ЎЗБЕК АТОМ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИГА ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ

Олимлар изланишларига кўра Ер куррасида ҳозирги даврга қадар аниқланган энергия заҳиралари чекланган бўлиб, энергия истемоли ҳозирги даражада сақланиб қолса, кўпи билан 100 ёки 150 йилга етиши мумкин. Инсоният энергия истемоли ва саноатнинг жадал суръатлар билан риволанаётганлигини ҳисобга олсак, бу муддат янада камроқ бўлиши мумкин. Оқибатда, инсоният энергия заҳираларини сақлаб қолиш ва қайта ишлаб узоқроқ муддатга етказиш ҳамда кам ёқилғи сарфлаб катта қувватли электр энергиясини ишлаб чиқарувчи электр станцияларини қуриш каби муаммо билан юзлашмоқда. Муаммони бартараф этиш ва ривожланишнинг барқарор суръатларини сақлаб қолиш электр станциялирининг энг мақбул тури – Атом электр станцияларини қуриш ва уларни ишлатиш орқали эришиш мумкинлиги ҳозирда инкор этиб бўлмайдиган аксиомага айланган. Атом электр станцияларини ишга тушириш кўп миқдордаги тикланмас энергия манбаларини сақлаб қолиш ва уларни қайта ишлашга имкон беради. Буни чуқур англаган ва мамлакатимизнинг узоқ истиқболини ўйлаган давлатимиз раҳабари Шавкат Мирзиёев 2018 йили 10 июль куни мамлакатимизда атом электр энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бир оз вақт ўтиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 19 июлдаги ПФ-5484-сон Фармони ҳамда 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3870-сон қарори имзоланди.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 13 августда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида” 653-сонли қарорни қабул қилди. Қарорда келтирилишича мазкур агентликнинг қисқартирилган номи “Ўзатом” деб аталади. Ўзатом агентлигининг асосий вазифаси этиб, юртимизда Атом электр станциясини қуриш ва  унинг фаолиятини таъминлаш белгиланган. Қисқа вақт ичида агентлик бошқа мутасадди ташкилотлар ва Россия Федерациясининг “РосАтом” ширкати билан биргаликда мамлакатимизда атом электр станцияси (Атом электр станцияси)ни қурилишининг ҳуқуқий ва ташкилий ишларини бошлаб юборди. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов маълум қилишича, АЕС қурилиши учун 70 дан ортиқ жой ўрганилган. Ўрганишлар натижасига кўра Атом электр станцияси Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги жойлашган Тўдакўл кўли яқинида қурилиши ҳар томонлама маъқул деб топилган. Куни кеча яъни, 2018 йилнинг 19 октябрь куни биринчи Ўзбек Атом электр станциясининг қурилишига старт берилди. Старт Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ва мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Россия Федерацияси Президент В.В.Путиннинг биргаликда “Рамзий тугма”ни босиш орқали амалга оширилди. Шу билан Ўзбек атом электр статциясига тамал тоши қўйилди. Атом электр станциясини қуриш учун 11 миллиард АҚШ доллари атрофида маблағ сарфланиши ва унинг биринчи блогини 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган. Қурилиши режалаштирилган мазкур комплекс ССЕР-1200 (Сувли-қуввати 1200 МВт бўлган энергетик реактор) “3+” сўнгги авлод реакторлари билан жиҳозланган иккита энергоблокдан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Атом электр станцияси учун дунёдаги энг замонавий ва хавфсиз энергоблоклар танлаб олинган.

Бугинги кунда мамлакатимизда 14 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд. Бу қувватнинг қарийб 85 фоизи газ ва кўмирни ёқиш орқали, қолган 15 фоизи эса Гидроелектр стансияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг учун йилига 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир сарфланади. Атом электр станцияси барпо этилиши натижасида йилиги 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Иссиқлик электр стансиясининг ёнилғиси бўлган тош кўмирнинг 1 кг миқдори ёнганда 7500 кал иссиқлик миқдори ажралади. Атом электр станциясининг ёнилғиси бўлган уран (235У ва 238У) ядроси 1 кг миқдори парчаланиши натижасида 19·109 кал иссиқлик миқдори ажралади. Ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, 1 кг уран ядроси парчаланишидаги энергия тахминан 2533  тош кўмир ёнганда ажраладиган энергияга тенг экан. Бундан ташқари уран ядросидан энергия олишда, атмосферага тош кўмирни ёқиб энергия олингандаги каби заҳарли тутунлар ажралиб чиқмайди. Шу сабаб, атом энергияси ҳар томонлама экологик тоза ҳамдир. Бундай станциялар зарарли ис газини ҳосил қилмайди. Натижада табиий газни ёқишдан ҳосил бўладиган ва атроф муҳитга тарқаладиган ис газининг ҳажми йилига 3 миллион тоннага камаяди.

Россиянинг “Росатом” давлат корпоратцияси билан ҳамкорликда Атом электр станциясинининг ишга туширилиши эса шу каби тикланмайдиган энергия ресурсларни тежаш билан бирга юртимиз саноатининг ривожланишига катта ҳисса қўшади.

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, юртимизда Атом электр станциясининг барпо этилиши ҳар жиҳатдан фойдалидир. Қайта тикланмайдиган заҳиралар тежалади, экологик тоза энергия олинади.

Бугунги кунда мамлакатимизда саноат ривожланиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ортмоқда. 2030 йилга бориб, мамлакатимизда энергияга бўлган талаб 20 минг мегаваттни ташкил этади. Атом электр стансиясининг барпо этилиши эса мана шу талабларнинг қондирилишига катта ёрдам беради.

 

Маълумки, атом электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланишда энг замонавий ва мураккаб технологиялар қўлланилади. Юртимизда Атом электр станциясининг барпо этилиши билан маҳаллий мутахассисларга эҳтиёж ортади. Шу боис Тошкентда Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш мўлжалланмоқда. Атом электр стансиясининг қурилиши ва ишга туширилиши биз педагогларга янада катта масъулият юклайди. Яъни, атом ва ядро физикасини чуқур ўзлаштирган, юқори савиядаги билим ва кўникмагага эга миллий кадрларни тарбиялашдек муҳим вазифани қўяди.

Ҳаммамизга Атом электр станциясига тамал тошининг қўйилиши муборак бўлсин!

 

Баҳром Явидов,

Нукус давлат педагогика институти,

Физика-математика фанлари доктори.

Азамат Жалекешов,

Физика Ўқитиш методикаси

кафедраси ассистент-ўқитувчиси.