AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Тил миллий ўзликни англаш асоси

Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлинмаси ҳамда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа педагогика факультети ҳамкорлигида “Тил – миллий ўзликни англаш асоси” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлинмаси раҳбари А.Матниязова, Элликқалъа тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Хўжаниязов, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Қ.Қодиров, факультет декани профессор Ж.Алланазаровлар таъкидлаганидек, собиқ иттифоқ ҳукмронлик қилиб турган бир пайтда – 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва унинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб, белгилаб қўйилиши мамлакатимиз мустақиллиги сари қўйилган биринчи ва муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланади.

Дарҳақиқат тил миллат кўзгуси, унинг ғурури, тафаккури манбаидир. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. 

Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ибратли фикрлари бугунги кунимиз учун ҳам муҳимдир. Тилни асраш, ўрганиш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг янада ривожланиши, таълим-тарбия жараёнига татбиқ қилиниши қувонарли ҳолдир”.

Анжуманда иқтидорли талабалар ўзларининг ишлаган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” мавзусидаги видео-роликлари, ижодий иншолари ҳамда шеърларини тақдим қилди.

Тадбир доирасида ғолиб талабалар Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа тумани бўлинмаси томонидан “Ташаккурнома” ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.