Битирув малакавий ишлари талаб даражасидами: бакалавр йўналишидан БМИ тушунчасини олиб ташлаш таклиф этилмоқда
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2010 йил 9 июнь кунги 225 сонли «Олий таълим муассасаларида бакалаврларнинг битирув малакавий ишини бажаришга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғида битирув малакавий ишлар бажарилишига қўйилган мақсад ва вазифаларга маълум даражада эришилди.
Бир сўз билан айтганда аксарият БМИлар бажарилиш жараёни, мазмуни ва ҳимояси бугунги кун талабларига умуман жавоб бермайди. Бу муаммоларни маълум даражада ҳал этиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 7 ноябрдаги ««Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низом»га ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги буйруғи иловасининг 8-бўлимида «Якуний давлат аттестациясини ихтисослик фанлардан якуний давлат аттестацияси синови ёки диплом лойиҳаси ҳимояси ёхуд битирув малакавий иши ҳимояси шаклида ўтказилиши битирувчиларнинг иқтидори, хоҳиши ва таълим хусусиятидан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаси Кенгаши қарори билан белгиланади» деган хулоса берилган. Лекин барча ОТМлар Кенгашларида бу масала бўйича реал қарор қабул қилинди дейиш жуда қийин.
Бизнинг фикримизча, айтилган муаммоларни ҳал этиш учун ҳолатни реал баҳолаб бакалавр таълим йўналишларига қўйилган талабларда БМИ тушунчасини умуман олиб ташлаб, уни ихтисослик фанлардан якуний давлат синовлари билан алмаштириш ёки БМИ бажаришни фақат тўла аъло баҳоларга ўқиган битирувчиларга рухсат берилиши зарур деб ҳисоблаймиз.
ОТМларда ўқув жараёни онлайн ташкил қилинаётган ҳозирги пандемия шароитида эса мазкур муаммоларнинг ҳал этилишига эътиборни яна ҳам кучайтириш лозим. Ҳеч бир жараён номига ёки сифатсиз ташкил этилмаслиги лозим. Ҳар бир ҳолатга реал баҳо берилиб, аччиқ бўлса ҳам аниқ хулоса қилиш ва энг тўғри йўлни топадиган вақт келди. Шундагина такомиллашиш ва ривожланиш бўлади.