Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларнинг аҳамияти тушунтирилди

Шу йилнинг 9 июль куни Нукус давлат педагогика институтида таълим сифатини халқаро стандартлар асосида баҳолаш, шу орқали дунёнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирма таҳлиллар қилиш мақсадида 2018 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти профессор-ўқитувчиларга кенг тушунтирилди.

Мазкур ҳужжатга асосан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ташкил этилиб, таълим сифатини баҳолаш бўйича қатор халқаро тадқиқотларда иштирок этиш белгиланди. 

Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ҳамкорликда республика миқёсида семинарлар ташкил этилиши режалаштирилган эди. Ушбу семинарнинг биринчиси жорий йилнинг 16 март куни Тошкент вилоятида ташкил этилди. Семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказининг ҳодимлари ҳамда Тошкент вилоятидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлим мудирлари, инспектор-методистлари, таянч мактаб директорлари иштирок этишди.

 Таҳлилларга кўра, Америка Қўшма Штатларида 3 ёшдан 22 ёшгача ўртача 210 минг доллар сарфланиб ва натижада 3,1 млн. доллар фойда келтирар, Жанубий Кореяда 130 минг доллар сарфланиб ва 2,1 млн. доллар фойда келтирар экан. Ривожланган мамлакатларда инсон капиталига сарфланган ҳар 1 сўм 13 баробар ҳисобида қайтади. Ўзбекистонда эса 16 минг доллар сарфланиб, бунинг эвазига 70 минг доллар фойда олинар экан.

Шу ўринда таълим сифатини баҳолаш бўйича иштирок этиладиган халқаро тадқиқотлар ҳақида келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ:

PIRLS – бошланғич 4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиш ва тушуниш даражаси баҳолаш;

TIMSS – 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш;

PISA – 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини баҳолаш;

TALIS – умумий ўрта таълим мактаблари директорлари ва ўқитувчилари билан сўровнома ўтказиш орқали мактабда ўқитиш ва таълим олиш жараёнлари самарадорлигини баҳолаш каби тадқиқотлар дастури шулар жумласидандир.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан “Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш халқаро дастури PISA 2021 да иштирок этиш тўғрисида» келишув имзоланди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, мазкур дастур 1997 йилдан бошлаб, “Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти” томонидан ҳар 3 йилда бир маротаба ўтказиб келинади. Биргина, 2018 йилда 78 дан ортиқ давлатлар ва иқтисодиёт ташкилотлари қатнашган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси эса, илк бор 2021 йилда ушбу дастурнинг иштирокчисига айланади, унда таълим муассасаларининг 15 ёшу 3 ойликдан 16 ёшу 2 ойликкача бўлган ўқувчилари қамраб олинади.

PISA 2021 тадқиқотлари Вестат илмий тадқиқот корпорацияси (АҚШ), “cApStAn” лингвистик сифат назорати мустақил агентлиги (Белгия), “ETS” Таълим тест хизмати (АҚШ), Австралия таълим тадқиқотлари кенгаши (Австралия) томонидан ташкил этилади.

Дастурда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилади:

  • Мактаблар ўқувчи ёшларни катта ҳаётга ўтишига муносиб равишда тайёрлай олаяптиларми?;
  • Қайси турдаги ўқув дастурлари бошқаларига нисбатан самаралироқ?;
  • Мактаблар ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган ўқувчиларнинг шароити яхшиланишига қандай ёрдам беради? кабилар.

PISA муайян мактаб ўқув дастурларининг устунлигини ўрганиш ўрнига, ўқувчиларнинг асосий мавзуларда билим ва кўникмаларини қўллай олиш қобилияти, муаммоларни таҳлил қилиш, шарҳлаш ва самарали ҳал қилиш, фикрлаш ва мулоқот қилиш имкониятларини кўриб чиқади.

Юртимизда ўқувчиларнинг халқаро тадқиқотларда муносиб иштирок этиши, ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўришга боғлиқ. Бу борада PISA халқаро тадқиқотида иштирок этиш билан боғлиқ қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро READ дастури, Австралия таълим тадқиқотлари кенгаши ва Россия Таълим академияси Таълимни ривожлантириш стратегияси институти,  Таълим сифатини баҳолаш миллий маркази билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, маслаҳатчи сифатида халқаро экспертлар жалб қилинди.

Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича масъул мутахассислар Америка қўшма штатлари ҳамда Россия Федерациясида ташкил этилган семинарларда иштирок этиб, халқаро тажрибаларни ўргандилар  (расм, видео).

Ўқувчиларнинг PISA – халқаро тадқиқотларида муносиб иштирок этиши учун уларда мактабда олган билимларини ҳаётда қўллай олиш кўникмаларини шакллантириш  ва бунинг учун масъул вазирлик ҳамда идоралар томонидан қуйидаги ишларни амалга ошириш зарур бўлади.

  • таълим сифатини холисона мониторинг қилиш имконини берадиган миллий баҳолаш тизимини яратиш;
  • таълим сифатига таъсир қилувчи моддий-техник базани шакллантириш;
  • халқаро илмий тадқиқот ишларини олиб бориш;
  • халқаро тадқиқотлар асосида қўшимча методик қўлланма ва адабиётлар яратиш;
  • халқаро тадқиқотлар йўналишларидаги саволлар миллий базасини яратиш ва ўқув дастурларини интеграциялаш;
  • халқаро тадқиқотларга асосланган ҳолда тегишли фанлардан ўқитишнинг шакллари, методлари ва технологияларини такомиллаштириш ҳамда бу борада ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш.
  • педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида ўқув дастурларини халқаро тадқиқотлар талабларига мослаштириш.

Ушбу тадқиқотни ҳар уч йилда бир маротаба ўтказилиши эса, давлатларга ўз таълим тизимларида келажакда эришиш кўзда тутилган асосий мақсадларни аниқлаб олиш имкониятини яратиб беради.