Соҳибқирон қиёфаси: Герасимов бузиб тасвирлаган сурат ва Малик Набиевнинг маҳорати

Масалан, Рафаэльнинг “Афина мактаби” – антик давр руҳиятини кўз олдимизда жонлантиради.
И.Е.Репиннинг (1849-1930) “Малика Софье” ва “Иван Грозний ва унинг ўғли – 16 ноябрь 1581 йилда” асарларида реал тарихий воқеаларни акс эттиради.
В.И.Суриков (1848-1916) “Сибирнинг забт этилиши”, “Суворовнинг Альп тоғларидан ўтиши” ва “Степан Розин” каби картиналари тарихий жанрда ўтмиш халқ ҳаракатларини акс эттирган.
Ўзбекистон халқ рассоми, академик Малик Набиев (1916-2008)нинг “Спитамен қўзғалони”, “Тамарахоним” ва бошқа асарларида халқимиз тарихи саҳифалари, атоқли фарзандлари образлари кўз олдимизда намоён бўлади.
Шунингдек, дунё санъат олимлари мусаввирнинг икки асарини шоҳ асар сифатида тилга олади: “Абу Райҳон Беруний” 1972 ва “Амир Темур портрети” 1993 йил.
Абу Райҳон Беруний чеҳрасига назар ташласангиз, унда қатъий ва ўйчан нигоҳ, ўз фикри ва мақсадлари сари иккиланмай олға юриш, билим ва яратувчиликка чанқоқликни сезасиз. Асар нафақат эстетик, балки тарихий функцияни ҳам бажармоқда.
1938 йилда Ўзбекистон рассомларининг съезди бўлиб ўтади. Рассомлик техникумини битирган 11 қалдирғоч ҳам ижодий уюшмага аъзо бўлиб киради. Улар орасида ёш Малик Набиев ҳам бор эди.
Шу даврда А.Навоийнинг 500 йиллиги тўйига тайёргарлиги бошланиб кетади. Навоий қўмитаси тузилади. Ҳоди Зариф қўмитада котиб эди. У М.Набиевни шу ерга таклиф этади.
Ҳукмат қарорига кўра, соҳибқирон Амир Темур, Улуғбек ва улуғ малика Бибихоним қабрлари очиб кўрилиши керак бўлиб, комиссия таркибида Садриддин Айний, Ҳамид Олимжон, Малик Қаюмов сингари маданият арбоблари бор эди.
Москвадан ҳайкалторош М.Герасимовни таклиф этишди. 1941 йил 16-24 июнь кунлари Амир Темур, Улуғбек, Бибихоним қабрлари очилиб, уч тобут ташқарига чиқарилди.
Жасадлар Тошкентга олиб келинади. Ана шу ерда М.Набиев Буюк соҳибқирон руҳи билан учрашгандек бўлади. У Герасимов қўлида соҳибқироннинг бош чаноғини кўради. У анчагача ўзига келолмай юради. Амир Темурнинг бўйи 175-180 сантиметр атрофида эканини М.Герасимовдан эшитади.
Август ойининг бошларида М.Герасимов яратган бюст муҳокамага қўйилади. Герасимов тасвиридаги жаҳонгирнинг яноқлари туртиб чиққан, юзи тунд, нигоҳи совуқ, ғазабнок эди.
Баҳс-мунозара авжга чиқди. Машҳур қадимшунос олим Яҳё Ғуломов Темур қиёфаси бузиб тасвирланганлигини таъкидлади.

Герасимов ҳам, Тошкент шаҳрида турли-туман обстракт ҳайкалларни қураётган ҳайкалторошлар ҳам кўнгилларга соя солиб кетишди.
Амир Темур тарихий китобларда Барлос беклари уруғидан, дейилади. Ёш Малик Набиев ҳар сафар: “Барлос дегани қўрқмас, ўтюрак, довюрак, ҳеч нарсадан қайтмас, забардас маъноларини беради. Барлос асл ўзбек турк уруғидир”, деб гапирар эди.
Унинг қалбида янги ва яхши ният куртак очди: “Мен соҳибқирон сиймосини қайта яратаман! У худди ўзига ўхшаган бўлади”, деб онд ичди ҳамда соҳибқирон қиёфасини чизишни давом эттириб яшади.
Орадан салкам ярим аср ўтди. У ҳар сафар ишга – Педагогика институтига келганида, у ердаги ҳайкаллар ўзининг мавҳумлиги билан дилни ғашлар эди.
Малик Набиев юрса ҳам, турса ҳам ибн Арабшоҳнинг Амир Темурга берган ёзма таърифи қулоғидан кетмас эди. У барча тарихий воқеларни ўз ижодий услуби билан чамалаб кўрди ва “тасаввурлар занжири” ёрдамида йиғилган маълумотларни синчиклаб ўрганди.
Дунёдаги мусаввирларнинг бу соҳадаги ишлари билан танишди ва соҳибқирон портретини яратди.
У қуйидагиларга эътибор берди: ибн Арабшоҳ таърифи:
• “Темур узун бўйли;
• тик қоматли;
• пешонаси кенг;
• калласи улуғ;
• гавдаси бўлакли;
• ранги оҳу-қизил;
• қўл-оёқлари бақувват;
• елкадор;
• почалари семиз;
• овози йўғон киши эди”.
Мусаввир Амир Темур портретини 1993 йил соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан тузилган ҳукумат комиссиясига тақдим этди.
Танловда республикамизнинг атоқли рассомлари иштирок этаётган эди. Ҳайъат кўпчилик овоз билан Малик Набиевнинг портретини маъқуллади.
Талаблардан келиб чиқиб, аввало Амир Тумур портретининг бир неча ҳомаки варианти тайёрланди. Унда Амир Темур тахтда, шоҳона либосларда қўлларини қилич устига қўйиб, ўйчан бир қиёфада ўтирар эди.
Умрининг кўп қисмини ҳарбий юриш ва сафарларда, эл-юрт ташвишида ўтган инсоннинг қўллари, бармоқлари, гавдаси қандай бўлиши, юз-кўзлари қандай маъно англатиши зарурлиги ҳақида ҳайъат аъзолари ўзларининг қимматли фикрларини айтишди.

Баъзи бир миниатюра асарларни ҳисобга олмаганда, ўз вақтида Амир Темурнинг портрет сурати чизилмаган, лекин ушбу минатюралар буюк Амир Темурнинг бетакрор шахсиятини ҳар томонлама тўлиқ ва ҳаққоний акс эттира олмасди.
М.Набиев яратган соҳибқирон портрети – образи, келгусида яратиладиган барча санъат асарларига (рангтасвир, ҳайкалторошлик ва бошқалар) асос сифатида қабул қилинди.
Буюк Амир Темур сиймосини ва шу асарни яратган М.Набиев фаолияти ретро портрет дизайн услуби, дея баҳоланди.