УЙДА ҚОЛГАН ТАЛАБАЛАР НИМА БИЛАН БАНД?
Ассалому алайкум!
Яхшимисиз? Соғ-омон, зерикмай ўтирибсизми?
Тўғрисини айтсам, бундай вақтда нимани ёзишни ҳам билмай қолар экансан. Ёзмай десанг, одам ўзини худди бир чеккада қўл қовуштириб ўтиргандек ҳис қилар экан. Уйдаги альбомни олиб, талабалик давримизни ёдга олдик.
Олтин давр воқеаларини эслаб ўтирган эдим, бирдан хаёлимга “Ўзи бугун талабалар нима билан банд экан?” деган савол келди. Шу сабаб бўлиб, уларнинг нима қилаётганини кўрсатиб берадиган видеолавҳалар тайёрлаб, битта телеграмм каналига жойлаб бориш керак деган фикр келиб қолди.
Олий таълим муассасаларидаги масъулларга эълон юбордик. Барака топишсин. Биринчи куннинг ўзида 100 дан ортиқ видеолавҳалар келиб тушди. Бугун эса уларнинг сони кунига 500 тадан кам эмас.
Мен ана шу талабалар кундалигидан айримларини сиз билан ҳам бўлишгим келди. Ахир, видеони юклаб олиб кўришга мегабайт сарфлагандан кўра, матнни ўқиган ҳам маъқулми, дейманда, а?
Шунинг учун айрим талабаларнинг бугунги кундаги фаолияти бўйича уларнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.
Мана улар:
Айтмуратова Комила – Ажинёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Мактабгача таьлим факультети талабаси:
Ҳозирги карантин даврида, уйда онлайн дарсларда мунтазам иштирок этиб, устозларим томонидан берилаётган топшириқ ва вазифаларни ўз вақтида бажариб келмоқдаман.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 3 апрель куни ўтказилган навбатдаги видеоселекторда айнан биз талаба-ёшларга алоҳида мурожаат қилиб: «Ҳозирги кунларда уйда вақтингизни бекор ўтказманг, онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг, китоблар ўқиб, билимингизни янада оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг», дея таькидладилар.
Албатта, юртбошимизнинг ушбу мурожаатлари барча тенгдошларим сингари мени ҳам руҳлантирди, билим олишга бўлган иштиёқимни янада оширди. Айни вақтда дарсларимни ўзлаштириш билан бир қаторда ўз севган машғулотим, беш муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши – бадиий китоблар ўқиш билан ҳам шуғулланмоқдаман.
Шеърятга ошноман, адабиётнинг назм йўналишида ижод қилиб келмоқдаман. Ҳозир эса “тандирдан янги узилган” “Китоб” номли шеъримни ҳавола қилмоқчиман.
Дунёнинг борлиги мужассам унда,
Маьрифат калити, билим ёғдуси.
Билингки, инсоннинг энг яхши дўсти,
Китоблар – ҳаётнинг асли эзгуси.
Китобдир билимнинг эзгу манбаи,
Инсоннинг ўртоғи асл, чинаккам.
Миллат ойнасидир мўтабар туҳфа,
Авлодлар кучини қилар мустаҳкам.
Унутманг, куч эса билимда ҳар он,
Китоб-ла дўстлашинг ҳозир шу замон.
Эгалланг шундай ном: Улуғ китобхон,
Эъзозлар олим, деб сизни кенг жаҳон
Юртбошимиз томонидан бизга берилаётган юксак эътибор ва бугунги кунда биз ёшларга яратилаётган барча имкониятларни чуқур англаган ҳолда, ҳар бир кунимиздан унумли фойдаланамиз ва доимо ўқиб-изланишда бўламиз. Келажакда етук кадрлар сифатида ватанимизнинг равнақи, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз!
Кенжаева Гулой – Урганч давлат университети Хорижий филология ва тилларни ўқитиш факультети талабаси:
Мен карантин вақтида уйдан чиқмаган ҳолда Халқаро онлайн конференцияларга қатнашаяпман. Самарқандда бўлиб ўтадиган конференциянинг назарий қисми онлайн бўлди, амалий қисми карантиндан кейин Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Мен Туризм йўналиашида ва “Экотуризм” мавзуси билан қатнашяпман. Қишлоқ жойларининг ривожланишида ва аҳолини иш билан таъминлаш учун бунинг фойдаси жуда ажойиб. Бундан ташқари “Международная онлайн олимпиада” Москва ва Кембридж унверститетлари ҳамкорлигида бўлиб ўтаётган инглиз тили олимпиадасида қатнашаяпман. Ҳозирда ярим финалдаман. Шу ергача келганим учун сертификат ва совғалар билан тақдирлашди. Мен уларнинг онлайн кутубхоналаридан 14 кун давомида аудио китобларни текин сотиб олишим мумкин.
УЙДА ҚОЛИНГ! КИТОБ ЎҚИНГ!
Жонибек Умаров Навоий давлат педагогика институти Тарих факультети талабаси:
Мен кўпгина тенгдошлаим қатори талаба сифатида уйдаман. Карантин туфайли дарс машғулотларини масофадан туриб, онлайн шаклда ўқиш имкониятидан фойдаланмоқдаман.
Институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган дарс машғулотларини www.dist.edu.uz масофавий таълим платформаси орқали ўзлаштирмоқдаман.
Биз талаба ёшлар, институтда бўлмасак-да, дарсларни ўз муддатида ва тўлақонли ўзлаштиришга ҳаракат қилаяпмиз. Биз талаба-ёшлар Муҳтарам Президентимизнинг мурожаатларига лаббай деб жавоб бериб, онлайн дарсларни пухта ўзлаштириб, бўш вақтларимизда спорт билан шуғулланиб, китоблар мутолаа қилиб, онлайн викториналарда иштирок этиб, ота-онамизга уй ишларида ва дала ишларида ҳам қарашиб турибмиз.
Уйда қолганлигимизнинг яна бир алоҳида жиҳати шуки, оиламизнинг жамоа бўлиб ўтириши, таомланиши, бир тан бўлиб шукрона айтиши ва жипслиги бу – жамиятимиз, давлатимизнинг жипслигидан ҳам дарак бермоқда.
БИЗ УЙДАМИЗ, СИЗ ҲАМ УЙДА ҚОЛИНГ, БИРГА ЕНГАМИЗ!!!
Мана шунақа гаплар. Ҳа, айтганча, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида фақат ўзбекистонлик эмас, балки хорижлик талабалар ҳам таҳсил олишини биласиз а!? Карантин вақтида улардан икки мингдан ортиғи ўз юртига кета олмаган.
Ҳозирда 20 та олий таълим муассасасига қарашли талабалар турар жойида яшамоқда. Улар олий таълим муассасалари томонидан бепул озиқ-овқат, гигиена ва маиший эҳтиёж воситалари олиб берилмоқда. Бу эса хорижлик талабаларнинг нафақат университетдан, балки бутун Ўзбекистон халқидан рози эканини изҳор қилишига сабаб бўлмоқда.
Азиза Рустемова – Бухоро давлат университети Табиий фанлар факультетининг туркманистонлик талабаси:
Бутун дунёни ларзага солган коронавирус Ўзбекистонга ҳам келди. Бугунги карантин даврида бизни ўша вирусдан ҳимоялаш чоралари кўрилмоқда.
Мен шуни айтиб ўтмокчиманки, бу гаплар шунчаки карантинда зерриккандан эмас, балки чин дилдан айтилаётган гаплар. Биз Бухоро давлат университетида ўқиётган туркманистонлик талабалармиз. Биз кўпчиликмиз. Университетнинг талабалар турар жойида яшаяпмиз. Бу ерда талабалар учун барча шароитлар яратилган. Бизда соғинчдан бошқа ҳаммаси бор.
Ўзбекистон халқининг қанчалар меҳмондўст, боласевар, миллатпарвар халқ эканини яна бир бор тушуниб етдик. Бизнинг ўз уйимиздан йироқдалигимиз учун-ми ёки яқнларимиз ёнимизда йўқлиги учун-ми, хуллас, бошқача меҳр ва алоҳида эътибор билан қарашмоқда. Ҳар куни бизга ёрдам бериб борилмоқда.
Шундай фурсатларни кўрдимки, устозларимиз ўз оилалари бағридан талабалар турар жойига келиб, худди ўзимизнинг тенгдошимиз каби гаплашиб, турли хил ўйинлар ташкил қилишмоқда. Нима, бу инсонларнинг оиласи, фарзандлари йўқ, деб ўйлайсизми?!
Йўқ! Ҳаммалари оилали. Шунда ҳам шунчалик эътиборли бўлишларини нима деб ўйлайсиз? Бу вазифасини бажаришми? Менимча, йўқ. Чунки уларнинг кўзларидаги меҳрни кўрсангиз эди, сиз ҳам худди мендек ўйлар эдингиз.
Албатта, Бухоро давлат университети, талабалар турар жойи ва бутун олий таълим тизимида ишлаётган ходимларга, Ўзбекистон Республикасининг Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, бундай инсонлар олдида бош эгамиз.
Хуллас, талабалар бугунги кундаги ҳолатни тўғри тушунган ҳолда, ҳар жиҳатдан фаолликни сақлаб қолишга интилишмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, барча талабаларга қуйидагилар билан мурожаат қилиб қоламиз:
Ҳурматли талабалар!
Илтимос, аввало, уйда қолинг!
Онлайн дарсларга қатнашиб, мавзуларни қунт билан ўзлаштиринг!
Ўзингиз ёқтирган бадиий адабиётларни мароқ билани ўқиб, маънавий билимларингизни оширишга интилинг!
Мактаб ўқувчиси бўлган ука-сингилларингизга кўмаклашиб, улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боринг!
Энг асосийси, албатта, шахсий гигиена қоидаларига, жисмоний ҳаракатлар қилиш ва спорт билан шуғулланишга алоҳида эътибор қаратиб, тозаликка, покизаликка риоя қилинг!
Отабек Бозоров,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи.