Нима учун жорий йилда баллар олдинги йилдан бирмунча баланд?

Кўпчилик шу ҳақида фикр билдиришимни сўрашмоқда. Аввало ҳали баллар қай даражада кўтарилган ёки йўқ, буни якуний мандат чиққанда билиб олишимиз мумкин. Чунки ҳозир mandat.dtm.uz сайтидаги кириш баллари якунда бир нечта факторлар (https://t.me/xushnudbek/2799) эвазига бирмунча пасаяди. Қайсидир йўналишда озгина, қайсидир йўналишда яхшигина сезилади бу.

Аммо барибир умумий олганда жорий йилда баллар кўтарилиши мумкин ва менинг шахсий фикримча, бунга қуйидаги омиллар сабаб:

Биринчидан, жорий йилда коллеж/лицей битирувчилари билан бир қаторда мактабларнинг 11-синфини тугатган 300 минг атрофидаги ўқувчилар ҳам ўқишга ҳужжат топширди. Бу ўз-ўзидан балларнинг ошишига таъсир қилади. Яъни ўша 300 минг битирувчининг, ана боринг, 10 фоизи ҳақиқатда билимли аълочилар бўлган деб фараз қилсак, тахминан 30 минг ўқувчи балларни аввалги йиллардан сезиларли ошишига таъсир қилади. Мантиқан олганда ҳам қанча кўп одам рақобат қилса, эҳтимоллар назарияси бўйича улар орасида билимлилар ҳам шунча кўп бўлади;

Иккинчидан, жорий йилда учта йўналишни танлаш имкониятини беришди. Бу балларга таъсир қилишини аввал ҳам айтган эдим. Масалан, ўтган йили Шарқшунослик институтининг “Тарих” йўналишидан 164 балл билан йиқилганлар бўлган. Лекин Андижон давлат университетининг “Тарихига” 100 балл билан ўқишга киришган. Жорий йилда ўша 164 балл олганлар беҳудага куйиб қолишмайди, улар бошқа йўналишларга ўз бали билан керак бўлса бюджетга киришади. Бу эса баллар орасидаги катта тафовутни бирмунча йўққа чиқаради ва балл кўтарилишига ҳам туртки бўлади;

Учинчидан, тестга кирганлар саволлар янада осон ва соддароқ тузилганини айтишмоқда, бу ҳам баллга бевосита таъсир қилади. Шунингдек, саволлар намуналари ахборотнома шаклида ҳамда газетада чоп этиб борилгани ҳам абитуриентлар ишини бирмунча осонлаштирди (кимёдан саволлар алоҳида муҳокама талаб қиладиган масала);

Тўртинчидан, ўтган йили илк марта катта павильонларда янгича тартибда тест ўтказилганди. Ўқишга киритиш индустрияси вакиллари ўтган йили бироз довдиради. Натижада қинғирликлар нисбатан кам бўлди, кўп нарсани ўхшата олишмади. Аммо улар 1 йил мобайнида яхшигина тайёргарлик кўришди, қинғирликнинг янгидан-янги йўлларини ўйлаб топишди ва ўтган йилгидан анча муваффақиятли ишлашганини тахмин қилиш мумкин. Боз устига олдиндан ваъда қилинган бармоқ изларини аниқлаш, мобил алоқани тўсиш қурилмалари кутилганидай ишламади. Айнан мана шу омил ҳам балларни кўтарилишига сабаб бўлади;

Бешинчидан, ўтган йилги тизимдан кейин кўпчиликда ўқишга бўлган ишонч ва иштиёқ бирмунча ошди ҳамда жиддийроқ тайёрланишди, бу эса абитуриентлар савиясининг бирмунча ўсишига таъсир қилди (буниси баллар ўсишига энг кам таъсир кўрсатган фактор бўлса керак).

Хуллас, жорий йилда мана шу омиллар туфайли баллар ўтган йилгидан бироз баландроқ бўлиши кутилмоқда. Лекин яна ҳам энг аниғини якуний натижалар чиққандан кейин билиб олишимиз мумкин бўлади.

Албатта, буларнинг барчаси ИМҲО.

Абитуриентларга оид бошқа хабарлар:
👉 @xushnudbek 👈