AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Академик Жуманазар Базарбаев: «Жабрланган халқ тарихининг янги саҳифаси очилди»

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини оинаи жаҳон орқали томоша қилдим ва бу орқали менда пайдо бўлган келажакка бўлган юксак ишончим ҳаётга, Ватинимга, халқимизга деган севгимни янада оширди.

Ўзим асли мўйноқлик бўлганим учун Орол денгизи атрофидаги барча гаплар менинг бирон маротаба эътиборимдан четда қолган эмас. Давлатимиз раҳбарининг Орол муаммосини ечиш юзасидан ташаббус билан чиққан амалий ҳамда мантиқий режалари дастлабки натижаларини бера бошлади.

Муҳтарам Юртбошимиз жорий йил 15-16-ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга сафари давомида ҳудудни янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш борасида  қатор муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Давлат раҳбарининг «Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асосан бу – Мўйноқ халқи, уларнинг сабр-тоқати, ватанпарварлиги ва меҳнатсеварлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак», «Маданият Мўйноқдан бошланади», – деган фикрлари Мўйноқ тумани аҳолисига кўрсатилган юксак эътибор эканлигини англатади. Ўтган қисқа вақт ичида Мўйноқ улкан бунёдкорлик майдонига айланиб, янги турор жойлар, ижтимоий-маданий объектлар, ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Жорий йил ноябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг ташкил қилиниши халқимиз турмушидаги тарихий воқеалардан бири бўлиб саналади.

Президентимиз Мўйноқ тумани аҳолиси учун барча қўлай шароитларни яратиб бериш, Орол денгизи ҳудудидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Шу асосда бугунги кунда туман билан Қазақдарё посёлкаси ўртасидаги 45 километрлик йўлнинг қурилиши олиб борилмоқда. Авваллари Мўйноққа қарашли бўлган Қазақдарё посёлкасига Нукус орқали 330 км йўл босиб борилар эди. Энди янги йўл қурилиши билан 260 кмлик йўл қисқариб, масофа 70 кмни ташкил қилади. Шунингдек, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир тумани аҳолиси учун Муйноқ ва Қунғирот туманларига чиқиш йўли очилади.

Мўйноқда “Мустақилликнинг 27-йиллиги” шаҳарчаси,   “Мўйноқ аква саноат” ДУКнинг балиқни қайта ишлаш консерва заводи, “Fumei Grоup” МЧЖ ҚКнинг қамишдан ДСП ишлаб чиқариш заводларига тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Шунингдек, 2019-2021 йилларда 500 минг гектар майдонга саҳрога чидамли ўсимликларни экиш вазифаси белгилаб олинган бўлиб,  бугунги кунда саксовул экиш ишлари бошлаб юборилган. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 15 минг гектар майдон экишга тайёрланди, шундан 7 минг гектарига саксовул экилди. Саксовул уруғини йиғишга 600, экиш ишларини 500 дан ортиқ ишчи, 150 дона техникалар иштирок этмоқда. Ушбу хайрли ишга Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан ҳам ёрдамчи кучлар келган. Айни пайтда Оролнинг қуриган таги қизғин меҳнат майдонига айланган.

Жорий йил 28 ноябрда Нью Йорк шаҳрида БМТнинг бош котиби Антониу Гутерришнинг Орол муаммосини бартараф қилиш юзасидан Траст фондининг ташкил қилинишига оид айтган гапи қулоғимда қолиб қўйди. У киши Қорақалпоғистон, Оролбўйи минтақси хусусида «Жабрланган минтақа тарихида янги сахифа очилди» деган эди.

Мана ҳақиқатдан ҳам янги сахифа очилди. Халқда умид, келажакка ишонч уйғонган. Кўзларига нур кирган. Бутун қорақалпоқ халқи бундай мардлик амалий ҳаракатлари учун Президентимиздан мингдан-минг рози.

Президентимизнинг шу юксак эътибори бутун халқимизни руҳлантирмоқда. Ўз навбатида мен ҳам бошланган хайрли ишга ҳаммани чорлагим келади.

Ҳар бир фуқаро ўсимликлар экиш орқали табиатга бўлган меҳрини кўрсатади, унинг бутунлигини ва хавфсизлигини таъминлайди. Шунинг учун ўзини шу элнинг фарзанди деб биладиган ҳар бир инсонни мазкур ҳудудда юзага келган экологик вазиятни юмшартиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларига фаол қатнашишга чақирамиз. Фуқаролар йиғинлари оқсоқолларини, ёшларимизни, гуллан халқимизни Орол денгизининг қуриб қолган қисмида чўлга чидамли ўсимликлар экишга ҳисса қўшишга чорлаймиз.

 

ЎзА