ҚЎЛНИ КЎКСИМИЗГА ҚЎЙИБ САЛОМЛАШИШ ХАЛҚМИЗНИНГ АЗАЛИЙ УРФ-ОДАТИ ҲИСОБЛАНАДИ

.jpg - ҚЎЛНИ  КЎКСИМИЗГА  ҚЎЙИБ САЛОМЛАШИШ ХАЛҚМИЗНИНГ АЗАЛИЙ УРФ-ОДАТИ ҲИСОБЛАНАДИ

Ҳозирги даврда жаҳондаги барча давлатлар COVID-19 пандемиясига қарши курашиб келмоқда ва бу инсоният учун жудда катта синов бўлмоқда. Пандемия бир неча ой ичида инсонларнинг ҳаёт ва турмуш тарзини, ишлаш шароитларини кескин ўзгартириб юборди. Шифокорлар ва бошқа мутасаддилар бу касалликка қарши курашиш бўйича йўриқнома ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Синовли ва мураккаб бўлган ҳозирги даврда ҳар бир инсон ўз масъулиятини теран ҳис қилиб, талаб қилинаётган қоидаларга тўла амал қилгандагина короновирусни енгишимиз мумкин. Афсуски, барча ҳам ўзининг оддий хатти-ҳаракати билан атрофдагиларга, яқинларига, оиласига қанчалар хавф туғдираётганини тўлиқ англаб етмайяпти.

Оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалар орқали ҳозирги пандемия шароитига мос тартиб-интизом, тегишли қоидаларга амал қилиниши узлуксиз равишда тушунтирилаётган бўлса-да, айрим масъулиятсиз фуқаролар оддий қоидаларга амал қилмаяптилар. Масалан, аҳоли аросида ҳалигача бемалол қўл бериб кўришиш, қўлни ташқи қисмини мушт тарзида теккизиш, тирсакларни тирсакларга теккизиш ҳолатларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Шундай ҳолатлар бўлмоқдаки, дўст-биродарларимиз ёки танишларимизни кўриб қолганда уларнинг айримлари зарурий масофани ҳам сақламасдан, кўришиш учун дарҳол қўлини узатмоқда. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, узр сўраб, қўлингизни кўксингизга қўйиб масофа сақлаб салом берсангиз улар чин қалбдан хафа бўлиб, ҳар хил фикрларга боришмоқда. Гуёки уларнинг пандемия шароитидаги тартиб-интизом, қоидалардан умуман хабари йўқ ёки ҳолатга менимасдан қарамоқда. Тўғри, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан пандемия шароитига амал қилмаётганларга тегишли чоралар кўрилмоқда. Лекин улар томонидан барчани назорат қилиш жуда қийин. Бу бир қарашда оддий, “кузга кўринмайдиган” муаммо бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бу пандемия шароитига ҳам бизни ўша назар илғамас вирус олиб келдику. Шу боисдан бу вирусни енгиш учун белгиланган қоидалардаги ҳар бир деталга эътибор қилган ҳолда темир интизом билан ёндашиш зарур.

Қайси давлатларда аҳоли белгиланган интизомга якдил бўлиб амал қилаётган бўлса, ўша давлатларда пандемия енгил ўтмоқда ва айримлари вирусни енгиш арафасида. Мисол учун, Япония давлатида аҳоли пандемияга қарши курашиш учун талаб қилинаётган қоидаларга жуда масъулият билан амал қилиши билан бирга, уларнинг миллий маданиятига хос “Одзиги” деб номланувчи анъанавий таъзим этиш билан ўзаро саломлашишади ва сўрашишади. Энг муҳими, “Одзиги”да кишилар бир-бирига ҳеч қандай қўл узатишмайди ва ижтимоий масофа сақланади. Япон халқининг пандемияга қарши курашишида бу омилларнинг ўрни асосий эканлиги эҳтимолдан узоқ эмас.

Саломлашиш одоби азалдан миллатнинг урф – одатларини ўзида мужассам этувчи, бошқа мамлакатлар олдига ўзлигини кўрсатиб берувчи қадрият ҳисобланади. Ҳозир вазият бизни ўзлигимизга қайтиш, аждодларимиз томонидан қолдирилган одоб-ахлоқ меъёрларига, менталитетимизга хос бўлмаган ўпишиб кўришиш, бошни уруштириб “шохлашиш” каби саломлашиш усулларидан воз кечиш учун қулай фурсат эмасми?

Бизда ҳам азалдан масофани сақлаган ҳолда, қўлни кўксимизга қўйиб саломлашишдек миллий маданиятимизга хос жуда чиройли ва маъноли  анъанамиз бор. Ҳозирги пандемия шароитида эса бу гўзал одатимизнинг аҳамияти нақадар катта эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, халқимиз, яқинларимиз, оиламиз саломатлиги йўлида гарчи кўп замонлардан буён онгимизга сингиб қолган бўлса-да, қўл бериб кўришишдан тийилишимиз лозимлиги аллақачон давр талабига айланиб улгурди. Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, қолаверса, ота-боболаримиздан маънавий мерос бўлиб келаётган анъаналаримизга содиқ қолган ҳолда қўл бериб ва қучоқлашиб кўришишдан воз кечишни бутун халқимизга тавсия этамиз.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Фан, таълим, маданиятва спорт масалалари қўмитаси аъзолари.