Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди

1024x682 - Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш  бўйича аниқ вазифалар белгиланди

Жорий йилнинг 14-июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор мажлиси бўлиб ўтди. Унда бугунги кунда халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълимнинг сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билим кўрсаткичлари ҳамда билим беришга қаратилган бошқа масалаларда сўз юритилиб, бу бўйича энг аҳамиятли масалаларга эътибор қаратилди. Ўтказилган видеоселектор мажлисидан келиб чиқиб халқ таълимининг сифати ва натижаларини сақлаган ҳолда, битирувчи ёшларни олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтишлари ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича халқ таълими раҳбарларига тегишли вазифалар берилди. Бу вазифалар замон талабидан келиб чиққан ҳолда, келажакда умумтаълим мактабларининг таълим сифатини ҳамда самарадорлигини оширишга янгича ёндашув билан боғлиқ томонларини қамраб олган бўлиб, келажакда умумтаълим мактабларининг рейтинг кўрсаткичларини натижалари асосида белгиланиши кўрсатилган. Бу ўз навбатида таълим тизими раҳбарлари зиммасидаги маъсулятни янада кўпроқ оширишга қаратилган. Шунингдек, мажлисда мактаб битирувчиларини ўқишга ва ишга қамраб олиш масалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 мингини ёшлар, 834 мингини хотин-қизлар ташкил етади. Юртбошимиз мажлисда ушбу ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал етиш энг аҳамиятли вазифаларимиздан бири эканлигини таъкидлаб, бу соҳада алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган муаммоларни кўрсатиб ўтди. Жорий йилда умумтаълим мактабларини 450 мингдан ортиқ ёшлар битирди. Шулардан бир қисмини олий ўқув юртларига ва коллежларга қамраб олган ҳолда, 170 мингдан ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги айтиб ўтилди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, 2020-2021-ўқув йилидан ёшларни мактабдан бошлаб, турмушга тайёрлаш ва касбга ўргатиш масаласига комплекс ёндашиш белгиланмоқда. Бу жараён 2 йўналишда амалга оширилади. Яъни, ўқитиш йўлга қўйилаётган “Тарбия” фани орқали ёшларга юқори мақсадларга эришиш бўйича мотивация бериш, ўз устида доимий ишлашлари зарурлиги таъкидлаб борилади, уларнинг қизиқишлари ва қобиляти орқали касбга йўналтириш ишлари ташкил этилади. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб мактаб ўқувчиларини касблар кесимида қизиқишлари аниқланади. 8-9-синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан роботехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади. Шунингдек  Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Касбга тайёрлаш ва сертификатлаш” марказини ташкил этиш ва 11-синф битирувчларига эгаллаган касбий кўникмалари бўйича халқаро даражада тан олинадиган сертификатлар бериш режалаштирилган. Мактаб директорлари ва ўқитувчиларининг ўз битирувчилари келажагига жиддийроқ ёндашиши борасидаги механизм йўлга қўйиш вазифаси белгиланди. Унга кўра директорларнинг фаолиятига бундан буён- айнан битирувчларнинг олий ўқув юртларига кириши, касб эгаллаб ўзларига муносиб иш топиш даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўлаш механизмини йўлга қўйиш вазифаси ҳам белгиланган.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.