AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Бошқаларнинг эътибор ва ҳурматини ҳис қилиш инсонга куч бағишлайди

Халқимизда “Обрў мисқоллаб йиғилади, ботмонлаб тўкилади”, деган ибратли гап бор. Ҳар бир инсон оилада, ишда, умуман одамлар орасида обрў-эътиборли бўлишни истайди.
 
Лекин ҳурматли бўлиш осон эмас. Инсон унга хулқи, тартиб-интизоми, сўзида тура олиши, самимияти, садоқати, меҳнатсеварлиги ва шу каби фазилатлари билан эришади.
 
Ўқитувчининг нуфузи, мавқейи, обрў-эътибори масаласи эса сўнгги йилларда алоҳида мавзуга айланиб қолган бўлса ҳам, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 августда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқейини ошириш бўйича кенгайтирилган видеоселектордаги нутқида раҳбарларга, халқимизга, ёшларга мурожаат сифатида “Ўзбекистонда энг ҳурматли, энг эъзозли инсон муаллимдир!” деб, такрор-такрор таъкидлаши қалбларга ғурур бағишлади. Айтиш мумкинки, Президентимиз ўқитувчиларнинг йиллар давомида пасайган обрўсини сарбаланд қилиб, таълим тизимида янги бир даврни бошлаб берди дейиш мумкин.
 
Бугун нега ўқитувчи мақомини ошириш деган масала кўтарилди? Жавоб оддий – ўқитувчи келажак авлоднинг камолоти, етуклигига масъул шахс, унинг тўғри таълим-тарбияси жамиятнинг келажаги кафолатидир. Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек “Ўқитувчилар келажак бунёдкоридир!” Мамлакатнинг равнақи ўқитувчи ва унинг меҳнатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жамият, давлат ўқитувчига ғамхўрлик қилмоғи, уни рози қилмоғи зарур. Президентимиз барча ҳокимлар, раҳбарларнинг ўқитувчиларни “Сизлаши” зарурлиги ҳақида кўрсатма берар эканлар, биз тингловчилар ўзимизда алоҳида ғурур туйдик.
 
Йиғилишда Парда Турсуннинг “Ўқитувчи” романи каби бадиий асарлар, улар асосида кинофильмлар яратиш вақти етганлигини, бу каби асарлар элимизда ўқитувчи обрў-эътиборининг ортишига омилига айланиши ҳақида кўрсатма берар эканлар, шу романни илк бора ўқувчилик давримда рус тилида ўқиганлигимни, китобни эса оиласида жўжабирдай жон бўлса ҳам, республикамиз марказига малака оширишга бориб қайтганида мен каби китобхон ўқувчилари учун атайлаб сотиб олиб, кўтариб келган раҳматли Бобожон Йўлдошев устозимни эсладим. Раҳматли онамни, бутун умр бошланғич синфларда дарс бериб, кўзларининг нури камайганда ҳам кўзойнак олишни ўйламаган, ногирон фарзандини тарбиялаётган бўлса ҳам, бир дақиқа ҳам дарсидан кечикмаган, ҳаёт учун, биз қизлари учун курашган, қалбимизда ўқитувчилик касбига ҳурмат уйғотган муштипар онамни эсладим. Кўз ўнгимда қишлоқнинг ёзда чанг, қишда тиззадан лой кўчаларидан туфли, этикларига, кийимига ғубор қўндирмай келадиган, юксак маданият намунаси бўлган барча ўқитувчиларим гавдаланди. Қани эди, улар фидойиликлари эвазига бугунги эътиборни кўрсалар эди. Кўплари бу дунёдан ўтиб кетишди.
 
Президентимизнинг чекка ҳудудларда ўқитувчилик билан шуғулланадиган устозларнинг уй-жой муаммосини ҳал қилиш, турли имтиёзлар бериш кучайтирилиши ҳақидаги сўзларини тинглар эканман, иморат қураман, рўзғорни тебратаман деб, оз маош билан қийналиб, мавсумга мос ишларни қилиш учун ишдан бўш вақтда дала ишларидан қўллари қадоқ бўлган. Шундай бўлса ҳам, педагогик технологиялардан орқада қолмасликка интилаётган, қоғозбозлик эзиб ташлаган бўлса ҳам, аттестацияларга абитуриентлардай бўлиб тайёргарлик кўрадиган дугоналарим кўз ўнгимга келди. Уларга ҳайқиргим, жайдаричасига энди даврингиз келди дегим келди.
 
Сўнгги йилларда ўқитувчининг ойлиги сезиларли ошди, энди бу касб эгалари рўзғордан маблағ орттириб маданият масканларида, театрларда ҳордиқ чиқара олади, ўзини маънан бойитади. Бу, албатта,иш унумдорлигига ижобий таъсир қилади.
 
Президентимиз ота-оналарнинг ўқитувчилар фаолиятига ноўрин, асоссиз аралашуви, уларни обрўсизлантиришга интилиш каби ҳолатлар кучайганлигини алоҳида таъкидлади ва бундан кейин оилада устозга ҳурмат-иззатни кучайтириш бўйича “Оила – маҳалла – мактаб” ҳамкорлигини кучайтиришга доир муҳим кўрсатмалари яқин келажакда ўз мевасини бериши аниқ.
 
Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида мени айниқса Президентимизнинг она тилимизга бўлган муносабат ҳақидаги фикрлари жуда руҳлантирди. Сўнгги йилларда инглиз тилини ўқитиш бўйича ҳукуматнинг қатор қарори ижроси таъминланаётган бўлса ҳам, она тили ва унинг методикасини такомиллаштириш бўйича биронта ҳужжат қабул қилинмаганлиги, бунга ҳаракат ҳам бўлмаганлигини ҳақли равишда танқид қилинди. Она тилининг нуфузини орттириш бўйича кенг қамровли ишлар бошлаш зарурлигини алоҳида уқтирдилар.
 
Давлат раҳбарининг таъкидлаганидек, педагогика олий таълим муассасалари олдида эндиликда муҳим вазифалар турибди. Мактаблар билан узвий ҳамкорлик ўрнатиш, профессор-ўқитувчиларнинг мактабларни оталиққа олиб, дарс беришларини ташкил қилиш бўлажак педагогларни саралашга халқ таълими соҳаси учун тайёрланаётган кадрлар сифатининг ошишига, яратилаётган ўқув адабиётларини такомиллаштириш омилига айланиши шубҳасиз.
 
Ш.Йўлдошева,
Нукус давлат педагогика институти доценти, педагогика фанлари номзоди
 
ЎзА