«Олима аёл – ёшлар нигоҳида» мавзусида учрашув ташкил этилди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Табиий фанлар факультетида профессор-ўқитувчилар, талаба қизлар билан «Олима аёл – ёшлар нигоҳида» мавзусида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти «Ўзбекистон флораси» лабораторияси катта илмий ходими, биология фанлари номзоди Диларам Тажетдинова билан учрашув ташкил этилди.

 

Бу учрашувни ўтказишдан мақсад олий таълим муассасаси хотин-қизларининг илмий дунёқарашини янада кенгайтириш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш қизларни илм-фанга йўналтириш, дустона алоқаларни ривожлантиришдан иборат.

 

Семинарни институт ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ф.Отенова очиб бериб, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, илм-фан соҳасида изланаётган хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, олима аёллар тажрибасини оммалаштириш, уларнинг илмий-тадқиқот ва изланишлар олиб бориши учун шароит яратиш, инновацион ишланмаларини ҳаётга тадбиқ этиш ва илмий тўпламларини нашр қилишга кўмаклашиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётганлари ҳақида айтиб ўтди.

 

Катта илмий ходим Д.Тажетдинова «Маҳаллий флорани ўрганишда тўр тизимли хариталарни яратиш (Cурхондарё вилояти қисми мисолида)» мавзусида ҳозирги кунда Ўзбекистонда бажарилаётган илмий тадқиқот ишлари бўйича маълумотлар берди.  

 

Бундан ташқари, табиий фанлар йўналишларидаги илмий, амалий тадқиқот ва инновацион ишланмалари, бу соҳада мамлакатимиз илм-фани ривожида алоҳида ҳисса қўшиб келаётган олимлар ҳақида, илмий мақола тайёрлаш йўллари, докторантура ва бошқа илмий изланишлар ҳақида кенгроқ тушунчалар берди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.