AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

«Мустақиллик шароитида халқимизни ғоявий тарбияланишининг долзарб масалалари» мавзусида Республика онлайн илмий-назарий конференция ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 феврал кунги «Ўзбекистон Республикасида 2020 йилда халқаро миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси тўғрисида»ги 56-ф-сонли Фармойиши асосда, шунингдек, мустақиллик шароитида халқимизнинг ғоявий тарбияланиши, оила, маҳалла ва таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва уни амалиётга тадбиқ этиш юзасидан   Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2020 йил 5 май куни соат 11:00 да «Мустақиллик шароитида халқимизни ғоявий тарбияланишининг долзарб масалалари» мавзусида (онлайн «ZOOM» платформаси орқали) Республика миқёсида илмий-назарий анжуман ўтказилди.

Анжуманда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор М.Қуронов «Ўзбекистоннинг маънавиймаърифий равнақида зиёлиларнинг ўрни» мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди. У ўз маърузасида мамлакатимиз олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишларнинг асл моҳияти ва пировард мақсади – бугунги мураккаб ва таҳликали замонда халқимиз маънавиятини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаб қолиб, ривожлантириш, ёшларимизни Ватанимизга, миллий ғоямизга садоқат руҳида тарбиялаш механизмлари, бу борада кейинги йилларда бир қанча муҳим ҳужжатлар, жумладан, олий таълим тизимини модернизациялаш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни адабиёт, маданият ва санъат соҳаларига қизиқтириш, диний маърифатни такомиллаштириш ва бошқа муҳим масалалар тўғрисида қарор ва фармойишлар, концепциялар қабул қилинганлигини таъкидлади. “Бугунги мураккаб мафкуравий глобаллашув замонида халқимиз, ёшларимиз маънавий ҳаёти қандай кечаяпти?”,  “Қандай қилиб Интернет ва юксак технологиялар асрида миллий маънавиятимизни сақлаб қолиб, юксалтирамиз?”, “Жаҳолатга қарши маърифат билан қандай курашишимиз керак?”, деган саволларга илмий жихатдан асосли далиллар билан ўз фикр ва таклифларини билдириб ўтди.

Шунингдек, у ўз сўзида Қорақалпоқ элининг қадимдан ўзининг бетакрор тарихи, юксак маданияти, урф-одат дастурлари, қадриятлари билан бир қаторда буюк алломалари, олиму-уламолари билан фахр қилса арзийдиган эл эканлигини, айни маънода келажагимиз эгалари бўлган ёшларни умуминсоний қадриятлар, гўзал эстетик фазилатлар ва миллий ғоямиз руҳида ҳар томонлама юксак аҳлоқий фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш масалаларида “қорақалпоғистон мактаби” яратилганлиги ва  ана шундай эзгу ишларга узоқ йиллардан буён бош бўлиб келаётган академик Жуманазар оға Базарбаев ва бир қатор педагог олимларнинг илмий-ижодий фаолиятлари Ўзбекистон зиёлилари томонидан доимо қадрланиб келинаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Анжуманда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси профессори, академик Ж.Базарбаев «Халқимизнинг фаровон турмуши миллий ғоя принципларининг бири» мавзусида баёнот қилиб, бугунги кунда инсоният мутлоқо янги муҳитда, олдин кузатилмаган ҳавф ҳатар шароитида яшаб келаётганлигин, бу эса миллий ва умуминсоний қадриятларнинг емирилишига, ҳар қандай зуравонлик, беҳаёлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик сингари иллатларнинг кучайишига сабаб бўлаётганлигини, бундай мураккаб шароитда қадритяларни асраб авайлаб, мустақилликни янада мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий бирдамликни асраб авайлаш бугунги ғоявий тарбиямизнинг энг асосий вазифаси бўлишини таъкидлади.

Бу масалада давлатимида Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг раҳбарлигида амалга оширилаётган халқчил ва умуминсоний сиёсат, олдимизда турган улкан вазифаларни амалга оширишда йўл кўрсатиши, шунингдек, 2020 йил 24 январь куни мамлакатимиз парламенти Олий Мажлисга йўллаган Муражаатномасида халқимизнинг фаровон ҳаётининг амалга оширилишида қамбағалликни бартараф этиш ғояси халқимизнинг асрлар бўйи арзу қилган ташаббус эканлигини билдириб ўтди.

Шуниингдек, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-аҳлоқий тарбия бошқармасининг бошлиғи, фалсафа фанлари доктори (PhD) О.Бозоров «Бугунги кунда талаба-ёшлар маънавий-ахлоқий қиёфасига қўйиладиган талаблар» мавзусидаги баёноти билан иштирок этиб, бугунги яшин тезлигида ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очиш билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилаётганлигин, диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби таҳдидлар қанча-қанча оилаларга, мамлакатлар бошига қандай оғир кулфатларни солаётганлигини далиллар билан таъкидлаб, бундай кескин ва таҳликали шароитда ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликларини ошириш юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шунингдек, анжуманда Жиззах политехника институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, ф.ф.н С.Эшбекова «Ғоявий тарбиянинг самарадорлигини оширишда “оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмининг аҳамияти», НукусДПИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, доцент Қ.Қодиров «Олий таълим тизимида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга кадрларни тарбиялашнинг концептуал асослари», НукусДПИ Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси катта ўқитувчиси Ж.Усенов «Халқимизнинг фалсафий мерослари ёшларнинг миллий менталитетини шаклланттришдаги аҳамияти», Тошкент давлат юридика университети профессори М.Баратов «Асли кетар – наслига…»,  НукусДПИ Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси ўқитувчиси Ш.Танимов «Ислом Каримовнинг глобаллашув шароитида маънавий ҳавфсизликни таъминлаш фалсафаси» ва НукусДПИ Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси ўқитувчиси И.Жаксимов «Чингиз Айтматовнинг манкурт тушунчаси ва унинг дунё халқлари  онгига тасири» мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этишди.

Анжуман сўнгида институтнинг Тарих факультети декани, тарих фанлари доктори М.Сарыбаев сўзга чиқиб, мазкур анжуманга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан фан докторлари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистрантлар ва талаба-ёшлар фаол иштирок этиб, жами 286 дан ортиқ мақола ва тезис материаллари келиб тушганлигини таъкидлади. Ушбу анжуманни юқори савияда ташкил қилишда бевосита раҳбарлик қилган устоз, академик Жуманазар Базарбаевга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, Республика Маънавият ва маърифат марказига, институт раҳбариятига ҳамда Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси жамоасига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Анжуман сўнгида ҳар бир шўъба бўйича энг яхши мақола ва тезислари билан иштирок этган иштирокчилар аниқланиб, улар 1,2 ва 3-ўрин соҳиби деган махсус сертификат ҳамда дипломлар билан тақдирланди.

 

Анжуман якунида қуйидаги таклифлар билдирилди:

  1. Ҳар йили бир маротаба Қорақалпоғистонда «Академик Жуманазар Базарбаев ўқувлари» деб номланган илмий-амалий конференция ташкил қилишни йўлга қўйиш;
  2. Барча олий таълим муассасалари ўртасида маънавий-маърифий соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, ўзаро ҳамкорликда тизимли тажриба алмашиш натижасида тарбия методининг янги механизмларни жорий этиш;
  3. Қорақалпоғистоннинг бой тарихи, урф-одат дастурлари ва миллий қадриятлари, шунингдек, академик устозлар, археолог олимларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб услубий қўлланмалар яратиш, ҳамда мазкур маълумотларни ОТВ томонидан «Ахборот дарс»лари материаллари базасига киритиб боришни йўлга қўйиш;
  4. Ўзбекистон миқиёсида белгиланган муддатларда Қорқалпоғистон кунлари номи остида давра суҳбатлари, учрашувлар, кўргазмалар ташкил қилиб боришни йўлга қўйиш;
  5. Анжуманда муҳокама ва таҳлил қилинган энг яхши маърузаларни  институтнинг “Илим ҳәм жәмийет” номли илмий журналида чоп эттириш.