13 йилда янгиланган тарих: Қорақалпоғистонлик қизлар волейбол бўйича «Универсиада-2020» спорт мусобақалари ғолиби бўлди

Хабарингиз бор, шу йилнинг 1-4 март кунлари олий таълим муассасалари талаба-қизлари ўртасида «кичик олимпиада» мақомини олган «Универсиада-2020» спорт мусобақаларининг волейбол бўйича финал босқичи Нукус шаҳрида бўлиб ўтди.

Мусобақада минтақавий босқичда ғолибликни қўлга киритган Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Жиззах вилоятлари терма жамоалари иштирок этди.

Бирнеча кун давом этган мусобақа муросасиз руҳда давом этди.

Мусобақа давомида дастлаб самарқандлик, сўнгра наманганлик қизларни тўлиқ устунлик билан мағлубиятга учратган Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси бугун, 4 март куни якуний ўйинни Жиззах вилояти жамоаси билан ўтказди.

Ўзаро ўйин давомида жиззахлик спортчилардан 25:20, 25:10 ва 25:14 ҳисобида устун келган қорақалпоғистонлик қизлар мусобақа якунида 1-ўринни эгаллади. Наманган вилояти 2-ўрин, 3-ўрин эса жиззахлик ёшларга насиб қилди.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон терма жамоаси таркиби Нукус давлат педагогика институтининг талаба-қизларидан иборат бўлди.

Спортчиларни мусобақага Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган мураббий, Ўзбекистон спорт фахрийси, спорт устаси Азат Казаков тайёрлади.

Волейбол бўйича «Универсиада-2020» спорт мусобақаларида 1-ўринни эгаллаган Қорақалпоғистон Республикаси терма жамоаси 2021 йил бўлиб ўтадиган жаҳон «Универсиада» ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси волейбол бўйича қизлар терма жамоаси сўнгги марта 2007 йил ўтказилган «Универсиада» спорт мусобақаларида олтин медальни қўлга киритган эди.

 

Ислам Матеков,

Нукус ДПИ матбуот котиби.

Муаллиф олган фотосуратлар.