#Талаба_минбари: Биз биргаликда бу синовларни енгамиз

2 1 - #Талаба_минбари: Биз биргаликда бу синовларни енгамиз

Барчамизга маълумки, неча ойлардан буён Коронавирус деб аталган вирус Хитой давлатида инсонлар ҳаётига катта хавф туғдира бошлади. Айни пайтда бу вирус ҳур Ўзбекистонимизга ҳам етиб келди.

Олий ва ўрта таълим, мактаб, коллежларга режадан олдин карантин сабаб таътил берилди. Мана, инсоният учун ҳақиқий синовли кунлар бошланди. Бугун кўчага чиқдим, минг афсус, ҳувиллаган йўлларни кўриб кўзимга ўз-ўзидан ёш келди. Баҳор келиши билан қўшни жажжи болажонлар шовқинлашиб, кўчада турли хил ўйинлар ўйнашар, қуёшнинг заррин нурларида кекса бобо-бувижонлар дам олишар, қозонларда тўлиб-тошиб сумалаклар қайнатиб ўйин-кулги қилиб бойчечаклардан гулчанбарлар ясар эдик. Афсус, бу сафар Наврўз байрамини уйда кутишга мажбур бўлдик, янада ачинарлиси масжидларда жамоат намозлари ўқилмай қўйди.

Майли, шунисига ҳам шукр, биз, албатта, бу синовни енгиб чиқамиз, лекин қачон биласизларми, қачонки одамлар инсон бўлиб шакллана бошлашса. Ҳайрон қолдингизми, одам билан инсонда нима фарқ бор деб, тўғри, балки кимлар учундир фарқ йўқ, лекин менинг фикримча, одам билан инсон орасида катта фарқ бор.

Одам бу – битта юраги, битта боши, битта бурни, битта оғзи, 32 та тиши, иккита кўзи, иккита қулоғи, иккита қўли ва иккита оёғи бор тирик жон. Инсон эса ўша одамдаги юрак, кўз, қулоқ, оёқ, қўл, оғиз, бурунлардан ташқари, инсоф виждон, иймон, фаросат, ақл, шукроналик, ҳалоллик, тўғри сўзлик, яхши ниятлилик ҳислатлари жамланган тирик жон.

Айтингчи, сиз қай бирига кирасиз? Биз ушбу синовлардан тезроқ ўтиш учун инсонларни кўпайтиришимиз лозим, бизни халқимизда инсонлар кўп, лекин айрим қўштирнок остидаги одамларни ҳам инсон бўладиган пайти келди. Чунки, биз бирлашиб бу синовдан ўтишимиз лозим. Телевизорда кўряпмиз докторларимиз бизни соғлиғимиз учун, кечаю кундуз меҳнат қилмоқдалар, улар ўз соғликларидан, оиласидан кечиб биз учун тиним билишмаяпти. Биздан эса фақат битта талаб – уйдан чиқмаслик, наҳот қийин нарса талаб қилишаётган бўлишса, наҳот уйда ўтириш қийин бўлса, йўқ асло унақа эмас, фақат хоҳласак бўлди уйда ўтира оламиз.

Биз биргаликда бу синовларни енгамиз, чунки биз ЎЗБЕКИСТОН ФАРЗАНДЛАРИМИЗ!

 

Лобар Ражапбаева,

Табиий фанлар факультети 4  курс талабаси.