4 талаба ис газидан заҳарланди

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизматига асосланиб, Нукус давлат педагогика институтининг тўрт нафар талабаси (барчаси қизлар) ижарада яшаётган турар жойига ўрнатилган иситиш қозонхонаси қувурида сизиб чиққан ис газидан заҳарланганлиги, заҳарланганларнинг ҳаммаси шифохонага ётқизилганлиги, вафот этганлар ҳақида маълумот йўқлиги тўғрисида ахборот эълон қилинди.
Мазкур талабаларнинг учтаси туркий тиллар факультетида, биттаси эса хорижий тиллар факультетида ўқийди (шундан биттаси Хоразм вилояти Гурлан туманидан, қолганлари Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидан). Маълум бўлишича, 2020 йил 19 ноябрь куни улар биргаликда Нукус шаҳри П.Сейтов кўчаси 2-уй 23-хонадонни ижарага олган ва ўша жойга кўчиб ўтган.
20 ноябрь куни эрталаб талабалардан иккитасининг боши айланиб, ўзларини ёмон сезишгани учун тез ёрдамга қўнғироқ қилган. Талабалар шифохонага олиб борилиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, ўша куни уларга рухсат берилган.
Воқеа оқибатида ҳеч кимнинг соғлиғига жиддий зарар етмади.
Маълум қилинишича, воқеа бўйича прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Нукус давлат педагогика институтида таълим олаётган 2182 талаба 1216 хонадонда ижарада яшаётган бўлиб, 2020 йилнинг 16-20 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва тегишли соҳа мутахассислари билан ижарада яшаётган талабалар ўртасида ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тушинтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, бундай ишларни мунтазам олиб бориш мақсадида институт проректорлари раҳбарлигида оператив штаб тузилиб, жорий назорат ишлари давом эттирилмоқда.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати.