#Талаба_минбари: БИРДАМЛИК – ҲАР ҚАНДАЙ МУАММОНИНГ ЕЧИМИДИР…

2 1 - #Талаба_минбари: БИРДАМЛИК – ҲАР ҚАНДАЙ МУАММОНИНГ ЕЧИМИДИР…

Аввалига эътибор бермадик… “Хитойнинг Ухан деган шаҳрида кўршапалак ва илон истеъмол қилган одамлардан оммавий вирусли касаллик тарқади. Ўлаётганлар бор”, деган хабар ОАВ орқали эълон қилинганда, уни эшитган эшитди, эшитмаган йўқ. Секин-аста эса, эшитмаган қулоқ қолмади. Лекин, бошланишида одамлар хабарга чиндан-да етарлича парво қилмади. Чунки, “вирусдан одам ўлаётган бўлса-да, у қайдадир узоқда юз беряпти, бизга алоқаси йўқ” деб қаралди. Одатда шундай бўлар эди-да!.. Ахир, шу кунгача инсоният не-не балоларни бошидан кечирмади, дейсиз. Охирги юз йилни олганда ҳам, қанчадан-қанча юқумли касалликлар унга чангал солди: ОИТС, эбола, парранда гриппи, чўчқа гриппи… Лекин уларнинг аксари эпидемик характерда бўлиб, заминнинг бир-икки жойида қайд қилинар, сўнг чора-тадбирлар натижасида даф бўлиб кетар ёки маълум масофада жиловлаб туриларди. Коронавирус-чи? Йўқ, у дунёни икки ой ичида ўз тўрига ғарқ қилиб, уч ой деганда пандемияга айланди.

Бугун ер юзидаги аксарият мамлакатлар жуда оғир дамларни бошидан кечиришмоқда, дунё аҳли учун кутилмаганда пайдо бўлган бу иллат – вирус ҳаммани довдиратиб қўйди, ҳатто мана-ман деган давлатларнинг ҳам тиббиёт соҳаси бу офат олдида ожиз қолишди ва қолишмоқда ҳам. Бугун бу вирус туфайли қанчадан-қанча инсонлар вафот этаётганлигини рақамларда кўрсатсак, бағринг эзилади, бир оғиз сўз билан айтганда бу жудаям мудҳиш ва аёвсиз ёв – бугун барчамизни бирлашишга, ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган талабларни бекаму-кўст бажаришга чорламоқда.

Муҳтарам Президентимиз юртимизга коронавирус кириб келган куниёқ халқимизга мурожаат йўллаб, саросимага тушмаслик, ваҳимага берилмаслик, фақат гигиена қоидаларига қаттиқ амал қилиб, агар зарурат бўлмаса кўчаларга чиқмаслигимиз, чиқсак-да, ниқоб тақишимиз, одам кўп жойга бормаслигимиз, уйимизда ўтириб фойдали машғулотлар билан шуғулланишимизни алоҳида таъкидладилар. Шундай экан, бу аёвсиз иллатга қарши ёшу-қари ҳаммамиз якдиллик билан курашмоғимиз даркор.

Бу ҳаёт синовлардан иборат, бугун ҳаётимизда рўй бераётган воқеаларга бошқа тарафдан қаралса, одамзод қайта тарбияланаётганга ўхшайди. Юзимизга кўзгу тутилгандек гўё. Яхши билан ёмонни, увол билан савобни, дўст билан душманни фарқлай олишдек умумтуркий қадриятларимизга қайта назар солишга имкон бергандек… Аввало, ўзимизни ислоҳ қилишга, кўпроқ яхшилик қилишга, эзгу ишлар амалга оширишга ундаёткандек гўё. Коронавирус иллати гўёки одамлар ўз ота-оналари билан, оиласи, фарзандлари билан, яқинлари билан бирлашиб, оқибатни кучайтириши, инсоф диёнатни тарғиб этиши учун юборилганга ўхшайди.

Бугунги кунда коронавирус  балоси минг-минглаб одамлар ёстиғини қуритган, ҳануз қуритаётган бўлса-да, инсоният учун чиндан ҳам аччиқ тажриба мактабини яратди. Эътибор беринг, кечагина кўкларни тўлдириб учаётган самолётлар бугун ерларда, кечагина сувларни ёриб сузаётган кемалар бугун бандаргоҳларда, кечагина кўчаларни тўлдириб елаётган автоуловлар бугун гаражларда, кечагина дунёни забт этаман деб ҳовлиқиб юрган одамлар эса бугун уйларда – бошини болахонадан зўрға чиқаришга яраяпти, холос!.. Инсон томонидан уюштириладиган барча катта-кичик тадбирлар, концертлар, конференциялар, томошалар, спорт ва бошқа мусобақалар “бир!” деганда тўхтади-қолди. Ҳаммани ўйлашга, фикр-хулосалар чиқаришга ундайдиган оламшумул ҳодиса бундан ортиқ бўлиши мумкинми?!.. “Қани энди, бу дард ҳақида фақат фантастик асарлардагина ўқиган бўлсак!.. Тажриба деймиз, сабоқ-дарс деймиз, огоҳлантириш деймиз, булар не-не одамлар ҳаётларининг ҳазон бўлиши – нафаслари бўғилиб, даҳшатли иситмалар ичида тўлғониб, кўзларида қотган ёш билан ўлишлари эвазига келаётганини қайси тарози ўлчаб беради?!.. Керакмиди бизга шундай тажриба?!..Тажрибанинг бунчалик аччиқлигига чек-чегара борми ўзи?!..” дея бонг ургинг келади…

Минг шукурки, бугун юртимизда коронавирусга қарши курашиш учун давлат сиёсати даражасида барча чоралар кўрилмоқда. Таъкидлаганимиздек, биз учун карантин чоралари кўрилаётган бир даврда, биз учун ҳаммани уйда қолишга чорлаб ўзлари ишлашда давом этаётган, бугун халқимизнинг ҳақиқий маънодаги қаҳрамонларига айланиб улгурган ҳурматли  шифокорлар, олимлар, сотувчилар, дорихоначилар, савдо шаҳобчалари ва бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳарбийлар, ҳайдовчи-ю журналист блогерлар, оммавий ахборот воситаси ходимлари, хуллас барча фидойи инсонларга минг-минг раҳматлар айтиб таъзим қиламиз!

Халқимиз азалдан меҳмондўст, меҳр оқибатли халқ, ҳар куни ОАВда гувоҳи бўляпмизки саховатпеша инсонлар юртимизга келган бу вирусга жимгина қараб турмасдан қўлларидан келган ёрдамини қилишяпти, ниқоб танқислиги сабабли саховатпешалар ўзлари ниқоб тикиб халққа бепул тарқатишяпти, кам таъминланган оилаларга, карантиндагиларга ёрдам беришяпти.

Хабарингиз бор, бу офатнинг юртимизда аниқланган биринчи кунидаёқ, яъни шу йилнинг 16 март куни икки ҳафталик таътил деб биз олий таълим муассасалари талабаларини қайтаришди. Бу ҳолат ҳам биз талабалар учун ҳам ўз устимизда ишлашимиз, ўқишга улгурмаган китобларимизни ўқишимиз, ота-оналаримиз дийдоридан мириқиб қонишимиз учун ажойиб фурсат бўлди. Шунингдек, бугунги кунда биз олий таълим талабалари учун ҳам онлайн сабоқлар бошланиб кетди. Устозларимиз томонидан модул тизими орқали берилаётган топшириқларни бемалол уйимизда ўтириб бажариб, натижаларини ўз вақтида жўнатиш имкони пайдо бўлди.

Хулоса ўрнида алоҳида таъкидлайманки, бугун «уйингизда қолинг» даъватни ҳар бир юртдошимиз қалбан ҳис қилишини хоҳлардим. Чунки, айни ҳолат нафақат ҳар бир шахс учун ёки яқинлари учун, балки бутун жамият учун учун энг муҳим улуғвор масаладир. Бугунги кунда мазкур масалага енгил-елпи қараётган, ҳукуматимиз томонидан чиқарилаётган тартибларга беписандлик билан муносабатда бўлаётган юртдошларимизни кўриб, ачинасан одам… Карантин қоидаларини бузаётганлар қарата, «сенинг бу қилмишларинг, бу юришларинг кимга фойда, кимга зарар? Наҳот сени саломатлигинг давлатга керагу, ўзингга керак эмас….?

Ҳурматли ўқувчи, агар биз чиндан ҳам ақлли жонзод бўлсак, Оллоҳнинг ер юзидаги суйиб-сайлагани бўлсак, бугун биз буни – вирус туфайли не кўйларга тушганимизни унутишга ҳаққимиз йўқ. Унутсак, ҳаммаси такрорланади: биз қайтадан яна тиз чўктириламиз. Юртимиз не-не синовларни бошидан ўтказган, бирдамликда албатта бу синовларни енгиб ўтамиз, унинг учун биздан талаб қилинадиган нарса: уйда қолишимиз, фақат бирлашишимиз, янада яқинлашишимиз ҳамда сабр билан доимо дуода бўлишимиздир.

 

Дилдора Қурбонова,

Жисмоний маданият факултети 2-босқич талабаси.