Нукус давлат педагогика институтида жамоатчилик кенгаши ташкил этилди

4 октябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида жамоатчилик кенгашининг таъсис мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда институт ректорати, жамоат арбоблари, ёзувчи, шоирлар, талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Мажлисни институт ректори Б.Отемуратов бошқариб борди. Қайд этилганидек, 2018 йил 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида республикамизнинг барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилмоқда.
Мажлис кун тартибига кўра кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва котибини сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Йиғилганларнинг фикр-мулоҳазалари ҳисобга олиниб, кўрсатилган номзодлар овозга қўйилди. Институт жамоатчилик кенгаши раиси этиб академик Ж.Базарбаев, ўринбосари профессор Қ.Қошанов ва котиби этиб ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ёшлар етакчиси Ҳ.Қурбанбаевлар сайланди.
Шунингдек, мажлисда профессор К.Алламбергенов, Қозоқ миллий маданий маркази директории Ж.Дарменов ва ота-оналар сўзга чиқиб, кенгаш фаолиятини юксалтириш бўйича таклифларини билдирди. Кенгашнинг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.
Маълумот учун, кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосда олиб бориб, мунтазам иш олиб боради. Кенгаш қабул қилган қарорлар таклиф характерига эга бўлади.
Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда институт манфаатларини ҳимоя қилиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўқув жараёнларини юксалтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, соҳага оид жамоатчилик фаолиятини олиб бориш, жамоатчилик шериклик доирасида амалга ошириладиган келишувлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда институт ва унинг масъул шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари қилиб белгиланди.
Ислам Матеков,
Нукус ДПИ матбуот котиби.