НАВОИЙ ИЖОДИ ВА ҲОЗИРГИ АДАБИЙ ЖАРАЁН

Азал-азалдан Шарқ халқлари бадиий солномасида достонлар ўзига хос ўрин тутади. Бу камолот пиллапоялари сари илдамлаётган шахс ботиний дунёсини теран англашга, ўзлигини англашга, қадрият тушунчасини янада яхшироқ билишга муҳим манба бўлиб хизмат қилиши тайин. Шу маънода улуғ сўз санъаткори Алишер Навоий поэтик дунёсида ўзига хос ҳалқани ташкил этувчи “Лисон ут-тайр” достони ҳам фикримиз ёрқин далилидир. Достон сюжет ва композициясида аксланган фалсафий идрок борлиқ синоати ва ундаги мавжуд муаммолару масалалар мудоми ўқирман диққатини жалб қилмоқда. Бунинг сири нимада каби ҳақли савол туғилиши табиий. Навоий ушбу муаззам асарини ёзишда устози Фаридуддин Атторнинг “Мантқ ут-тайр” достонидан иҳломланганини фахр билан тилга олади. Демак, ўз навбатида достоннинг умрбоқийлиги, авлодлар тафаккур миқёсларини кенгайтиришга беминнат хизмат қилаётгани бугунги кун ўқувчисини ҳам ўйлашга ундаши шубҳасиз. Бу ҳол жорий кун насрида ҳам кўзга ташланади. Буни мазмуний қиёлаш ва солиштиришлар орқали таҳлил қилиб кўрамиз.

Малумки, эпик кўламдорлик турли шаклу шамойилга эга қушларнинг ўзга манзилларга қараб сафаридан бошланади. Бу сафар шунчаки оддий сафар эмас. Моҳиятан бахт ва саодат манзиллари томон шошилаётган парранадаларнинг жамики мақсади битта – тинч ва фаровон, осайишта ҳаёт кечиришни ўйлаганида қабариб кўринади. Бу тушунча Навоий наздида нафсни енгиб ўтишга мантиқий урғу берганлигида қабариб кўринади.

  Шу маънода, ҳозирги ўзбек романчилигида фаол ижод қилаётган адиблардан бири Исажон Султоннинг “Озод” романида ҳам “Лисон ут -тайр” досонидаги фалсафий-рамзий талқин ранго-ранглигини кузатамиз. Демак, роман тўлақонли “йўл ва йўловчи” қаҳрамонларини ёдимизга солади. Адабиётшунос У.Жўрақулов шундай ёзади: “Лисон ут-тайр”нинг асосий хронотоп чизиғи инсон ботини – олам ул-акбар билан боғлиқ. Шу маънода “Лисон ут-тайр”, баъзи тадқиқотларда қайд этилганидек, на қушлар, на муршид ва солик муносабати ҳақида, на болаларга қарата ёзилган асар, балки чексизлик ичра ўзини қидираётган, мавжудиятидан маъно излаётган, комиллик, Яратганнинг жамоли сари сафарга чиққан  з о к и р (зикр қилаётган сўфий)  ҳақидаги асардир. “Лисон ут-тайр”нинг асл моҳиятида  УЛУҒ  ВИСОЛга етишув   сирлари яширин”(У.Жўрақулов. Назарий поэтика масалалари. –Т., 2016. 56-б.). Дарҳақиқат, “Лисон ут-тайр”да гарчи қушлар тимсолида УЛУҒ ВИСОЛга эришиш машаққатлари ва йўллари аниқ манзиллараро инсоннинг ичидагина кечувчи, хаёлоти билан шу қадар уйғунлашиб кетганки, ундан ҳар биримиз (ҳиссий идрок) аста-секин тушуниб борамиз. Ёзувчи Исажон Султон бадиий талқинларида бот-бот УЛУҒ ВИСОЛга эришишга мантиқий урғу берилади:

“Ниҳоят, ғалати бу макон, унга қўшилиб Учёнғоқ ҳам тўзон аро қолиб кетди, улар бошқа бир даштга чиқиб қолдилар. Бир даштки, поёни йўқ, англамсиз ҳайвонлар судралиб юрар эдилар.

– Энди сен фано даштидасан, – деди шамол. – Бу ерга етиб келганлар жуда оз, саноқли киши холос. Ана, бири кетиб бормоқда. У шу қадар муборакки, биронта ҳайвон даф қилишга ботинолмайди, билъакс, қаршисида йўл бўшатишади, теграсида тўпланиб, музтар-музтар, илинжли ёлворишади.

Бу кишининг юзини кўриб бўлмас, қўлида асо, кимсасиз, жонли не борки барини ютгувчи шу дашт аро қайгадир шитоб кетиб борар, ортидан кичкина ва хунук бир кучук эргашар эди. Озод диққат билан қараб, унинг Учёнғоқдаги кучук эканини кўрди”(И.Султон “Озод”// Шарқ юлдузи. 127-б.).

Маълумки, роман композициясида улуғ сўз санъаткори Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони ифода хусусиятларига хамоҳанглик сезилади. Навоий инсон нафсини жиловловчи ва ўз бахтига муяссар бўлишидаги бир нечта босқичларни босиб ўтиши лозимлигини қушлару ҳайвонлар тимсолида ойдинлаштирган эди. Ёзувчи бу ўринда Озоднинг шамол етовида Фано даштига қадам қўйганини, кўрган-кечирган саргузашатларида Муборак зотнинг дунёни-ю, уни йўлдан оздирувчи нафсини хунук бир кучук каби эргашиб юришини, нафсни енгиб ўтганини талқин марказига йўналтиради. Фано даштиаро кезинган Муборак зотнинг ўтмиши ва келажаги, айни дамдаги куч-қудратга тўлиб турганини англаган қаҳрамон табиатида ўзгаришни пайқаш мумкин. Характернинг саргузаштларни ойдинлаштиришда зиддиятнинг ўрни беқиёс. У ҳар бир тушунчага ўз изоҳини бериб боради. “Турли макон ва замонда кечувчи фрагментлардан бир бутунлик ҳосил қилишга интилган”(Д.Қуронов) ёзувчи хаёлий-рамзий тафаккурни реал манзарага эврилишга нечоғли яқинлигини исботлашга ҳаракат қилади. Негаки, тасвир меъёрларида бош қаҳрамон саргузашти – характерлараро зиддиятни тўлақонли далолатласа, сюжет линияларини бир-бирига пайвандлашга мустаҳкам замин ҳозирлайди. 

Бинобарин, Навоий “акслар фалсафасини” теран закийлик билан тасвирлайди. Достонда кўзгу тимсолида борлиқ синоатларини, инсонни ботиний оламини янада теранроқ кашф қилишга диққат қаратади:

Сен бу кўзгуни кўнгул қилгин хаёл,

Ким солур аксини онда ул жамол.

 

Қасри тан, онда кўнгулни кўзгу бил,

Кўзгуда шоҳ ҳуснин наззора қил.

 

 Бермайин бу кўзгуга аввал жило,

Акс анда солмағай ул подшо.

Яъни Навоий кўзгу тимсолида инсон ботинини назарда тутмоқда. Унинг жамолини билмоқчи бўлсанг, акс этганига эътибор бергин.  Кўнгилда илоҳий жавҳар яширин. Қачонки кўнгилни тозалаб, уни эзгулик ва маърифат билан бойитмас, безамас экансан, (Подшоҳ) олам сарвари Аллоҳ ўз жамолини кўрсатмайди, ундан чекинади демоқчи. Кўзгудан мурод инсон қалбини англаш ва уни илоҳий сирлар билан тўлақонли безамоқдир. Дарҳақиқат, бу тамойил Исажон Султоннинг “Озод” романида учта акслар фалсафаси келтирилади. Романнинг энг асосий воқеалари иккинчи ва учинчи аксларда ўз ифодасини топган.

“Озод” романида Озод тимсолида “бахтлар водийси”нинг маликаси Лолага эришишга урғу берилади. У сон-саноқсиз макон ва замонларни босиб ўтади. Ҳар бир акс этган воқелик қаҳрамон қалбини тозаришга, уни маърифат сирлари билан тўлдиришга туртки беради. У наботот ва ҳайвонот дунёсини моҳиятини теран тушуниб етади. Бир ҳовуч тупроқда ҳам беҳисоб ҳикматлар яширин эканлигини ҳис қилади. Ҳар бир воқеликдан қалбида ҳикмат нурларини туйган қаҳрамон интелеекти намойиши сюжет линияларини бир-бирига пайвандлашга замин ҳозирлайди. Демак, Навоийнинг “Лисонут-тайр” достонидан таъсирланиб кўнглида илҳом туйган ёзувчи борлиқда акс этаётган жамики воқеликни замонавий шаклда “ўзлигини топишга ва англашга интилаётган Озод” тимсолида поэтик инкишоф қилишга эришган. Зеро, Навоий тафаккур дунёси чинакам ёзувчи учун мудоми яширин бир хазина. Уни англаш ва англатиш, қайта кашф этиш, янги-янги маъноларни топиш учун машаққат билан сўз излаётган инсонгагина хосдир. Зотан, тафаккур қилишга аксланган фалсафий идрок табиатида мантиқий боғлам кузатиш мумкин. “Лисон ут-тайр” достонида ҳали кўплаб сирли билимлар, маърифатга ташна қалблар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.    

 

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, кафедра мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.