AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Расмий жавоб: «Нега НДПИда IELTS имтихони ўтказилмай қолди?»

Kar24.uz сайтида «Нега НДПИда “Ielts” имтиҳони ўтказилмай қолди? Ахир у Қорақалпоғистон тарихида биринчи марта эди-ку?!» мавзусида материал чоп этилган эди.

Материал мазмунига кўра, сайт мухбири институтнинг халқаро алоқалар бўлими билан боғланиб, ушбу саволга батафсил жавоб ололмаганлиги, ўқувчилар учун батафсил маълумот кераклиги бўйича расмий маълумот берилишини сўраган.

2018 йилнинг 17-18 декабрь кунлари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига GRBS Халқаро ўқув ва имтихон маркази директори Баҳром Гурбанов ташриф буюриб, институт ва Британия Кенгаши билан биргаликда Нукус шаҳрида биринчи марта IELTS сертификатлари олиш учун имтихон ўтказиш бўйича музокаралар олиб борди. Институт раҳбарияти Қорақалпоғистон Республикасидан ушбу халқаро сертификатларни олиш учун номзод маҳаллий ёшлар манфаатларидан келиб чиқиб, имтихонни институт базасида ўтказишга келишиб олди.

Келишувга кўра, институт имтихон учун жой билан таъминлаши ва бу борада қилинаётган ишларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг оммага етказиши керак эди. Имтихонларни Британия Кенгашидан махсус вакиллар олиши кўзда тутилди.

Мазкур келишув асосида Нукус давлат педагогика институти ўз вазифаларидан келиб чиқиб, институтнинг чет тиллари факультетида имтихон олиш учун махсус жой ажратиб, Қорақалпоғистон аҳолисига янгиликларни етказиш ва кенг оммани хабардор қилиш мақсадида ОАВларда материаллар эълон қилди.

Имтихон 2019 йилнинг 9 февраль куни ўтказилиши белгилаб олинди. Имтихон топширувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида https://ielts-exam.uz/ сайтида Нукус шаҳри кўрсатилган геотег ҳам ўрнатилди.

Келишувга кўра, имтихонларни Нукус шаҳрида ўтказиш учун камида бир аудитория, яъни 30 номзод мурожаат қилиши керак эди. Аммо, институтга 9 февральгача Қорақалпоқ давлат университетидан 2, Нукус давлат педагогика институтидан 2, ўрта махсус таълим муассасаларидан 3 – жами 7 номзод мурожжат қилди.

Мурожаат қилувчилар сони кўрсатилган минимумга етмагани сабабли имтихон Нукус шаҳрида ўтказилмайдиган бўлди.

Институтга мурожаат қилган ва Нукус шаҳрида имтихон топширмоқчи бўлган 7 номзоднинг тўлаган пуллари ўзларига қайтарилиши ва уларнинг республикамизга яқин вилоятларда имтихон топширишлари таъминланди.

Шу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, IELTS сертификатларини олиш учун имтихонни Нукус шаҳрида ўтказиш институтнинг қорақалпоғистонлик ёшлар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш, уларнинг Тошкент шаҳри ёки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига бориб, ортиқча оворагарчиликларга вас арф-харажатларга учраб юрмасликлари мақсадида амалга оширмоқчи бўлган истиқболли қадамларидан биридир. Институт раҳбарияти бу борадаги ишларини ҳалиям давом эттирмоқда. Келажак эгалари бўлмиш ёшларга имкониятлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган истиқболли ҳаракатларни оммавий ахборот воситалари орқали тўғри маънода тушунтириш катта аҳамиятга эгадир. Шуларни инобатга олган ҳолда институт мутасаддилари ушбу хайрли ишда ташаббускорлик кўрсатиш ва амалий самарадорликка эришиш йўлида ҳаракатларини давом эттиради.

 

Ислам Матеков,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот котиби.