Абитуриентларнинг ўқишга киришида қўл келадиган 12 маслаҳат
Имтиҳонларга тайёргарлик даврида зарур ҳисобланмиш хотира, диққат ва, ҳатто, кайфиятни сезиларли кўтарувчи усуллар мавжуд.
BBC нейробиологлар, руҳшунослар, парҳезшунослар ва ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг фикрларига таяниб, абитуриентларга омадга эришишда ёрдам бериши мумкин маслаҳатлар рўйхатини тузиб чиқди.
1. Нонушта ва “мия учун озуқа”
Тананинг тўғри фаолият юритиши учун қувват талаб этилади. Миянинг диққатни жамлай олиш қобилияти эса айнан глюкоза кўринишидаги барқарор қувват манбасига боғлиқдир.
Тадқиқотлар нонуштани канда қилмайдиган ўқувчилар, имтиҳон вақти диққатини бир нуқтага қарата олгани ва маълумотларни яхши эслаганидан, аъло натижаларга эришишини кўрсатади.
Демак, кунни эрталабки соатлар давомида ўзидан аста-секинлик билан қувват ажратадиган нонуштадан бошланг: сули бўтқаси, бошоқли донлардан тайёрланган нон ёки таркибида шакар миқдори кам бўлган мюсли.
Шунингдек, нонуштада маълум даражада оқсил ҳам бўлиши лозим: кам миқдордаги сут, йогурт ёки тухум.
Ушбу маҳсулотларнинг мия фаолиятига ижобий таъсир этиши исботланган: тухум, балиқ, бошоқли донлар, карам, исмалоқ ва брокколи каби тўқ-яшил баргли сабзавотлар, помидор ва авокадо.
Таркибида антиоксидантлар ва антосиянинлар мавжуд ичимликлар хотира ва кайфиятни қисқа вақтга кўтариши мумкин. Мазкур моддалар черника, қулупнай, ёнғоқ, зайтун, ошқовоқ уруғи ва қора шоколад таркибида ҳам учрайди.
2. Ҳаммасини барвақт бошланг
Тайёргарликни имтиҳонларга оз қолганда эмас, балки бир неча ой аввал бошлашга ҳаракат қилинг. Шунда ўзингизга бўлган ишонч ҳам ортади.
Дарсларни эрта тонгдан тайёрланг. Бу пайтда мия етарлича дам олган бўлади. Дарсларнинг катта қисмини куннинг иккинчи ярмига қолдирманг.
Энг яхшиси – ўзингиз учун дарслар жадвалини тузиб олинг, ўқишни ҳар куни бир вақтда бошлаш ва тугатишга урининг. Бу фанларни ўзлаштиришингизга катта ёрдам беради.
3. Айнан нимага диққат қаратишни аниқлаб олинг
Сиз айнан қандай турдаги имтиҳонга тайёргарлик кўряпсиз? Ёзма, оғзаки ёки тест кўринишида?
Имтиҳон турларининг ҳар бири турлича тайёргарлик усулларини талаб этади.
Ёзма-ижодий имтиҳон учун барча фанларни диққат билан ўқиш шарт эмас. Шунчаки, имтиҳон марказида турган мавзуни чуқур ўрганишнинг ўзи кифоя.
Бир неча вариантлардан иборат тест шаклидаги имтиҳон учун, қайтанга, ўқув дастурини жиддий англаш зарур бўлади.
4. Режа тузиб олинг
Аксарият ўқувчилар учун режага қатъий амал қилиш қийин кечиши мумкин, аммо бу вақтни сезиларли тежашга ёрдам беради.
Режа тузиб олсангиз, бир дарсдан кейин қайсинисини бошлашга бош қотириб, бир дақиқа ҳам вақтни беҳуда сарфламайсиз.
Бироқ режа аниқ ва пухта бўлиши керак. Унга фақат қайси фанларни кетма-кетликда ўқишни эмас, балки мавзулар ва қайдларни ҳам киритинг.
Ва танаффус қилиш, спорт билан шуғулланиш ва одамлар билан мулоқотда бўлишни ҳам ёддан чиқарманг.
5. Танаффус – энг яхши ёрдамчингиз
Дарслар орасида, албатта, танаффус бўлишига эътибор беринг. Фанни бир кунда узлуксиз 10 соат ўргангандан 10 кун давомида бир соатдан ўқиган кўпроқ самара беради.
Такрорлаш – билимларнинг онаси, деган гап бор. Бироқ ўрганилган дарсни шу заҳоти қайта такрорлашга уринманг. Тадқиқотлар дарс ва такрорлаш ўртасида маълум танаффус олиниши лозимлигини кўрсатади.
Вақт олинган маълумотни маълум даражада эсдан чиқаришга имкон яратади ва танаффусдан сўнг қилинган такрорлаш давомида маълумот мияга яхшироқ ўрнашади.
Бу усул “хотирани тадқиқ қилиш соҳаси тарихидаги энг ишончли”ларидан бири, дея тан олинган.
Лекин имтиҳонни аъло топширишда фақат бир усулга таяниб қолиш ярамайди.
Муҳим маълумотларни ёзма қайд этиб бориш, гуруҳ бўлиб савол-жавоб ўтказиш ва бу суҳбатларни ёзиб олиб, қайта тинглаш ҳам ёдлаб қолиш қобилиятини ажойиб тарзда оширади.
Бундан ташқари, такрорлаш ва ёдлаб қолишнинг оммабоп, аммо тадқиқотлар томонидан фойдаси кам экани исботланган усулларига ортиқча куч ва вақт сарфламанг.
Масалан, китобдаги жумлаларни рангли маркерлар билан ажратиб бўяшнинг самараси деярли йўқлиги исботланган.
6. Ўзингизни доимий синаб боринг
Дунёнинг етакчи руҳшунослари ва нейробиологлари сўзларига кўра, “ўз-ўзини имтиҳон қилиш” маълумотни ўзлаштиришнинг энг самарали усулларидан бири бўлиши мумкин.
Ўрганилганлар бўйича ўзини саволга тутиш мавзуни чуқурроқ ва аниқроқ англашга ёрдам беради.
Имтиҳондан олдин ўзингизни синов тестларида бир неча бор синаб кўринг ва заиф нуқталарингизни аниқлашга ҳаракат қилинг.
7. Ўқитувчига айланинг
Демак, мавзуни ўргандингиз, юқоридаги усуллар асосида такрорладингиз ва ўзингизни синаб кўрдингиз. Хўш, энди нима қилмоқ керак?
Албатта, ўзлаштирганларингизни бошқаларга ўргатишга ҳаракат қилинг.
Бунда хотира ва ёдлаш қобилияти кескин ошади. Сабаби сиз мавзуни бошқаларга тушунтириб беришингиз учун уни, биринчи навбатда, ўзингиз яхши ўзлаштирган бўлишингиз талаб этилади.
8. Телефонни яшириб қўйинг
Замонавий дунёда смартфонлар энг яқин ёрдамчи экани борасида баҳслашишдан фойда йўқ.
Бироқ имтиҳонга тайёргарлик даврида смартфонлар энг катта чалғитувчига айланиши мумкин.
“Қандайдир муҳим воқеани ўтказиб юборишдан қўрқув” таъсири (Fear of missing out effect) остида ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг “қули”га айланиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Шундай экан, тайёргарликларга киришишдан олдин имтиҳонга қадар телефонни бирон жойга яшириб қўйинг.
9. Камроқ мусиқа, кўпроқ сукунат
Баъзилар мусиқа садоси ёки қулоқчин билан дарс тайёрлашни хуш кўради. Бироқ бу маълумотларни мияда ўзлаштиришга халал бериши мумкин.
Дарс пайти атрофда сукунат ҳукмрон бўлишини таъминлашга урининг.
10. Тоза ҳаво ва бадантарбия
Дам олишсиз ўтган тайёргарлик – бесамар юмуш. Мияга дам бериш, тоза ҳавода сайр қилиш ва баданни чиниқтириш юқори натижа гаровидир.
Тана ва онг бир-бири билан узвий боғланган. Жисмоний машқлар қон айланишини яхшилаб, мияга кўпроқ кислород боришини таъминлайди. Зеро, имтиҳон учун айнан тиниқ онг керакдир.
Табиат қўйнида сайр қилиш эса одамни тинчлантириб, ўзига бўлган ишончни анчайин оширади.
11. Тўйиб ухланг
Имтиҳондан бир кун олдин тиниқиб ухлашингиз зарур бўлади.
Тайёргарлик даврида, имкон қадар, эртароқ ётишга ҳаракат қилинг. Шунда, тўйиб ухлайсиз ва барвақт тура оласиз, кун бўйи режалаштирилган ишларни амалга оширишга улгурасиз.
Ярим тунда ҳолдан тойиб қолсангиз ҳам дарсни охирига етказиб қўйиш одатидан тийилинг. Ишонинг, бундай қатъият билан деярли ҳеч қандай натижага эришмайсиз.
Баъзи вақтларда тун яримдан оғгангача дарсни тўхтатишнинг имкони бўлмай қолиши мумкин. Бироқ, имкон қадар, тунни уйқуда ўтказишга урининг.
12. Хотиржам ва позитив бўлинг
Демак, энди сизда омадга элтувчи бутун бошли қўлланма бор. Юқоридаги маслаҳатларга амал қилиб, муваффақиятга эришинг.
Ўқишга киришда рақобат қанчалик кучли бўлмасин, бу тушкунликка берилишингизга асос бўлмаслиги керак.
Ҳеч бўлмаганда, энди ўз устингизда қандай самарали ишлаш мумкинлигини биласиз.
Асосийси, хотиржамлик ва юқори кайфиятни сақлашга ҳаракат қилинг. Йўқса, соатлаб ўқиганингиз билан бундан бирор фойда бўлмайди.
Ва ниҳоят, охирги ва муҳим маслаҳатлардан бири: имтиҳондан сўнг ўзингизни тақдирлашни асло ёддан чиқарманг.