Нукус давлат педагогика институти ректорининг абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига МУРОЖААТНОМАСИ!!!

1 5 1024x682 - Нукус давлат педагогика институти ректорининг абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига МУРОЖААТНОМАСИ!!!

Бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмунига эътибор берсак, барча-барча ҳаракатлар фақат ёшлар учун, уларнинг эртанги келажаги учун. Ҳабарингиз бор, йил-йилдан олий таълим муассасалари учун қабул квоталари сони ошиб, жорий йилда, ўтган йилларга солиштирганда деярли икки баробарга оширилиб, ўқийман, илм оламан деган ёшлар учун кенг имкониятлар эшиклари очилмоқда.  

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти раҳбарияти ва кенг жамоатчилиги Сизлардан 2020-2021 ўқув йили учун қабул жараёнида олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ҳар хил товламачи ва фирибгарлар тузоғига  тушиб қолмаслигингизни сўрайди.

Чунки, олий таълим муассасаларига қабул жараёни бошланиши билан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Қонун ҳужжатларига зид ҳатти-ҳаракатлари билан «ўқишга киритиб бераман», «танишларим бор», «юқори балл тўплашингизга ёрдам бераман», деган ёлғон «ваъда»лар бериб, коррупцион ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қилаётган айрим қўштирноқ ичидаги шахслар ўзларининг товламачилик ҳаракатларини амалга оширишга бўлган урунишлари ва уларнинг кейинги тақдири нима билан якун топаётганлигидан хабарингиз бор.

 

Азиз ота-оналар! «Қарс икки қўлдан чиқади» деган ибратомуз иборага амал қилган ҳолда, биз жамиятимиз учун, ёш авлодларимизнинг нурли келажаги учун тузоқ бўлаётган бундай салбий иллатларни мутлақо қоралаймиз! Ва алоҳида таъкидлаймизки, институтда бўлиб ўтадиган қабул жараёнларини шаффоф ва адолатли бўлиб ўтишига кафолат берамиз ва бунга ишонишингизни сўраймиз.

 

Бундай дейишимизнинг сабабларини қуйида келтириб ўтамиз:

 

Биринчидан, бу йилги тест синовлари ўтказиладиган ўринларда ҳар йилгидек назорат ишлари кучайтирилган бўлади. Абитурентларнинг юзларини таниш сканерлари, мобил алоқанинг чекланиши, кириш ўринларида ҳар хил техникалар ёрдамида текшириш, тест жараёнларининг онлайн равишда эфирга узатилиши, ва албатта назоратчилар ўз вазифаларини сидқи дилдан амалга ошириши – тест жараёнларининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Иккинчидан, ижодий (касбий) имтихонлар орқали ўқишга қабул қилинадиган йўналишлар имтихонлари бошқа ҳудудлардаги таълим муассасаларининг мутахассислари томонидан олинади. Шунингдек, имтихонлар фақат бир кунда, бир соат ичида топширилади. Бу жараёнларни кузатиб бориш учун тўғридан-тўғри эфирлар йўлга қўйилади. Ҳар бир абитурентнинг иштироки видеотасмага олинади.

Учинчидан, кириш имтихонларининг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида жамоат ташкилотлари, давлат ва жамоат арбоблари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ходимлари ва маҳаллалардан масъулларнинг иштирокида жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Агарда Сиз юқорида таъкидланаётган салбий ҳолатлар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз қуйида кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

 

☎+99893 488-08-81

 

 

Ҳурматли ота-оналар, қадрли ёшлар! Бугунги авлод – мамлакатимизнинг эртанги эгалари, дунё ареналарида давлатимиз байроғини баланд кўтарадиган, бугунги ислоҳатларимизнинг, бошланган эзгу ишларимизнинг давомчиларидир. Уларнинг ҳақиқий илму маърифатли, ҳар томонлама баркамол авлод сифатида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиб етишиши – бугун Сиз ва бизнинг биргаликдаги ҳаракатларимизга боғликлигини унутманг!!!

 

Байрам Отемуратов,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори.