ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ: РЕЖАЛАР, ТАКЛИФЛАР, МУРОЖААТЛАР

Президент Ш.М.Мирзиёевнинг “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун” ғояси асосида жойларда ташкил қилинаётган ва доимий равишда бўлиб ўтаётган халқ  билан мулоқотдан кўзланган асосий мақсад одамларни рози қилиш, бўш иш ўринлари билан таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилганлиги эътиборга лойиқдир.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа педагогика факультети мажлислар залида туман ҳокими Сейдамат Авезов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси мудираси Анажон Раззақова, туман Нуроний жамғармаси раиси И.Хўжаниязов, факультет декани Жуманияз Алланазаров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Озода Рўзимова ҳамда институт профессор-ўқитувчилари, гуруҳ мураббийлари, талабалар, тумандаги тегишли корхона ва ташкилотлар, халқ таълими муассасалари раҳбарлари ҳамда академик лицей, касб-ҳунар коллеж битирувчилари, ютуққа эришган бир гуруҳ ёшлар ва уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

“Ҳоким ва ёшлар учрашуви”га ташриф буюрган тингловчиларга туман ҳокими С.С.Авезов ўз маърузасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши, яратилаётган шарт-шароитлар, қуриб фойдаланишга топширилиши кутилаётган корхоналар хусусида алоҳида тўхталди. Мазкур ишларнинг моҳиятида битирувчиларни иш билан таъминлаш, одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиб беришга қаратилганлиги билан диққатга сазовордир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси мудираси Анажон Раззақова  хорижига чиқиб ишлаш истагида бўлган фуқароларимизга яратиб берилаётган имкониятлар, ўзаро ҳамкорлик шартномаларига киритилган ўзгартириршларга қисқача тўхталиб, фуқаролардан келиб тушаётган аризаларнинг ўз вақтида ижобий ҳал қилинаётганини қайд этди.

Шунингдек, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Олий мажлисга йўллаган Мурожаатномаси, унда белгилаб берилган ёшларга оид бандларидаги галдаги вазифалар, олий таълимга мактаб битирувчиларининг қамраб олиниши борасидаги янгиликлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар алмашишди. Талаба-ёшларнинг “Беш ташаббус” борасида олиб бораётган ҳар хил тўгараклар, тадбирлар, танловларнинг бориши бўйича ҳам муайян даражада ахборотлар ўқиб эшиттирилди. Туман ҳокими С.Авезов ёшларга оид давлат сиёсати доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, спорт соҳасидаги эришаётган ютуқларимиз, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида гапириб, ёшлар жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ҳамиша қўллаб-қувватланиши, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш ҳукумат эътиборидаги энг асосий вазифа эканини таъкидлади. Талабалардан А.Аминов, Н.Шоназарова, М.Ҳайтбоева Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Олий мажлисга йўлланган Мурожаатномасидаги ёшларга оид истиқболдаги ишлар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир доирасида туман ҳокими С.Авезов институтимизнинг иқтидорли талабаларига ҳар хил номдаги бадиий-илмий китоблар, ҳамда телевизор совға қилишди.  

Умуман, 2020 йил 5 февраль кунги “Ҳоким ва ёшлар учрашуви”да таълим ва спорт соҳасида туман миқёсида бажарилаётган ишларнинг жорий ҳолати талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

 

Ҳайдарали ҲАСАНОВ,

Элликқалъа пеадгогика факультети Имжтимоий-гуманитар фанлар кафедраси ассистенти.