AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Амалий-методик семинар: “Ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишда инновацион ёндашувлар”

Замонамизда “Қандай қилсам дарсим қизиқарли бўлади, ўқувчиларимнинг фанимга бўлган иштиёқини қандай ошираман?” деб ўйламайдиган ўқитувчи бўлмаса керак. Бу бежиз эмас. Чунки давр шиддатли: жамият ўзгармоқда, технологиялар янгиланмоқда, мактабга қўйилаётган талаб янгича. Таълимда она тилини, иккинчи тилни, адабиётни ўқитишда коммуникатив, шахсга йўналтирилган, интегратив ва компетентлик ёндашувлар амалиётда қўлланилаётган бўлса, эндиликда таълимда янги ёндашув шаклланмоқда. Бу инновацион ёндашув деган ном олди.

Инновацион ёндашув ўзида фундаментал таълимни, ижодкорликни, касбий маҳоратни, техник ва гуманитар билимларнинг синтезини жамлайди, янги технологияларни татбиқ қила олиш компетенциясига эга бўлишни тақозо қилади ва, албатта, шахсга йўналтирилган бўлади.

Таълим жараёнига кириб келаётган янгилик моҳияти фан ўқитувчилари томонидан чуқур англансагина, у ўз самарадорлигини кўрсатади. Фан ўқитувчиларида тил ва адабиёт ўқитишда инновацион ёндашувнинг моҳияти, ўқувчиларнинг фанга бўлган мотивациясини кучайтириш, тил ва адабиётдан эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини кундалик ҳаётга татбиқ қилишга одатлантириш борасида ўзаро тажриба алмашишга эҳтиёж мавжудлигини ҳисобга олиб Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 2018 йил 16 октябрда “Ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишда инновацион ёндашув” мавзусида республика миқёсида амалий-услубий семинар ташкил қилинди.

Семинар Нукус давлат педагогика институти қошидаги ХТХҚТ ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида ташкил қилинди. Унда ҚР ХТВ методистлари, тармоқ марказ ўқитувчилари ва тингловчилари, Нукус давлат педагогика институти ва Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари ва республика умумтаълим мактабларининг фан ўқитувчилари иштирок этдилар.

Семинарда Қорақлпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири А.Аяпов таълим соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва вазифалар ҳақида сўзлади ва ўқитувчиларга давлат миқёсида берилаётган эътибор, ўқитувчи мавқеини ошириш бўйича қабул қилинган янги қарор ҳамда фармойишлар моҳияти билан таништирди. Бу эътиборга “лаббай” деб жавоб бериш учун ўқитувчиларнинг масъулиятни чуқур ҳис қилиши, касбий компетентлигини орттириш учун астойдил ҳаракат қилиши тақозо қилинаётганлигини айтиб ўтди. Тингловчилар диққати айримлар рақамларга  қаратилди, яъни ўзбек тили ва адабиёти фан ўқитувчилари орасида олий тоифалилар – 6 фоиз, биринчи тоифалилар – 13,2 фоиз, иккинчи тоифалилилар эса  40 фоизни ташкил қилаётганлиги мавжуд ҳолатни яққол намоён қилиши алоҳида таъкидланди.

Ўқувчиларнинг ёзма ишларида имловий ва пунктуацион хатоларнинг камайишига эришилмаётганлиги, мавжуд мультимедиа воситаларидан фойдаланиш етарли даражада эмаслигига эътибор қаратилди, ўзбек тилини она тили ва давлат тили сифатида ўқитишдаги муаммолар ҳақида семинар иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Республика ўқув-методик маркази методисти Н.Матлатипова, Нукус давлат педагогика институт профессор-ўқитувчилари: доцент Ш.Юлдашева, доцент С.Матякупов, Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси М.Атаниязова, Нукус ДПИ қошидаги ХТХҚТ ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази ўқитувчиси И.Холмурадов ва Нукус шаҳар 38-сон мактаб ўқитувчиси Д.Холмурадова, 22-сон мактаб ўқитувчиси М.Бекжановалар томонидан ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича аниқланган бўшлиқлар ва уларни бартараф этиш, ўзбек тилини ўқитиш жараёнига олиб кирилаётган инновациялар, ўқувчиларни китобхонликка қизиқтириш, адабиёт дарсларида медиатаълим имкониятлари, мумтоз адабиётларни ўргатишнинг янги усуллари, ўқувчиларнинг саводхонлигини оширишга хизмат қилувчи янги ахборот воситалари, шунингдек мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар ҳақида сўз юритилди.

Семинар иштирокчиларига Нукус ДПИ Ўзбек тили кафедраси профессор-ўқитувчилари, магистрант ва талабалари томонидан тайёрланган “Она тили.
5-синф учун электрон ўқув-методик мажмуа. 1-қисм”, “Ўзбек тилидан интерактив диктант” дастури, 6-, 9-синф она тили дарслигига илова сифатида тайёрланган аудиодастурлар таништирилди ва 22-сон мактаб ўқитувчиси М.Бекжанова ҳамда магистрантлар: Қ.Гулманова, Ш.Каримбоева, Н.Юлдашевалар дарс жараёнида бу воситалардан фойдаланиш бўйича маҳорат дарси ташкил этишди. Она тили ва ўзбек тилини (давлат тили) ўқитиш жараёнида инновация сифатида қабул қилиш мумкин деб саналган мазкур воситаларни республика миқёсида кенг оммалаштириш ва муаллифларга янада имкониятлар яратиш, ўзбек тили ва адабиёти бўйича муаммолар асосида Нукус давлат педагогика институтининг тегишли кафедралари билан фан, таълим, ишлаб чиқаришда ҳамкорликни кучайтириш бўйича вазирлик миқёсида “Йўл харита”сига янги чора-тадбирларни белгилаб олиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

 

Шахло Юлдашева,

Педагогика фанлари номзоди,

Нукус ДПИ Ўзбек тили кафедраси мудири.

 

Саъдулла Матякупов,

Филология фанлари номзоди,

Нукус ДПИ Ўзбек адабиёти кафедраси мудири.