МУАММО ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛДИ

2019 йилнинг 19-22 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекторлари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳудудининг чиқиндилардан тозалиги, санитария қоидаларига риоя этилиши бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганиш ишлари натижасида институтнинг чиқинди тўплаш жойида махсус чиқинди контейнерлари ўрнатилмаганлиги, бу ерда чиқиндилар тўпланиб, атроф-муҳитнинг тозалигига ва санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётганлиги аниқланди.

Нукус давлат педагогика институти чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш ҳамда санитария қоидаларига амал қилиш мақсадида 2019 йилнинг 13 май куни Нукус шаҳридаги «Махсус Диз Тозалаш» МЧЖ билан шартнома тузган. Аммо, «Махсус Диз Тозалаш» МЧЖ томонидан шартнома шартларига риоя этилиши, ундаги кўрсатилган мажбуриятлар бажарилишининг кечиктирилганлиги, чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаганлиги боис 2019 йилнинг 5 ноябрь куни «Тоза ҳудуд» ДУК Нукус филиали билан шартнома имзоланган.

Мазкур шартномага кўра, институтнинг чиқинди тўплаш жойида махсус чиқинди контейнерларини ўрнатиш шартномани бажарувчи томон – «Тоза ҳудуд» ДУК Нукус филиали томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрьдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 787-сон қарорига кўра, чиқинди қутиларини ўрнатиш, ўз вақтида хизмат кўрсатилишини таъминлаш (тозалаш, бўшатиш, ювиш, дезинфекция қилиш ва таъмирлаш) ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тартибда, уларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Бу ҳақда институт ҳудудида ўрганиш ишларини олиб борган Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекторлари институт масъулларига маълумот берган.

Аммо, «Тоза ҳудуд» ДУК Нукус филиали билан институт ўртасида тузилган шартномада бу ўз аксини топмаган, мазкур қарорга асосан шартномага тегишли ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилмаган. Хуллас, институт раҳбарияти, масъул шахслар бу ҳақда ўз вақтида огоҳлантирилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори талабларидан келиб чиқиб, ҳозирги пайтда тўпланган чиқиндилар олиб ташланиб, чиқинди тўплаш жойи ва институт ҳудудида 10 махсус чиқинди контейнерлари ҳамда 50 чиқинди қутилари ўрнатилди.

Институт жамоаси табиат ва атроф-муҳитнинг тозалиги, таълим муассасаси ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларида санитария қоидаларига риоя этилиши борасида намунавий амалий ишларни олиб боришда фаоллик кўрсатишни асосий мақсади, деб ҳисоблайди.

 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати.