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий аҳамияти хусусида кенг маълумот бериб. ўзлари томонидан яратилган электрон ўқув адабиётлари ҳамда улар билан ишлаш бўйича кенг тушунтиришлар бериб ўтди.
Семинар жараёнида мактаб ўқитувчилари дарслик ва ўқув қўлланмалардаги мавжуд номутаносибликлар ва электрон ўқув адабиётларининг тайёрланишида аҳамият берилаётган масалалар ҳамда тайёрланган ўқув адабиётларини олиш имкониятлари билан ўзларини қизиқтирган саволлари ҳамда таклифларини билдирди.
Ўқув-услубий семинар жараёнида Ш.Юлдашевага тақдимотлар ва электрон ўқув адабиётларидан фойдаланиш ва уларда ўзбек тили бўйича берилган машқларнинг бажарилишини амалий жиҳатдан кўрсатиб туришда 2-курс магистранти Қ.Гулманова ассистентлик қилди.
Мактабларда ўтказилган “Ўқувчиларни китобхонликка жалб этиш ва касбга йўналтириш” мавзусида мактаб ўқитувчилари ва 10-11-синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган тадбирда Ўзбек адабиёти кафедраси мудири С.Матякупов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПҚ-3271-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси хусусида кенг ахборот берди.
Шундан сўнг С.Матякупов 1-курс магистранти М.Эргашев ассистентлигида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодини тарғибот-ташвиқот қилишда таълим порталлари материалларидан фойдаланиш бўйича услубий кўрсатмалар бериб ёшларни китобхонликка жалб этиш ҳақида гапириб ўтган ҳолда ўқувчиларга компьютер ва уяли алоқа воситаларида турли хил ўйинлар ўйнаб ўз вақтини бекорга сарфлагандан кўра таълим порталларидан самарали ўргатилса уларда таълим порталларидан ўзига керакли материалларни олиш ва тўғри фойдаланиш малакаларининг шаклланишини алоҳида таъкидлади. Бу билан Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қарор ижросини таъминлашда ҳам муносиб ҳисса қўшишимизни ҳам қайд этиб ўтди.
Бундан ташқари, институт професор-ўқитувчилари мактаб ўқувчиларига бугунги кунда таълим соҳасидаги ислоҳотлар тест синовларини ташкил этишда кутилаётган ўзгаришлар ва уларнинг мазмун-моҳияти хусусида кенг тушунчалар берди. Шунингдек, ўқувчиларни касбга йўналтириш борасида тегишли маслаҳатлар бериб, институтда мавжуд таълим йўналишлари, улар бўйича тест синовларида бўладиган фанлар блоклари ҳамда талабалар учун яратилган шарт-шаротлар ҳақида кенг маълумот берди.
Ҳар икки мактаб жамоаси ўтказилган тадбир ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ҳам, ташриф буюрган олимлар ва магистрантлар учун ҳам фойдали бўлганлиги, Президентимизнинг жамиятда ўқитувчи мақомини юксалтириш билан боғлиқ ислоҳотларининг ажралмас қисми бу олий таълим ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат эканлиги, бугунги ўтказилган маҳорат дарслари фан ўқитувчиларининг малакасини оширишга, методик савиясини кўтаришга катта ёрдам бўлганлигини таъкидладилар.