ЎзА МИНБАРИ: Олий таълим муассасалари тарбия масканими ёки таълим бизнесининг бир бўлаги?
Юртимиз қадимдан илм-зиё маскани бўлиб келган. Буюк алломаларимизнинг дунёга машҳур шох асарлари халқимизнинг дунё тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси бўлиб, уларнинг кўпчилиги ҳатто ҳозир ҳам амалий аҳамиятга эга. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди Марказий Осиё минтақасида тарихда илм-фан, маданият ўчоғи бўлганлиги боис, илмга интилиш, уни эъзозлаш бу ҳудуд аҳолисининг қон-қонига сингиб кетган. Мамлакатимизда бугун ҳам таълим тизими ва жараёнини тўғри ташкил этиш масалалари давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим вазифа сифатида долзарблигича қолмоқда. Бу борада бир қанча қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ушбу жараёнларни сарҳисоб қилар эканмиз, ҳақли савол туғилади. Хўш, ҳозирги кунда илм маскани бўлган олий таълим муассасаларида амалда аҳвол қандай? Биз университетларимизда фарзандаларимизга муносиб таълим тизимини ярата олаяпмизми?
Ҳозирда Ўзбекистонда юздан ортиқ олий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Улар ичида етакчи хорижий университетларнинг филиаллари ҳам бор. Бундан ташқари, юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчиларга эга маҳаллий университетлар ҳам кам эмас. Шу жойда бир-бирига уланиб кети узилмайдиган мажлисларда ҳаммамиз қўллашга ўрганган иборани эсладим. Ютуқлар ўзимизники, қандай камчиликларимиз бор?
Кўпчилик олий таълим муассалари учун хос бўлган ҳолатларни эслашга уриниб кўрамиз. Биринчидан, ўқув машғулотлари ҳар доим ҳам амалиёт билан боғланмаганлиги сабабли амалиётга тайёр мутахассисларга университет дипломларини топширяпмиз дея олмаймиз. Бу муаммо ечимини тиббиёт, техника, текстиль, кимё технологиялари каби соҳаларда ечиш унчалик қийин эмас. Бу йўналишдаги ОТМларимизда муаммонинг ечими тўғри йўлга қўйилганини ҳам биламиз. Аммо ижтимоий-гуманитар соҳаларда назаримизда, бир оз оқсаш сезилади. Биз бу соҳаларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тайёр маҳсулот олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишнинг ўзи мураккаб жараён эканлиги билан ўзимизни оқлашимиз мумкин, албатта. Аммо ривожланган давлатлар тажрибаси ижтимоий-гуманитар соҳаларда бозор механизмларини қўллаш имкониятлари кенглигини кўрсатади. Қолаверса, бугунги кунда баъзи соҳаларда амалиёт назариядан анча илгарилаб кетган, баъзиларида эса аксинча амалиёт бор, аммо назарий асослар етарлича ўрганилмаган.
Иккинчидан, ОТМларда ўқув машғулотлари турли сабаб ва омилларга кўра ҳар доим ҳам сифатли ўтилмайди. Дарс сифатини таъминловчи энг муҳим омил бу – ўқитувчининг билими бўлиб, иккинчи омил бу – ушбу билимларни талабага мавзуга ва фанга мос усулларни қўллаган ҳолда етказиб бериш маҳоратидир. Ўқитувчининг педагогик маҳоратини таъминловчи муҳим воситалардан бири эса – бу унинг дарс машғулотини олиб бораётган ҳар бир гуруҳига мос психологик ёндашувда иш олиб боришидир. Педагог олимларимиз ўқитувчининг педагогик маҳорати, энг аввало, унинг йиллар давомида тўплайдиган шахсий тажрибасидан келиб чиқиши, ҳар бир ўқитувчининг ўзига хос тарзда дарс ўтиш методикаси бўлишини таъкидлайдилар. Шу ўринда таълим тизимида умумэътироф этилган қоида ва талаблар мавжуд бўлишига қарамай, “ҳаммага мос тушадиган намунали дарс машғулоти модели”ни яратишнинг имкони йўқлигини таъкидлашни истардим. Ҳар қандай соҳадаги ОТМ дарс машғулотларининг сифатини кўтариш учун энг аввало – ўқитувчиларнинг фаолиятини маълум шаклга солишдан воз кечиш, уларга қўйилаётган ортиқча қоғозбозлик билан боғлиқ тазйиқларни камайтириш керак. Ушбу жараён кўп ҳолларда ўқитувчининг дарс машғулотларига бўлган ижодий ёндашувини сусайтиради, натижада ўқувчи-талабалар азият чекади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда педагогик фаолият ижодий фаолият сифатида тан олинмаса-да, ўқув машғулотларига тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёни унга ижодий ёндашувни талаб қилиши аниқ. Қолаверса, замон талабаларига жавоб берадиган ўқитувчилар, албатта, ахборот коммукация-технологиялари ва хорижий тилларни ҳам мукаммал билиши керак. Ҳозирда олий таълимдаги илмий салоҳияти юқори, тажрибали ўқитувчиларимиз асосан катта авлод вакиллари бўлганлиги боис улар ичида хорижий тилларни мукаммал биладиганлари нисбатан озчиликни ташкил этади. Хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ёшлар эса ҳали катта тажрибага ва илмий салоҳиятга эга бўлиб улгургани йўқ. Ҳар ҳолда бу менинг шахсий кузатувларим натижасида келган хулосам. Бу масаланинг ечими эса, назаримизда ҳар икки тарафда ётади.
Учинчидан, қатор университетларимизда ҳозирда талабаларнинг мустақил таълимини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда талабани фан ёки мавзуга оид мавжуд ахборот базаси билан таъминлашдан кўра унинг аналитик фикрлаш қобилиятини ривожлантириш муҳим саналади. Ушбу тизимнинг энг муҳим ижобий томони шундаки, бу тизимда таҳсил олган битирувчи бутун меҳнат фаолияти давомида ҳар қандай муаммоли вазиятнинг ечимини мустақил қидириб топиш кўникмасига эга бўлади. Мустақил таълим тизимининг ўзига хос педагогик ёндашувлари ҳам мавжуд. Аслида фанда вояга етган шахсларга таълим бериш “андрагогика” деб аталади. Яъни андрагогикада талабани ўқув жараёнига мослаштириш (адаптация), билимини бойитиш (компенсация), уни ривожлантириш муҳим функциялар саналади. Тўғрисини айтсам, 2003 йилдан бери олий таълим тизимида фаолият олиб бораётган ўқитувчи сифатида мен ҳозирда мавжуд муаммони шунда кўраманки, фарзандаларимиз мактаб, лицей, коллеждан мустақил таълимга етарли даражада тайёргарликсиз кириб келмоқда. Мен бу фикрим билан халқ таълими тизимини муҳокама қилиш фикридан мутлақо йироқман. Бу жараён комплекс иқтисодий-ташкилий чоралар тизимини ўз ичига олиб, ушбу йўналишда тегишли вазифалар амалга оширилаётганлигидан барчамиз хабардормиз. Шунчаки таълим тизимидаги “узлуксизлик принципи”ни таъминлаш ўта муҳимлиги эслатмоқчиман, холос.
Тўртинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг академик эркинлигини ошириш, уларнинг илмий-татқиқот фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак. Минг афсуски, маҳаллий ОТМларнинг профессор-ўқитувчилари ҳаддан ташқари кўп ҳужжатлар билан ишлашади. Дунёга машҳур Оксфорд университетининг профессори, Саймон Марджинсон «Коммерсантъ Наука» журналига берган интервьюсида “олий таълим муассасаси ўқитувчиси ҳам таълим жараёнида, ҳам илмий ишларни амалга оширишда тенг имкониятларга эга бўлиши керак. Ўқитувчилар ўзларининг тадқиқот натижаларини ёш авлодга қолдиришлари ниҳоятда муҳим. ОТМ фаолиятида аниқ натижаларга эришиш учун нафақат ўқитувчилар, балки талабалар ҳам масъул бўлишлари керак. Акс ҳолда кутилган натижа рўй бермайди. Энг муҳими, профессор-ўқитувчилар доимий назорат ва текширувлардан холи бўлишлари лозим” дейди. Назаримизда, бу йўналишда АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Сингапур давлатлари етакчи ОТМларининг ижобий тажрибаси таҳсинга сазовор.
Бешинчидан, университетларимиз битирувчиларининг иш билан таъминланиши кўп жиҳатдан маҳаллий ОТМларнинг дунё миқёсида нуфузини ошириш билан боғлиқ. Бунинг учун қандай ишларни амалга оширишимиз зарур?
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, етакчи хорижий ОТМларнинг аксарияти “Университет 3.0” концепцияси асосида ишлайди, яъни ОТМ бир вақтнинг ўзида таълим бериш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш йўналишларида фаолият юритади. Ўзбекистоннинг аксарият ОТМларида биринчи ва иккинчи йўналишлар йўлга қўйилганига қарамасдан, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш вазифаси етарлича йўлга қўйилмаган. Қолаверса, университетларимизда зарурий чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилиши орқали улар Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities каби рейтингларда муносиб ўринга эга бўлиши зарур. Минг афсуски, бундай ОТМлар ҳозирча бармоқ билан санарли. Юқорида қайд этилган рейтингларга киришда Web of science, Scopus/ScienceDirect каби маълумотлар базасида индексация қилинган илмий журналларда мақолалар чоп этиш шарти белгиланган. Профессор-ўқитувчиларимиз бундай журналларда илмий мақолалар чоп этиш билан бирга, тегишли нашриёт ва хусусий сектор вакиллари мавжуд маҳаллий журналларни бундай маълумотлар базасига киритиш бўйича тегишли чораларни амалга оширишлари зарур. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, Tadqiqot.Uz илмий лойиҳаси бу борадаги ишларни бошлаб юборди. Аммо келажакда бу йўналишда фаолият юритувчи аутсорсинг компаниялари сонининг кўпайиши улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келишига олиб келади ва илмий ҳамжамият ривожига хизмат қилади. Бундан ташқари, мамлакатимиз олимларининг дунё ҳамжамиятига танилишида уларнинг дунё рейтингида тан олинган маълумотлар базасига киритилган журналларда эълон қилинган мақолаларини бошқа олимларнинг ўрганиши ва ўз илмий ишларида уларга иқтибос келтириши ниҳоятда муҳимдир. Чунки ахборот технологиялари ниҳоятда ривожланган ва глобаллашув, интеграциялашув жараёнлари кечаётган ҳозирги даврда чоп этилган манбаларга нисбатан электрон манбалардан фойдаланиш анча, қулай, осон, тезкор ва иқтисодий жиҳатдан тежамкордир. Бундан ташқари, айнан ушбу кўрсаткичларни кўтариш йўли билан хорижий фуқароларни маҳаллий университетларимизга ўқишга жалб қилиш жараёни осон кечади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, илмий мақолаларнинг оммабоплиги бўйича АҚШ дунёда биринчи ўринни, Хитой эса иккинчи ўринни эгаллайди. Россия Федерациясининг бу борада имкониятлари бир оз чекланганлини мутахассислар ушбу мамлакат олимларининг асосан рус тилида илмий изланишлар олиб бориши билан асослашади. Демак, татқиқотчиларимизнинг хорижий тилларни, айниқса, инглиз тилини академик даражада ўрганишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Масалан, сўнгги йилларда Нидерландия, Скандинавия давлатларида университет маъмуриятининг давлат органлари билан ўзаро ишончга асосланган яқин ҳамкорлигини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу давлатлар ОТМларида иқтидорли ёш татқиқотчиларга кўпроқ эркинлик берилади.
Олтинчидан, мамлакатимиз миқёсида ОТМ томонидан ёшларни қамраб олиш даражасини ошириш зарур. Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида бу масала белгиланган бўлиб, унда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларнинг олий таълим билан қамров даражасини ошириш, улар учун инфратузилмага оид шароитларни яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган.
Ривожланган давлатларда ёшларнинг ОТМлар билан қамраб олиниш даражаси 60 фоиздан, баъзиларида эса ҳатто 70, 80 фоиздан юқорисини ташкил этади. Бизда эса мавжуд ҳолат бўйича мамлакатимиздаги ОТМлар ёшларимизнинг 50 фоизини ҳам қамраб ололмаяпти. Шу сабабли жуда кўп ёшларимиз олий маълумотли бўлиш учун хорижий давлатларга боришмоқда. Фарзандларимиз чет элда ўқиса, бунинг нимаси ёмон дейишингиз мумкин. Агар улар ҳақиқатдан ҳам нуфузли университетларда ўқиб, келажакда олган билимларини Ватан равнақи учун ишлатишса нур устига аъло нур, лекин минг афсуски, фарзандларимизнинг кўпчилиги ҳатто ўзи жойлашган давлатда обрўси йўқ ОТМларда ўқишяпти. Ота-оналар эса ўз маблағларини хорижий давлатлардаги сифатсиз таълим учун берилаётган дипломларга тўлаяпти.
Еттинчидан, ҳар бир ОТМ ўзининг таълим йўналишидан, соҳасидан келиб чиққан ҳолда таълим тизимида ҳақиқий бозор механизмларини қўллаш чораларини кўриши керак. Назаримизда, бунга қуйидаги йўллар билан эришиш мумкин: ОТМнинг модуль-кредит тизимига тўлиқ ўтиши, талабаларнинг ўқитувчи ва фанни танлаш имкониятининг таъминланиши, университет миқёсида кафедралар, профессор-ўқитувчилар рейтингининг аниқланиши, меҳнат шартномасида ўқитувчи мажбуриятларининг тўлиқ кўрсатилиши, (яъни анъанавий тарзда ҳозирда бир ўқув йили учун бир штатдаги ўқитувчига юкламада ажратилган 1540 соатдан воз кечиб, ОТМ соҳавий йўналиши ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ўқитувчига аниқ натижадорликка қаратилган вазифаларни юклаш), талабалар ўртасида мунтазам сўровномалар ўтказилиши ва бошқалар. 2020 йил январь ойидан бошлаб мамлакатмиздаги 10 та ОТМ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтяпти. Бу жараён бозор иқтисодиёти қонуниятлари асосида янада ривожлантирилиши зарур. Ушбу жараён ҳар бир профессор-ўқитувчининг ўз устида доимий ишлашига туртки бўлади, деб ўйлаймиз. Чунки, тўлов-контракт асосида ўқиётган талаба бозор қонуниятлари бўйича истеъмолчи саналиб, унинг истеъмолчи сифатида сифатли таълим олиш ҳуқуқи ОТМ томонидан кафолатланиши зарур. Сифатли таълим эса ОТМ маъмурияти ва профессор-ўқитувчилар жамоасининг саъй-ҳаракатлари билангина таъминланиши мумкин.
Саккизинчидан, баъзи ОТМ ларида ҳанузгача коррупциянинг турли кўринишларини учратиш мумкин. Улар ҳар бир ОТМда турли кўринишларда учрайди. Барча ОТМлари бундай иллатга қарши аёвсиз кураш олиб бориши керак. Бунга эса фақат коррупциявий омилларни қўллаш имконини рад этувчи механизмларни қўллаш орқалигини эришиш мумкин. Дунёдаги нуфузли ОТМлари фақат мана шундай самарали механизмларни қўллаш орқалигина кутилган натижаларга эришишган. Бунда очиқлик, шаффофлик ва холислик каби хислатлардан ташқари ҳар бир профессор-ўқитувчининг ўз касбига бўлган садоқати, меҳнатига виждонан ёндашиши ҳам муҳимдир. Давлат даражасидаги коррупцияга қарши кураш тадбирларининг аҳамияти катта албатта, лекин ОТМларида кўпроқ ҳар бир муассасанинг локал даражадаги чора-тадбирлари амалий натижалар келтиради.
Бундан ташқари, маҳаллий ОТМлар халқаро ва маҳаллий грант лойиҳаларида иштирок этиши, турдош соҳалар билан ҳамкорликда аниқ натижадорликка қаратилган турли илмий лойиҳаларда биргаликда қатнашиши, манфаатли халқаро алоқаларни мустаҳкамлаши, маҳаллий ОТМлар билан ўзаро тажриба алмашиши, ижобий тажрибани кенг ёйиши, бутун илмий жамотчилик ҳамкорликда маъмурий буйруқбозлик каби жамият ҳаётида ҳанузгача чуқур илдиз отган иллатга қатъий кураш олиб бориши зарур.
Зеро, жаҳон цивилизациясининг ҳозирги ривожланиш даражаси соҳа мутахассисларининг чуқур билим ва малакага эга бўлишини талаб қилмоқда. Бу эса олий таълим тизимига тор ихтисосликларга асосланган янгиликларни тезликда ўзлаштириш, уларга мослашиш лаёқатига эга кадрларни етиштириш талабини қўяди. Бундай машаққатли йўлда барча профессор-ўқитувчиларимизга метин ирода тилаб қоламиз.
Гўзал УЗОҚОВА, Тошкент давлат юридик университети
Экология ва аграр ҳуқуқи кафедраси мудири,
юридик фанлари номзоди, доцент.
ЎзА
***
ЭСЛАТМА: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги www.uza.uz сайтида “ЎзА минбари” рукни ташкил этилган. Агентликка келаётган мурожаатлар, ариза ва шикоятлар, фикр-мулоҳазалар, билдирилаётган таклифлар асил ҳолича, жузъий таҳрирлар билан эълон қилинади. Таҳририят фикри муаллиф нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин. ЎзА минбарида бериладиган материалларнинг холислиги ва уларда келтирилган маълумотларга муаллифнинг ўзи жавоб беради.