Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан

Куни кеча «Telegram» ижтимоий тармоғидаги «Talaba Yoshlar» каналида Нукус давлат педагогика институтида ўтилаётган дарсларда талабалар ўртасида ижтимоий масофа сақланмагани ва карантин қоидаларига амал қилинмаётганлиги бўйича видео эълон қилинди.
Мазкур видеодаги ҳолатлар институт матбуот хизмати томонидан ўрганилди.
Видеодаги ҳолат 2020 йилнинг 3 ноябрь куни институтнинг туркий тиллар факультети биносидаги 311-аудиторияда ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналишининг 1-«А», «Б», «В» гуруҳлари талабаларига ёш физиологияси дарси бошланмасдан олдин, танаффус пайтида олинган.
Маълум бўлишича, дарс ўқитувчиси дарс бошланмасдан олдин кириб келган ва талабаларнинг ижтимоий масофа сақламасдан ўтирганини кўриб, уларни карантин қоидаларига амал қилишга чақирган.
Факультет масъулларининг маълум қилишича, 311-аудитория 100 талаба сиғимлигига эга бўлиб, ўша куни аудиторияда 3 гуруҳдан жами 60 талаба бўлган.
Қўшимча қилинишича, 2020-2021-ўқув йили учун институтнинг ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналишига 123 талаба 1-курсга қабул қилинган бўлса, видео тасвирга олинган 3 ноябрь кунигача табақалаштирилган тўлов-контракт асосида яна 40 талаба ўқишга қабул қилиниб, дарсларда иштирок этиб келган. Талабалар сонининг ортиши эвазига видеодаги ҳолат юзага келган. Аммо, ҳозирги пайтда талабаларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда аудиторияларга жойлаштириш ва дарсларни ўтиш учун шароитлар яратилди.

Институтда талабалар эрталаб ўқишга келган пайтида тана ҳароратини ўлчаш, қўлларини ювиш учун барча шароитлар яратилган. Видеодаги 3 ноябрь куни ўша ва бошқа аудиториялардаги талабаларда тана ҳарорати билан боғлиқ ёки касалликларнинг бошқа аломатлари кузатилмаган.


Институт раҳбарияти ва факультет деканатлари бугунгидек пандемия шароитида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда карантин қоидаларига қатъий риоя этиш ва анъанавий дарсларни сифатли олиб бориш бўйича маъсулиятини теран англаган ҳолда талаба-ёшлардан мазкур қоидаларга қатъий риоя этишини, ҳар бир талаба ўз соғлиги учун қайғуришини ҳамда саломатлигини хавф остига қўймаслигини сўраб қолади.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати.