AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Олий таълим муассасаси рейтингига таъсир этувчи омиллар

Ҳозирги глобаллашув даврида барча соҳалар сингари олий таълим муассасалар (ОТМ) орасидаги рақобат ҳам борган сари кучайиб бормоқда. Бу жараёнда эса ОТМнинг рейтинг кўрсаткичи катта аҳамият касб этади. Шу сабабли ОТМ ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда инновацион ҳамкорликни ўрнатиш икки томонлама ҳам жуда муҳимдир.

Бугунги кунда таълим ва илм-фаннинг замонавий бозор талабларига жавоб берадиган, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновацион иқтисодиётнинг технологик базасини яратиш борасида улкан имкониятларга эга эканлиги ОТМ учун бюджетдан ташқари маблағлар топиш имкониятини беради, унинг молиявий мустақил бўлишига имкониятлар яратади ва натижада, рейтинг кўрсаткичининг ўсишига ижобий таъсир этади.

Лекин, ҳозирги кунда ОТМларда ишловчи аксарият олимларнинг илмий ишлари ишлаб чиқаришда қўлланилмайди. Сабаби, ишлаб чиқариш корхоналари ва ОТМлар орасидаги ҳамкорликлар талаб даражасида эмаслигидир. Шу билан бирга, кўпгина олимларнинг илмий ишлари назарий характерга эга ёки ишлаб чиқариш билан умуман боғлиқ эмас. ОТМ ва ишлаб чиқариш корхоналари орасида ишлаб чиқариш самарасини оширувчи маълум бир масалалар, инновациялар, ишланмалар устида ишлаш механизми йўлга қўйилмаган. Бир муддат аввал бу масалани ривожлантириш учун ОТМларда инновацион гуруҳлар тузилди ва уларнинг ишлаш режалари ҳам тасдиқланди. Лекин, ҳозирча кутилган натижалар олинмади. Бу жараённинг сустлигига аксарият ОТМларда замонавий жиҳозланган илмий лабораторияларнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлади. Ишлаб чиқаришга интеграция қилиш мумкин бўлган кўпгина таълим соҳаларидаги илмий ишлар натижадорлиги, албатта, ҳозирги замонга мос жиҳозланган илмий лабораторияларга боғлиқ. Бу илмий лабораторияларда назарий илмий ишлар тажрибаларда исботланади ва уларнинг ишлаб чиқаришда қўлланилиши ўрганилади. Шунинг учун ҳам, ОТМларда замонавий жиҳозланган илмий лабораторияларнинг ташкил этилиши таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси самарадорлигининг етарли даражаларга олиб чиқишга имкон беради.  

ОТМларнинг рейтинги аниқланганда профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолияти, ўқув-методик ишлар, ўқитиш сифати, талабалар билими ва битирувчилар савияси асосий кўрсаткич сифатида қаралади. Бу кўрсаткичларнинг барчаси мазкур ОТМдаги профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик савиясига боғлик.

Аксарият ОТМларда илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар сони камлиги боис, илмий салоҳият кўрсаткичи талаб даражасидан анча паст. Холбуки, келажакда мазкур ОТМнинг илмий салоҳиятини кўтариши лозим бўлган кўпчилик ёш ассистентлар, катта ўқитувчилар фақат дарс ўтиш билан чегараланиб қолмоқда. Бунинг асосий сабаби, бевосита танлов билан ишга қабул қилишда рақобатнинг йўқлигидир. Қайси ОТМда педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилишда рақобат кучли бўлса, профессор-ўқитувчиларнинг савияси ҳам юқори бўлади ва ОТМнинг рейтинги замонавий талаб даражаларига етади.

Маълумки, ОТМларда ҳар бир профессор-ўқитувчи ишини давом эттириш учун ҳар беш йилда ўзининг эгаллаб турган ёки бошқа лавозимга танлов асосида конкурсдан ўтади. Ҳар беш йилда унинг эгаллаб турган лавозими вакант ҳисобланади ва бу ҳақида ОТМ томонидан танловга бир ой қолганда ОАВларда эълон берилади. Мазкур вакант лавозим учун қўйилган танловда ОТМни ўқиш беш йиллик даврида ёки магистратурани битирганлиги ҳақидаги, доцент ва профессор лавозимларига қўшимча мос равишда доцент ва профессор илмий унвонлари ҳақидаги дипломлари, танлов бўлаётган лавозим таълим йўналишига мос бўлган хоҳлаган шахс иштирок этиши мумкин. Лекин, жуда кўп ҳолларда шу лавозимни эгаллаб келган ўқитувчининг ўзидан бошқа ҳеч ким танловга ҳужжат топширмайди, яъни рақобат умуман бўлмайди.

Ачинарли томони шундаки, танловда иштирок этаётган профессор-ўқитувчилар бу ҳолатни, яъни танловдан рақобатсиз ўтишларини яхши биладилар. Шунинг учун ҳам, улар ўз устида ишлаб,  илмий савиясини оширишга эҳтиёж ва мотивация сезмайди.  ОТМларда  ўқитувчилар фан номзоди ёки фан доктори даражасини олгандан кейин асосан дарс ўтиш билан чегараланиб қолмоқдалар. Профессор-ўқитувчиларнинг ОТМда илм-фан билан доимий шуғулланмаслиги, илмий мактаблар йўлга қўйилмаганлиги сабабли ҳам илмий салоҳият кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолмоқда.

Албатта, илмий ишлар билан шуғулланиш учун инсондан маълум бир йўналиш бўйича кучли билим, иқтидор, энтузиазм ва бошқада сифатлар талаб қилинади. Афсуски, ОТМларга ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинаётган магистр дипломига эга айрим ёш ўқитувчилар, шунингдек,  магистратурада таҳсил олаётган магистрантларнинг кўпчилигида бу сифатлар мавжуд эмас. Энг асосийси, илмий иш қилиш учун уларнинг билими етарли эмас. Шунинг учун, уларнинг бир қисми магистратурани битиргандан кейин ОТМда эмас бошқа соҳаларга ишга ўтиб кетмоқдалар. ОТМда қолган кадрларининг билим-савиялари илмий иш билан шуғулланиш учун етарли даражада, дея олмаймиз. Шунинг учун ҳам, улар фақат дарс ўтиш билан чегараланиб қолмоқдалар. Уларнинг дарс ўтиш сифати ҳам билимига яраша, шунинг учун айни ҳолатлар талабалар эътирозига ҳам олиб келмоқда.

Хулоса шуки, магистратурага қабул қилиш тўғрисидаги Низомини тубдан ўзгартириш лозим! Кириш имтиҳонларининг шаффофлигини янада ошириш орқали фақат кучли билимли, иқтидорли талабаларни танлаб олишга эришишимиз зарур.

Шу билан бирга магистратура битирувчилари ОТМга стажер-ўқитувчи ёки ассистент лавозимига ишга қабул қилинганида икки томонлама шартномада мазкур магистрантнинг кейинги 7 йил ичида PhD илмий даражасини олиши, акс ҳолда шартнома ОТМ раҳбари томонидан бир томонлама бекор қилиниши кўрсатилиши керак. Бу қийинроқ талаб бўлса ҳам ишга қабул қилинган магистрнинг тезроқ илмий ишларга киришишига ва илмий даража олишига сабаб бўлади. Натижада ОТМнинг илмий салоҳияти интенсив ошиб бориши таъминланади.  

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 августдаги 246-сонли Қарорининг 1-иловаси билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомда танловда иштирок этиш учун стажер-ўқитувчи, ассистент-ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимларига қўйиладиган талабларни кучайтириш зарур.  Натижада талаб этилаётган шартларни бажариш учун профессор-ўқитувчилар беш йил давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, малакасини ошириб боради. Айни ҳолат эса, ОТМнинг ўқув-методик ишлари, ўқитиш сифати ҳамда илмий салоҳиятининг ошишини таъминлайди ва рейтинг кўрсаткичининг юқори бўлишини таъминлайди.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари.