AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

ИЛМУ МАЪРИФАТНИ ҚАДРЛАГАН ЮРТ

Ҳар бир янгилик қаршисида тўхтаб туриб, унинг нима эканлигини билишга қизиқамиз, моҳиятини англашга ички бир эҳтиёж сезамиз. Бугун ана шундай янгиликлар қаршисида тин олиб, “бу мен учун қандай манфаат беради?” дейдиган замондош инсонки бор, ўзига-ўзи ҳисоб беради. Таҳлил қилади. Кечаги кунининг қандай ўтганини-ю, қандай хатоларга йўл қўйганини теран англайди.

Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ўзининг яшовчанлиги билан жамият ҳаётидаги узил-кесил ўзгаришларга катта йўл очиб беришга қаратилгани қувонарлидир. Бироқ уни амалда бажариш эса ҳар бир зиёли, шу юртда яшаётган комил фуқаронинг масъулиятли вазифасидир. Биз ана шу томонда туриб, жипслашсак, имкон қадар ёрдам берсак, умумий манфаатларимизга катта ҳисса бўлиб қўшилиши табиий.

Мурожаатномадаги келтирилган далиллар, мақсадлар, режаларнинг шахсан ўзимнинг соҳамга тегишли бандларидан кўлимда илҳом ва завқни туйдим. Ахир, илм – бу яратувчанлик, кашф қилиш, изланиш, ўз соҳасига жонини фидо қилишдир. Шу муқаддас заминда яшаётган одамларга Президент йўллаган таъкидлар, режалар, аниқ чора-тадбирлар ўйлайманки, илҳом бағишлайди. Буюк ҳадис илмининг пешвоси Имом Бухорий бобомизнинг муборак китобларида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмағай” деган пурмаъно ҳадис келтирилади. Айнан ушбу ҳадиснинг бугунги кундаги биз ва иқтидорли талаба-ёшларимизга келгусида бажариши лозим бўлган изланишларга беминнат куч-ғайрат бағишлаши шубҳасиз. Ҳар қандай давлатнинг мустаҳкам пойдевори – илм, маърифат орқали бунёд этилади. Биз ана шундай буюк илмга эга, ҳар қандай соҳада қомусий билимларни яхлит олиб борган алломаларнинг авлодларимиз.

Биргина ҳаётий мисолни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. 2012-2016 йиларда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга бўлган “сунъий тўсиқлар”ни ўйлаб топган ватандошимизга савол билан юзланамиз: бу катта хатони ким гарданига олади? Хўш, Сиз чиндан ҳам бизга дўстмидингиз? Ўша фармон ва қарорни ижод қилувчилар ҳозир ҳам орамизда юрибди. Бироқ ана шу 5 йиллик илмий жабҳадаги йўқотиш ватанимизни кўпгина манфаатлардан маҳрум қилди. Яна умид тўла кўзларимиз Яратгандан сўралди. Бизга ана шундай “азму шижоатни” қайта илҳомлантирган, “Янги Ўзбекистон”нинг янги тарихини яратишга қодирлигимизни яна бир бор ишонтирган, юрт раҳбарининг Мурожаатномасида қилиниши лозим бўлган ишлар, режалар аниқ белгилаб берилди. Ҳақиқатдан ҳам, Ватанимиз тарихига назар ташласак, илк уйғониш давридан то шу кунга қадар олиб борилган илм соҳасида бўладими, маърифат соҳасида бўладими, маънавият соҳасини олиб кўрмайлик – барчасида узоқни кўзлаб қилинган пухта билим билан яратувчанликни кўрамиз. Бу нимадан далолат беради? Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек: “Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли БУЮК ХАЛҚМИЗ”.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да олиб бориладиган илмий-тадқиқотларга, маърифий соҳадаги ишларимизга куч-ғайрат ато қилсин. Биз ана шундай энг эзгу ишларимизни бу йил ҳам давом эттириб, ўз соҳамизга янги-янги ғояларни мақсадли амалга оширишимизда бир-биримизга елкадош бўлиб, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ишончини оқлаймиз.

 

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа педагогика факультетининг ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.