Туркия университетларида қорақалпоқ тили ўрганилмоқда

1 декабрь – Қорақалпоқ тили байрами куни. Шу сана муносабати билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректорати онлайн давра суҳбати ўтказди. Унга Туркия давлатидаги қатор университетлардан туркология бўйича мутахассис олимлар таклиф қилинди.
Маълумки, Туркия университетларида туркий тиллар қаторида қорақалпоқ тили ва ададбиёти, фольклори ҳам ўрганилади.
Эгей университети профессори, доктор Мустафа Онер, Фират университети профессори, доктор Ержан Алкая, Памуккала университети докторанти Шейма Гурлайан Туркиядаги университетларда қорақалпоқ тилини ўрганиш масалалари бўйича қизиқарли маърузалари билан иштирок этди.
Давра суҳбати қорақалпоқ тилида олиб борилди.
— Туркиялик кўп сонли қардошларнинг қорақалпоқ тилига қизиқиши юқори эканлиги ушбу тадбирга қатнашган 30 дан ортиқ туркиялик талабаларнинг фикрларидан маълум бўлди, — дейди тадбир ташкилотчиси, Нукус давлат педагогик институти Ўзбек тили кафедраси мудири, доцент Шаҳло Юлдашева. —Бундай муносабатга ўтган йили Туркиянинг Анқара университетида бўлиб ўтган тажриба алмашинув жараёнида ҳам гувоҳ бўлгандик.
Таъкидлаш жоизки, Нукус давлат педагогика институти Туркиянинг Анқара, Истанбул, Эгей, Фират каби қатор университетлари билан ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзолаган. Уларда асосан талабалар ва педагог-олимларнинг тажриба алмашинув дастурлари назарда тутилган.
Туркия университетларида қорақалпоқ тилининг ўрганилиши бўйича профессор, доктор Ержан Алкая шундай дейди:
— Мен Фират университетида нўғай, қорақалпоқ тилларидан дарс бераман. Биз қорақалпоқ тилини асосан китоблар орқали ўрганганмиз. Талабалар орасида қорақалпоқ тилини ўрганишга қизиқиш катта. Бугунги тадбирда шу тилнинг вакиллари билан мулоқот қилганимиздан бағоят хурсандмиз.
Маълумки, жорий йилда қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлди.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раёсати қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди.
Есимхон ҚАНОАТОВ,
“Ishonch”