AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Нукус давлат педагогика институтида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди

Бугун, 3 сентябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2020-2021 ўқув йили учун бакалавриатнинг кундизги ва сиртқи таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

 

Касбий (ижодий) имтиҳонлар 4 ўринда – жисмоний маданият (шу жумладан, хотин-қизлар спорти) бакалавриат таълим йўналиши бўйича Нукус шаҳар ХТБга қарашли 9-сон умумтаълим мактабининг спорт майданчасида, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси бакалавриат таълим йўналиши бўйича институтнинг чет тиллари ва жисмоний маданият факультетлари биносининг спорт залида, мусиқий таълим бакалавриат таълим йўналиши бўйича институт бош биносининг кичик мажлислар залида, шунингдек, ўқиш қозоқ ва туркман тилларида олиб бориладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича имтиҳонлар институт бош биносидаги катта сиғимлиққа эга спорт залда ўтказилмоқда.

 

Имтиҳонларга кириш жойлари дезинфекцион туннель, тана ҳароратини ўлчаш учун пирометрлар билан жиҳозланган бўлиб, махсус тиббиёт ходимлари ҳар бир абитуриентнинг ҳароратини ўлчаб, уларга тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплар бепул тарқатилмоқда.

 

Шунингдек, абитуриентлар учун қулайлик яратиш мақсадида имтиҳонлар ўтказиш жойларида бепул ручка, қоғоз, қалам, ичимлик суви тарқатиш ишлари йўлга қўйилган.

 

Имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида Бухоро давлат университетидан малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилди.

 

Шунингдек, пандемия шароитида абитуриентларнинг ота-оналарининг саломатлигини таъминлаш ва уларинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида институт расмий веб-сайтида https://ndpi.uz/qq/online-kamera/ веб-манзили орқали касбий (ижодий) имтиҳонлар онлайн трансляция қилинмоқда.

 

Касбий (ижодий) имтиҳонлар 14 кун давомида ўтказилиши режалаштирилган.

 

Маълумот учун, 2020-2021 ўқув йили учун институтнинг бакалавиатура кундизги таълим йўналишларига жами 2125 ўрин (шундан, 500 давлат гранти, 1625 тўлов-контракт асосида), сиртқи таълим йўналишларига тўлов-контракт асосида 1400 ўрин, шунингдек, янги ўқув йилида кечки таълим йўналишлари учун тўлов-контракт асосида 100 ўрин ажратилди. 20 июньдан 20 июльга қадар бир ой давомида мазкур таълим йўналишларига 31 309 абитуриентдан ҳужжатлар қабул қилинди.

 

Шундан, 26 728 абитуриент тест синовларида иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, қолган 4581 абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос равишда касбий (ижодий) имтиҳонларни топширади.

 

Ислам Матеков,

Нукус ДПИ матбуот котиби.

Муаллиф олган расмлар.