AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Абитуриентларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш тартиби қандай?

Қонунчиликка кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

Шикоят берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.

Абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест топшириқлари китоби берилади.

Абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.

Шикоят апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.

Ёзма жавоблар ўз тасдиғини топмаса, комиссия натижаларни ўзгаришсиз қолдиради.

Шикоят қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилмайди:
 абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига етказилмаган ёки йиртилган бўлса;
абитуриент тест синовларидан четлаштирилган бўлса;
абитуриент ўз жавобларини ёзма равишда баён қилмаган бўлса.

Апелляция жараёнида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
🔸 уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар (луғат, жадваллар бундан мустасно) олиб кириш;
🔸 тест материалларини бошқа абитуриентга узатиш, уларга ёрдам бериш ёки ёрдам олиш;
🔸 тест топшириқлари китобининг варағини йиртиш.

 Комиссия қарори бўйича маълумот Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига апелляция жараёни тўлиқ тугаганидан сўнг 5 иш куни ичида тақдим этилади.

Абитуриент апелляция натижалари юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.