AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

«Сайлов ва ёшлар» мавзусида учрашув кечаси ташкил этилди.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мажлислар залида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Ёшлар каноти” томонидан «Сайлов ва ёшлар» мавзусида учрашув кечаси ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия Қўмитаси девони ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, Нукус давлат педагогика институти ўқитувчилари ва талабалари, партия “Ёшлар қаноти” қошида ташкил қилинган “Ёш сиёсатчилар” ва “Ёш лидерлар” клублари аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокининг асосий шаклидир. Ўзбекистонда амалга оширилган босқичма-босқич ва изчил ислоҳотлар самарасида энг юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, Сайлов кодексида мустаҳкамланган ҳар кимнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими яратилди.

Маълумки, шу йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига — Олий Мажлисга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан жойларда тарғибот, ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Сайловчилар, хусусан, унда илк бор овоз берувчи ёшлар билан ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатларида Сайлов ва унда иштирок этишнинг аҳамияти, сайловчи ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида тушунчалар берилмоқда. Мамлакатимизда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий меъёрларга тўла жавоб берадиган миллий сайлов қонунчилигимиз яратилгани таъкидланмоқда.

Сайлов жараёнида фаол иштирок этиш, овоз бериш натижаси ҳар бир фуқаронинг ўзи учун, овоз бериши мамлакат тақдирига таъсир этишини англаши учун зарур. Зеро, у ёшларга сайлов жараёнларида овоз беришда фаол иштирок этишдек фуқаролик ва ватанпарварлик бурчини юклайди. Сайловларда ёшларнинг иштироки уларни тўлақонли шахс сифатида намоён қилади. Ўзларини жамиятнинг ҳуқуқий аъзолари сифатида ҳис қилишига сабаб бўлади. Сайловга бефарқ қаровчи ёшлар сиёсий ҳаётда иштирок этмаган, демак ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланмаган бўлади.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёшлар, сайловларга юртимиз ҳаётидаги энг муҳим, жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига дахлдор, ҳар бир сайловчи тақдирига таъсир кўрсатадиган сиёсий воқеа сифатида ёндашишлари мамлакатнинг энг катта ютуқларидан бири эканлигини алоҳида таъкидладилар.\