AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

ДАВР ПЕДАГОГДАН ИННОВАТОРЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА

Бошқаларни ўқитиш ва ўзимни ўрганишим зарур.

 

Педагогга қўйиладиган талаблар ва таълим-тарбия қандай асосий ғояларга таянган ҳолда амалга оширилиши кераклиги асрлар баҳси бўлиб келган.

Ҳаммамизга аён, бутун дунёда моддий ва маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларида давом этаётган глобаллашув, интеграциялашув ва миграция жараёнлари Ўзбекистонда ҳам шошилинч равишда жамиятнинг барча соҳаларини ахборотлаштириш бўйича қулай шарт-шароитлар яратишни талаб қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПҚ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли қарор, “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3151-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2017 йил 21 ноябрдаги “Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 930-сон қарори таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида педагоглар олдига муҳим вазифаларни қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон фармонига кўра Инновацияни ривожлантириш вазирлигининг ташкил қилинганлиги таълим жараёнига инновацияларни, ахборот коммуникацион технологияларини жорий қилишдаги ишларни янада жадаллаштиришни тақозо қилмоқда.

Ахборот асри, рақамли технологиялар катта сифат ўзгаришларига, таълим шаклларининг хилма-хиллигига олиб келмоқда. Бинобарин,  педагог кадрларнинг касбий тайёргарлигини ҳозирги замон талаблари даражасида ривожлантириш, уларда зарур билим, кўникма ва малакаларни замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда шакллантириш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Ўзбекистон келажаги ўз-ўзини ривожлантиришга интиладиган, истеъдод, малака, лаёқатга эга, билимдон, саводхон шахсларга боғлиқлигини бугун янада чуқурроқ ҳис қиламиз. Бу эса фуқаролардан, айниқса зиёлилардан, янада кўпроқ ташаббус, ижодий фикрлаш – когнетивлик,  ноанъанавий ечимларни топишга қодирлик, бутун ҳаёти давомида ўқиш-ўрганишга тайёр туришни тақозо қилади. Бу санаб ўтилган фазилатларни қарор топтирмасдан таълим соҳасини такомиллаштириш, инновацион муҳитга айлантириш асло мумкин эмас.

Хориж таълим тизимида edtech (таълим технологиялари), e-learning (э-таълим),  blended-learning   (аралаш таълим) атамалари пайдо бўлганлигига анча бўлди. Бизда эса Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатимизда “болалар ва ёшларга махсус фанлар, мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихини, хорижий тилларни ва замонавий компьютер дастурларини чуқур ўргатиш вазифалари ҳали сифатли ва тўлиқ ҳолда ечилгани йўқ”. Бу эса таълим шаклларини такомиллаштиришни тақозо қилади.

Маълумки, таълим шакллари (лотинча форма – ташқи кўриниш) – бу усул ўқув жараёнини мавжудлиги, унинг ички моҳияти, мантиқи ва мазмуни учун қобиқ. Таълимнинг қуйидаги асосий шакллари мавжуд: анъанавий ўқитишюзма-юз  – лицом к лицу, face to face learning; масофавий ўқитиш – дистанционное образование, distance learning; очиқ ўқув курслари – открытое обучение, Open learning; мослашувчан ўқитиш – гибкое обучение, Flexible learning; аралаш ўқитиш (таълим) – смешанное обучение, Blended learning; электрон ўқитиш (таълим) – электронное обучение, E-learning.

Биз ўз фаолиятимизда анъанавий таълимнинг масофавий таълим билан комбинацияланган тури, яъни аралаш таълимнинг самарасини кўрмоқдамиз. Электрон таълимда ҳам педагогика ва методикада, таълим технологияларида бўлгани каби энг самарали методларни аниқлаш зарур. «Метод» сўзи илмий ёндашувни назарда тутади, бироқ бу атама моҳияти, мутахассислар фикрича, электрон таълим соҳаси учун бошқача тарзда изоҳланиши тақозо қилинади. Бу ёш соҳа бўлганлиги учун эмас, балки у доимо эволюцияда ва тезлик билан янги шаклларнинг пайдо бўлишига узвий боғланади. Шунинг учун, э-таълимдаги ёндашувларни тасвирлаш учун одатий сўзларни “тур”, “турлар” ёки санъат соҳасидан мос келадиган сўз – “жанр” сўзидан фойдаланиш маъқул кўрилади.

Ахборотни идрок қилишга кўра электрон таълим методлари таснифланади. Э-таълимнинг  матнли, видео, ўйинлар ва симуляциялар, аудиокурлар каби жанрлари мавжуд.

Электрон таълимда метод танлаш фаннинг ўзига хослигига таянишни тақозо қилади. Ўқув курсининг сифатсиз тайёрланиши таълим олувчида ёмон таассурот пайдо қилади. Шунинг учун видеокурс, мультимедиали тақдимотлар, аудокурсларни яратиш – ишлаб чиқишдаги талабларни билиб олиш тақозо қилинади. Булар инновация сифатида кириб келаётган таълим технологиялари ва моделларининг узвий элементлари бўлиб қолмоқда.

Деклан Берн «blended learning» (аралаш таълим) ҳақида шундай дейди: “Ушбу таълим бой педагогик тажрибадан самарали фойдаланишга қаратилган”. Бу тизимда ўқитувчи таълим марказида қолади ва интернет имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланади. Blended learning масофавий таълим (Distance learning), синф хонада таълим (Face-to-Face learning) ва интернет орқали таълим (Onlin learning)дан иборат. Аралаш таълимнинг бир модели “Тескари синф” (Flipped Class) саналади.

Тескари синф (дарс) – ўқитувчи томонидан ўқитувчига уйда мустақил ўрганиши учун материаллар тақдим этадиган ва дарсда уни амалий мустаҳкамлаш назарда тутиладиган таълим модели. Тескари таълим учун водкаст (Vodcast), подкастлар (Podcast) ва пре-водкастинг (Pre-Vodcasting) фойдаланиш билан тавсифланади.

Бу методга кўра синф иши мураккаб назарий қисмни таҳлил қилиш ва ўқувчиларнинг уй вазифасини бажариш жараёнидаги (25-30% дан кўп бўлмаган) саволларига жавоб беришга бағишланади. Шунингдек, синфда ўқитувчи назорати остида талабалар амалий муаммоларни ҳал қилишади ва тадқиқот вазифаларини бажарадилар. Синфдаги машғулотдан сўнг ўқувчилар уйда амалий ишларни тугатишади, ўрганилган мавзуни мустаҳкамлаш учун тест синовларини бажаришади.

Тескари синф модели дарсда ўқитувчи устунлигидан талабанинг устуворлигига ўтишдир.

Тескари синф методининг асосчилари – икки нафар ўқитувчи – Жонатан Бергман ва Аарон Самслар бўлиб, биринчи марта 2007 йилда машғулотларни  ўтказиб юборадиган, вақтида қатнаша олмайдиган спортчиларга ўз маърузаларини тақдим этишган.

Биз амалга татбиқ қилаётган “Тескари синф” моделининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: аниқ назарий маълумотларга асосланиш; таълим олувчилар ва таълим берувчи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик; таълимнинг шаффофлиги.

“Тескари синф” моделини татбиқ этиш босқичлари:

  1. Ўрганилиши назарда тутилган мавзуга мос маърузани ихчам тарзда тайёрлаш, амалий ўрганиш учун интерактив машқ ва топшириқлар яратиш ва босмадан чиқариш.
  2. Маърузаларни мультимедиалаштириш орқали тақдим қилиш (матн, овоз, жонли ҳаракат, график тасвир: жадваллар, алгоритмлар) – ўқитувчининг мавзуни батафсил тушунтиришига ўрин қолмайди.
  3. Тил таълимига оид чекланмаган электрон манбаларни яратиш ва таълим олувчиларга тақдим қилиш, жумладан:

а) ўқув материаллари босқичма-босқич, машқ ва топшириқлар кетма-кетликда тақдим қилинадиган ўргатувчи дастурлар; б) имло ва пунктуация қоидаларини мустаҳкамлашга ёрдам берувчи электрон репетиторлар;
в) синтаксис ва пунктуация бўйича қоидалар жамланган ўргатувчи дастурлар; г) ўзбек тили имло қоидаларининг каталоги ва қисқача электрон имло қоидаларининг каталоги ва қисқача электрон имло луғати, ўзбек тилининг электрон изоҳли луғати ва бошқа хил электрон ўқув луғатлари; д) умумтаълим мактаблари ва талабалар учун мўлжалланган ўзбек тилидан “Интерактив диктант”; е) тест дастурлари; ё) ўзбек тилидан электрон жадваллар;
ж)  ўргатувчи аудиодастурлар.

  1. Тақдим қилинган материалларни ўрганиш учун кўрсатма бериш.
  2. Тақдим қилинган материалларнинг талаба, ўқувчи томонидан мустақил ўрганилиши.
  3. Дарс жадвалига асосан белгиланган машғулотда талаба ва ўқувчиларнинг дарслик ва ўқув қўлланмалар, бадиий ва илмий адабиётлар устида ҳамкорликдаги ишини ташкил қилиш;
  4. Ўқув лойиҳалари ва кейс-топшириқларини бажариш;
  5. Ўрганилган мавзулар бўйича назорат ишларини ташкил қилиш ва баҳолаш.

Мазкур моделни амалга ошириш давомида: ўқувчиларга ўз фикрларини билдириш учун имконият бериш, таълим олувчиларда ўзига ишонч ва фанга мотивация уйғотиш, ўзлаштириши паст бўлган таълим олувчиларга бошқа иқтидорли таълим олувчиларнинг ёрдамини ташкил қилиш, “суфлёр” ролини табиий деб қабул қилиш, таълим олувчиларнинг паст баҳоларини юқорилатишга имкон бериш кўзда тутилади.

Маъруза ва амалий машғулотларни ўтказишда инглиз тилини ўқитиш жараёнида фойдаланилаётган “Homebook”, “Workbook”(“Уйда иш китоблари”и), рус тилини ўқитишда амалда бўлган “Рабочая тетрадь”(“Иш дафтари”) каби қўлланмаларни ўрганиб чиққан ҳолда қайта кўчириб ёзиш талаб қилинмайдиган репродуктив ва қисман изланувчанликка асосланган машқлар тайёрладим. Улар ўқув қўлланмага жамланди (“Ҳозирги ўзбек адабий тили”(синтаксис)дан амалий машғулотлар. – Тошкент, “Мумтоз сўз” – 2016), дафтар сифатида фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. Машқ ва топшириқлар замонавийлаштирилди. Инглиз тили ўқитишда фойдаланилаётган “True-false” (“Тўғри-нотўғри”), Мини-ТЕСТ, “Мосликни аниқлаш”, “Қиёслаш”; рус тилини ўқитишда фойдаланилаётган ЕГЭ топшириқларига ўхшаш матн асосидаги машқлар, алгоритмга асосланган машқлар, шунингдек, грамматик таҳлил турлари такомиллаштирилган машқлардан самарали фойдаланиб келмоқдаман. Тестларни тайёрлаш ва ўтказишда iSpring, Мy ТЕSТ дастурларининг афзалликлари кўп бўлиб, у ўқитувчи меҳнатини енгиллаштиради, айниқса Моodule тизимида жуда қулайдир.

Бўлажак ўқитувчиларнинг ўқув лойиҳаларини яратишларига аҳамият қаратаман. Ўқув лойиҳалари орқали талабаларда она тилини ўқитиш жараёнида меъёрий ҳужжатлар ва таълим воситаларининг мувофиқлиги, она тили ўқитишнинг бош мақсади, ўқувчи эҳтиёжи ва таълим воситаларида бу ҳолатнинг эътиборга олинганлиги; она тили дарсликлари, ўқитувчи қўлланмалари билан боғлиқ муаммолар; дарсликлар дизайни, назарий маълумотлар, машқ ва топшириқларнинг такомиллаштирилиши каби масалаларда ўз кичик тадқиқотларини амалга оширишлари натижасида ўқитувчига хос муҳим компетенция – таълим ва тарбия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва меъёрий ҳужжатлар моҳиятини англаб етиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларни баҳолай олиш лаёқати шаклланаётганини таъкидлаб ўтишим жоиз. Талабалар босқичма-босқич муайян дарсни лойиҳалаш тажрибасига эга бўлиб бормоқда.

Олий таълимда битирувчиларимизни тайёрлашда илмий тадқиқотларимиз моҳиятида қуйидагилар акс этмоқда:

– тадқиқотларимиз амалиёт билан узвий боғланиши зарур. Шахсан раҳбарлигимда олиб борилаётган талабалар ижодий ва илмий ишлари (курс иши, БМИ ва МД) таълим босқичларида “Она тили”, “Ўзбек тили”, “Ҳозирги ўзбек адабий тили” фанларини ўқитиш амалиёти билан боғланган; талабалар раҳбарлигимда инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаларида ва турли танловларда иштирок этиб, гувоҳнома ва сертификатлар билан тақдирланмоқда;

– таълим жараёни самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлаш, яъни ўқитиш ва илмий тадқиқотчиликнинг интеграциясига эришиш лозим. Ана шу фаолият натижаси сифатида 3 та ўқув ва услубий қўлланма, 2 та ЭҲМ учун дастур амалиётда самарали фойдаланилмоқда;

– таълим ва тарбия узвийлигига эътибор қаратаман. Платоннинг: “Агар мақсад эзгу бўлмаса, билим иблисга айланади”, – деган ҳикмати моҳиятидан англашимизча, ўқувчи-талабаларимизга берилган билим эзгулик учун хизмат қилсин. Ҳар бир машғулотда аждодларимизнинг маънавий мероси, донишманд боболаримиз, давлат арбобларининг таълим-тарбияга оид қарашлари, халқ оғзаки ижоди намуналари, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, вақтли матбуот саҳифаларидан ёшлар маънавиятига дахлдор мавзуга мос мисоллар танлаш, улар моҳиятини шарҳлаш бош мақсадимдир.

Мазкур концепцияни Ўзбекистон миқёсида самарали ривожлантиришнинг педагогик шарт-шароитлари мавжуд деб ҳисоблайман. Жумладан, мен фаолият юритаётган таълим муассасасида кафедра қошида илмий-инновацион гуруҳ ташкил қилиниб, гуруҳ таркибида умумтаълим мактаблари фан ўқитувчилари, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талабаларнинг тажриба алмашишлари яхши йўлга қўйилган. Бунинг натижаси ўлароқ 2016 йилда (ҳаммуаллифликда) “5-синф учун “Она тили” фанидан  электрон ўқув-методик мажмуа” дастури (ЭҲМ дастури  Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтган ва DGU 04136 рақамли гувоҳнома тақдим қилинган)амалиётга жорий қилинди.
2017 йилда нашр этилган “O‘zbek tili ta’limida zamonaviy axborot texnologiyalari” маърузалар тўплами (Нукус – 2017, “НДПИ” нашриёти) 5111200 – ўзбек тили ва адабиёти бакалавр таълим йўналиши ўқув режасидаги “Ўзбек тили ва адабиёти таълимида замонавий ахборот технологиялари” фанини ўқитишда таълим жараёнида амалиётга татбиқ этилмоқда. 2018 йилда ҳаммуаллифликда “Ўзбек тилидан интерактив диктант” ЭҲМ учун дастури яратилиб (DGU 05233), ундан “savod.uz” сайти орқали онлайн фойдаланиш йўлга қўйилди.

Умуман, инновацион таълим,  адабиётларда таърифланишича, таълимга янгича ёндашув, фундаментал таълим, ижодкорлик, акмеологик ёндашув, касбий маҳорат, икки маданият, яъни техник ва гуманитар билимларнинг синтези, янги технологияларни татбиқ қила олишлик ҳисобланади.

Хулоса шуки, таълим сифатини такомиллаштириш йўлида инновацияларга кенг эътибор қаратиш жамият ривожида асосий омил бўлиши мумкинлигини қуйидагиларда яққол кўриш мумкин:

инновация катта ёки кичиклигидан қатъий назар, шахсий эканлиги ва шу билан бирга жамият фаровонлигига хизмат қилиши;

таълимдаги инновация жамият ўзгаришларини ўз мазмунига қамраб олган ривожланаётган таълим: янгича стандартлар, янги ўқитиш усуллари, ўқитиш технологиялари деб қаралиши;

талабаларга таълим бериш ва тарбиялаш метод ва усуллари жамият ва миллат келажагига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши.

Инноватор (янгилик, ихтиро, лойиҳа, ноу-хау муаллифи, инновация бошловчиси) педагогнинг мақомини юксалтирадиган мезонларни алоҳида таъкидлаш ўринли деб ҳисоблайман:

ҳар бир инсоннинг шахсий қадр-қиммати дахлсихлигини эътиборда тутган ҳолда, ҳамкасбларни, талабаларни ҳурмат қилиш;

ўзига талабчанликни ошириш, чунки ўзидан талаб қилишни билган киши, ўзгалардан талаб қилишни билади, ана шу принципга кўра талабаларга талабчан бўлиш;

касбдошлар ва талабаларга ёрдам беришга, елкадош бўлишга қодирлик;

талабаларнинг сизни “ўзимизники” дейишларига эришиш, уларнинг ишончини қозониш;

сизнинг талабаларни шогирдим деб аташга лойиқ бўлишингиз.

Одатда устозни шогирд танлайди: ҳар қандай ўқитувчи устоз бўла олмаслиги мумкин. Шогирдлар ишончи бу ўқитувчининг машҳурлигининг ўлчови саналади.

 

Шахло Юлдашева,

Нукус ДПИ Ўзбек тили кафедраси мудири,

Педагогика фанлари номзоди.