Селфимания ёхуд руҳ экологияси

Маънавият
 

Бундан ўн йиллар илгари ёшлар (ўзимиз ҳам ўша пайтлари юрагимизда шижоат айни барқ урган кезлар эди!) телефон у ёқда турсин, чекка-чекка ҳудудларда меҳмонда бўлганимизда расмга туширадиган бирорта сураткашни учратиш маҳол денг. Қишлоғимизда бир-иккита сураткаш бўлса бордир, у ҳам қўшни қишлоққа қараб “пул” ишлашга кетарди. Қуйи қишлоқ билан юқори қишлоқнинг ораси беш чақирим. Шундай бўлса-да, Наврўз ва бошқа сайлларда сураткашни байрам тугагандан кейин ҳам илҳақ бўлиб кутар эдик… 

Энди бу воқеаларни бугуннинг ўн беш­­-ўн олти ёшлардаги ўғил-қизларига айтсангиз ёки эшитса, худди эртакдек бепарво қараб ўтишади. Бироқ ҳар қанча “эртак” туюлмасин, масаланинг таг-замирида нима борлигини ҳам билиб қўйган яхши. Япон мутахассислари 2020 йил охирига бориб 18 ёшга тўлганлар орасида саратон хасталигига чалинганлар сони ошиб кетишини тахмин қилишмоқда. 

Дарвоқе, ривожланган давлатларда телефон, расмга тушиш, видео тасвирларнинг одамзод соғлиғига таъсири долзарб муаммоларнинг бирига айланиб улгурди. Дарҳақиқат, улар учун булар ҳеч қандай ҳайрат саналмайди. Кийиниш, ҳар хил тақинчоқлар тақиш, тана аъзоларига татуировка ёздириш, имижларни ўзгартиришга шунчаки “оддий юмуш” деб, қарашади. Бизда эса миллий қадрият ва анъаналаримизга содиқ қолган ҳолда оилада, дарс машғулотларида “имиж”ларга меъёр билан қаралади, баъзиларига чекловлар ҳам қўйилган. Демак, кийинишу юриш-туриш, расмий йиғинлар дарс машғулотларидан ташқарида ҳар кимнинг ўз шахсий ишидир, деб қараймиз. Чунки у сайлга, зиёратга, саёҳатга ёки бошқа бир маданий дам олиш масканларига йўл олмоқда. Кўз олдингизда рўй бераётган “антиқа” одатларни “мода” деб қабул қилиш, унга “бепарво” қараб ўтиш қалбингиздаги ҳайрат туйғусини ҳам пармалаб ташламоқда… 

Бугунги кунда дунёда шундай руҳий хасталик авж олиб бормоқдаки, буни фанда “селфимания” деб аташади. “Selfi” сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, “мафтун бўлиш, ўзини севиш” деган маъноларни англатади. “Мания” эса хасталикдир. Демак, “селфимания” сўзининг моҳиятида виртуал оламга муккасидан кетган истеъмолчининг бугунги қиёфасини тушуниш мумкин. Қиёфа эса шахснинг баркамоллигини, тарбиявийлигини, одоб ва билимли эканлигини ҳам англатади. Қиёфанинг ўзгариши, замон билан бирга бўлишга интилиши натижасида “селфимания” хасталиги келиб чиқади. 

Яқинда учта воқеанинг гувоҳи бўлдим. Самарқанд шаҳрининг зиёратгоҳ жойларини айланаётган юртдошларимиз орасида хорижлик сайёҳлар ҳам бор бўлиб, улар “ўз-ўзига” мафтун бўлиб бораётганини намойиш қилишмоқда эди. 

Биринчи воқеа: Дониёл пайғамбар мақбарасига кираверишда анҳор устидаги кўприкда икки-учта қизча қўлларига “селфи” таёқчаларини олиб, алоҳида-алоҳида расмга тушишмоқда. 

Иккинчи воқеа: Амир Темур мақбараси олдида бир гуруҳ талаба-ёшлар “селфи” таёқчаларига телефонларини ўрнатишиб, тинимсиз расмга тушишарди. Уларнинг зиёратга келишдан мақсади “ўз-ўзига” мафтун бўлиб, турли хил расмларга тушиб, ижтимоий тармоқларда дўстларига улашиш, бирга кўнгил ёзиш учун қилаётгани шундоқ ҳаракатларидан сезилиб турарди. Уларни бошлаб келган ўқитувчисининг ҳам гапларига қулоқ солмай, фақатгина ўзлари билан ўзлари овора эди. Тарихий маълумотларни ўз кўзлари билан кўриб, ўрганиб, муайян билимларга эга бўлишдан ҳам муҳимроқ иши уларни ҳайратга солаётган “селфи” таёқчалари ва ундаги телефон эди. 

Учинчи воқеа Шоҳи Зинда қабристонида бўлиб ўтди. Бошқа вилоятлардан келган ёш-ёш ўғил-қизлар бу ерда ҳам “селфи” таёқчаларини олиб, энг сўнгги русумдаги телефонларда расмга тушишар, мақбара ва қабрлар кимларга тегишли, у ерда қандай улуғ инсонларнинг хоки ётибди, сира қизиқмасдилар. Фақат виртуал оламга тезроқ чиқишга, суратларни намойиш қилишга бўлган интилишлари шундоқ юз-кўзларидан, ўзаро муомалаларидан аниқ-тиниқ сезилиб турарди. 

“Руҳ экологияси” бу ном Ғарбу Шарқни бирдек ташвишга солмоқда. Ҳозирда табиий офатлардан ҳам кўра одамзодни жиддий ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан бири инсон руҳий дунёси билан бевосита боғлиқ. Булар: тобелик, мутелик, қарамлилик, лоқайдлик, бепарволикдир. Тобелик ижтимой тармоқларга муккасидан кетиш, онгу тафаккурини унинг ташвиши билан ўйлашга ундаши, мутелик ва қарамлилик энг ёмон иллатлардан бири бўлиб, киши унда ўзини эркин ҳис қилолмайди, кўнгил ва юраги доим иккинчи ва бошқа шахснинг бевосита бошқаруви остида фаолият юритади. Лоқайдлик ва бепарволик натижасида ўз тинчлигига хавф туғдирадиган турли хил ғоявий иллатларнинг асирига айланади.

“Селфимания” хасталаги билан оғриган одамларда сабр ва тоқат деган нарса аста-секинлик билан асабийликни юзага келтиради. Шунингдек, ўзидан бошқани тан олмаслик, ўзини ўта билимли ва ақлли кўрсатиши, оила ва ишхонасида, ўқув муассасаларида “мендан зўри йўқ” деган нотўғри қарашларнинг гирдобига шўнғиши ҳам тушунилади. Ўртада аҳилликка, одамийликка, бағрикенгликка путур етади. “Ўз юрагидан ташқарига бадарға қилинган одамнинг роботдан фарқи қолмаганидек”, ўз ҳиссиётларини ўткинчи туйғуларга алмашган, фақат қалбу шуурида битта тушунча “мен”нинг устуворлиги ҳам инсонни фикрлашдан, онгли равишда мулоҳаза юритишдан маҳрум қилади. 

Бугунги дунё тамаддуни виртуал дунёнинг юзага келишида, янада ривожланишида, ҳиссиётсиз қалбларни “кашф” этишда, фақат зарарли оқибатларга, руҳий муаммоларни юзага келтиришда муайян таъсирини ўтказиб келмоқда. Виртуал дунёнинг ичига кирган истеъмолчи ўз “мен”и билан овора. Унинг наздида “дунё бир марта яшаб ўтиладиган манзил”дир. 

Умуман, ёшларга буларни ўз вақтида тушунтириш, оилада ота- онанинг зиммасидаги энг катта масъулиятли вазифа саналади. Ўқув даргоҳларида уларнинг “мания” гирдобига кириб кетмаслигига, виртуал олам ва ташқи дунёнинг ҳавасларини теранроқ англатишга фидойи устозлар томонидан тушунчалар бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Асосан, мактаб, коллеж ва лицейда таҳсил олаётган ўқувчи ёшларда “мания”га таслим бўлиш кўп кузатилади. Психологларнинг таъкидлашича, бола ўзининг қизиқишларининг изидан эргашади, унинг учун бошқа эҳтиёжларнинг бирламчи хусусияти йўқ, шу боис, ёшларга бу ҳақда кўпроқ тавсиялар бериб бориш фойдалидир. 

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.