Тарих-география факультети талабалари Шўманой тумани ҳудудидаги «Гунжали» археологик ёдгорлигида археологик-дала қазишмаларини олиб бормоқда
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги археологик ёдгорликларни хорижий давлатлар олимлари билан ўрганиш тарихимиз учун янги саҳифалар очиб қўймасдан, хориж тажрибасини ўзлаштириш, тарихимизни дунёга намоён этиш учун хизмат қилади. Ўткан йилнинг октябрь ойида институтимизга ташриф буюрган Россия Фанлар Академияси Н.Н.Миклухо-Маклай номидаги Этнология ва антропология институти ҳамда Қозоғистон Республикаси Миллий Фанлар Академияси илмий тадқиқот институти А.Х.Маргулан номидаги археология институти вакиллари билан учрашувда ҳам юқорида таъкидлаб ўткан масалаларга алоҳида аҳамият қаратилди.
Хорижлик олимлар билан 2018-2023 йилларда Қорақалпоғистонда археологик қазишмаларни олиб бориш ва илмий фаолият юритиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, 2019 йилнинг апрель-май ойларида археологик-дала илмий тадқиқот ишларини қазишмалар ўтказиладиган жойларда сайёр ўтказиш, бу орқали талабаларда ҳам назарий, ҳам амалий кўникмаларни шакллантириш кўзда тутилди. Шу йилнинг 18 апрель кунидан бошлаб институтимизнинг тарих ўқитиш методикаси таълим йўналиши 1 босқич талабаларига Россия Фанлар Академияси Н.Н.Миклухо-Маклай номидаги Этнология ва антропология институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Егор Китов, Россия Федерацияси Шарқ халқлари музейи катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Сергей Балелов ҳамда Қозоғистон Республикаси Миллий Фанлар Академияси илмий тадқиқот институти А.Х.Маргулан номидаги археология институти катта илмий ходими Қайрат Жанбулатовлар археология фанидан «Сўнгги бронза ва илк темир даври ёдгорликлари ва уларнинг ўрганилиши», «Қадимги даврнинг ўзига хос хусусиятлари», «Қадимги давр ёдгорликлари ва уларнинг ўрганилиши» мавзуларида дасрлар ўтиб, уларнинг назарий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Талабаларимиз хорижлик мутахассислар билан биргаликда Шўманой тумани ҳудудидаги «Гунжали» археологик ёдгорлигида археологик-дала қазишмаларини олиб бормоқда.
Ислам Матеков,
НДПИ матбуот котиби.