AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Ижтимоий тармоқдаги пост юзасидан

“Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ ва давлат/Народ и государство” гуруҳида Нукус давлат педагогика институтида ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ташкил этилмаганлиги, ўзбек тили кафедраси мудирининг мутахассислиги тўғри келмаслиги ҳамда иш жараёнида профессор-ўқитувчиларга бўлган муомала маданияти ҳақида пост эълон қилинди.

 

Ушбу постда кўрсатиб ўтилган масалалар бўйича Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қуйидагиларни маълум қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида барча ОТМларда ўзбек тили ва адабиёти кафедрасини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

 

Нукус давлат педагогика институтида “5111200 – Ўзбек тили ва адабиёти” бакалавр таълим йўналиши, “5А111201 – Ўзбек тили ва адабиёти” магистратура мутахассислигига 2 кафедра – ўзбек тили ва ўзбек адабиёти кафедралари масъулдир. Мутахассислик чиқарувчи кафедралар бўлганлиги учун яна “Ўзбек тили ва адабиёти” деб номланган кафедрани ташкил қилишга эҳтиёж сезилмайди. Чунки, бундай кафедрани нофилологик йўналишлар мавжуд бўлган ОТМларда ташкил қилиш мантиқан тўғри бўлади.

 

Шунингдек, кафедра мудирларининг мутахассислиги тўғри келмаслиги ҳақидаги масалага тўхталсак, ҳар икки кафедра мудирининг мутахассислиги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. Ҳар бири фан номзоди, доцент илмий унвонига эга мутахассислардир. Ҳар икки кафедра мудири ҳам танлов асосида 5 йил муддатга сайланган (2016, 2018).

 

Ўзбек адабиёти кафедраси илмий салоҳияти яқин 2 йилда 33 фоиздан 90 фоизга кўтарилди. Ўзбек тили кафедрасида 2 нафар профессор-ўқитувчи PhD диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1 нафар профессор-ўқитувчи DSc, 2 нафари эса PhD диссертацияларини ҳимоя қилиш арафасида. 1 нафар фан доктори профессорлик унвонини олиш учун ҳужжатларини ОАКка тақдим қилди.

 

Ҳар икки кафедра мудирлари 2020 йилда Туркия Республикаси Анкара университетида стажировкада бўлиб, ўзбек тили ва ўзбек адабиёти фанидан маъруза ва амалий машғулотлар олиб бордилар.

 

Ўзбек тили кафедраси мудири тил таълимини рақамлаштиришга бағишланган инновацион лойиҳаси билан 2019 йилда “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” II Республика танлови ғолиби бўлди. Унинг меҳнатлари муносиб тақдирланиб 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими фахрий унвони берилди.

 

Ижтимоий тармоқда эълон қилинган ушбу постдаги яна бир масала, ўзбек тили кафедраси мудирининг иш фаолиятидаги хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги фикрга тўхталадиган бўлсак, постда муаллифнинг фикрлари аниқ далиллар билан кўрсатиб ўтилмаган.

 

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда Нукус давлат педагогика институтида ўзбек тили кафедраси ва ўзбек адабиёти кафедраси мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, яна “Ўзбек тили ва адабиёти” деб номланган кафедрани ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаймиз.

 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти матбуот хизмати.