Институтда «газета-журналларга мажбурий обуна бўлиш ҳаракатлари содир бўлаётганлиги» тўғрисидаги пост бўйича
«Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Халқ назорати – Народный контроль» ижтимоий гуруҳида «Нукус давлат педагогика институтида ишлаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошидан 250 минг сўмдан даврий нашрларга мажбурий обунага ушлаб қолинаётгани» тўғрисида пост чоп этилди.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида даврий нашрларнинг мажбурий обунасини ташкил этиш ҳаракатлари йўқ эканлигини маълум қиламиз. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бундай мазмундаги хабарлар асоссиздир.
Нукус давлат педагогика институти даврий нашрлар – газета ва журналларнинг мажбурий обунасини ташкил этишга мутлақо қарши бўлиб, бундай ҳолатларга қарши кураш ва олдини олиш мақсадида институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва бошқа ходимлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилган. Агар институтда газета-журналларнинг мажбурий обунаси ҳолатлари аниқланса қонун доирасида кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Шу билан бирга, шу каби мажбурий обунани ташкил этиш ҳолатларига дуч келганда институтнинг +99861 2294062 ишонч телефон рақамига ёки институт раҳбариятига мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилган.
Профессор-ўқитувчилар ўзларининг илмий ишлари, мутахассислиги ва қизиқишларига кўра, ҳеч қандай мажбурий ҳаракатларсиз, ўзлари танлаган даврий нашрларга обуна бўлди. Обуна мавсуми 2019 йил 25 декабрь кунидан эътиборан тўхтади.
Шу билан бирга, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар ўртасида илмий-бадиий китоблар ва даврий нашрларни мутолаа қилишни тарғиб қилиш, ижодкор ёшларни рағбатлантиришга йўналтирилган ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди, аммо, ҳеч кимни даврий нашрларга обуна бўлишга мажбурламайди.
Агар даврий нашрларга мажбурий обуна бўлиш билан боғлиқ ҳолатларга дуч келсангиз институтнинг +99861 2294062 ишонч телефон рақамига ёки институт раҳбариятига мурожаат қилишингиз мумкин.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати