Абитуриентлар учун янгилик: Битирувчилар бир-бирини қайтарадиган ўхшаш фанлардан имтиҳондан озод қилинади

Давлат тест маркази томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, жаҳон тажрибасидан унумли фойдаланган ҳолда, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини (тест синовларини) оптималлаштириш, имтиҳонларга сарфланадиган харажатларни қисқартириш, таълим муассасаларининг битирувчи ўқувчиларини ҳамда абитуриентларни қўшимча, бир-бирини қайтарадиган ўхшаш имтиҳонлардан озод қилиш мақсадида янгича усул ва тартиб жорий қилиниши режалаштирилмоқда.
Таклифнинг моҳияти шундан иборатки, босқичма-босқич битирув имтиҳонларининг натижаси билан қабул тест синовларида қатнашмай тўғридан-тўғри ОТМга ўқишга қабул танловларида иштирок этиш тартибини йўлга қўйиш ҳисобланади. Бунинг учун илғор хорижий тажрибалар, масалан, Россия Федерацияси (ЕГЭ), Америка қўшма штатлари (SAT) ва Буюк Британия (GCSE) дастурлари мисолида умумтаълим муассасаларининг битирув давлат имтиҳонлари давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш тест синовлари билан бирлаштирилиши мумкин.
Натижада давлат бюджетидан сарфланадиган катта миқдордаги харажатлар кескин камаяди, бир хил фанлардан икки мартадан имтиҳон топширишнинг олди олинади ва олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда замонавий, қулай усул яратилади.
Бугунги кунда масалага оид таклифлар ишлаб чиқилмоқда ва экспертлар таҳлили учун тақдим этилмоқда.
ЎзА