Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – давлатимиз тараққиётининг пойдевори
Кишилик жамиятида инсоният цивилизацияси пайдо бўлгач дастлабки қонунлар ҳам яратилган. 1977 йилда археологлар қадимий Мессопатамиянинг Гирсу шаҳридан б.э.а. III мингинчи йилларга тегишли бўлган, шоҳ Лагаш томонидан чиқарилган қадимги қонунлар матнини топишган. Дунёда Конституция пайдо бўлгунгача Хаммурапи, Солон қонунлари, Афинадаги Клисфен ва 1512 йилда Англияда қабул қилинган Буюк Эркинликлар Хартиялари асосий қонунлар сифатида эътироф этилган. Фақат ҳақиқий юридик атама Конституция номи билан тарихда биринчи аталган, ёзма ҳуқуқий ҳужжат бу – АҚШда 1789 йил 4 мартда қабул қилинган АҚШ Конституцияси ҳисобланади. Унда биринчи марта ҳокимият ваколатларининг бўлиниш тамойили, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари, зулмга қарши кураш масалалари ёзма равишда мустаҳкамланган эди. Тез орада Польша ва Францияда, Европанинг кўплаб бошқа давлатларида шундай Конституциялар қабул қилинди.
Ҳозирда дунёда формал турда 7 тамамлакатнинг Конституциялари йўқ. Лекин, уларнинг ҳар бирида ўзлари амал қиладиган қонунлари мавжуд. Бугунги кунда дунёда энг моддаси кўп Конституция бу – Ҳиндистон Конституцияси бўлиб, у 395 моддадан иборат. Энг қисқа Конституция эса АҚШ Конституцияси ҳисобланиб, бор-йўғи 7 моддани ўз ичига олган, 4400 сўздан тузилган, ҳозиргача ҳаммаси бўлиб 27 та ўзгартиш киритилган.
Хўш, ўзи Конституция нима?
«Конституция» тушунчаси лотинча «Constitutio» сўзидан келиб чиққан бўлиб, ўрнатиш, белгилаш, жорий этиш маъноларини билдиради.
Қадимги Рим давлатида император томонидан чиқарилган алоҳида актларни шу ном билан атаганлар. Бу актлар бошқа актларга нисбатан манба бўлиб хизмат қилган.
Қадимги вақтларда «конституция» атамаси билан ҳуқуқий томондан белгилаб қўйилган давлат тузумини атай бошлаганлар. Шу маънода ХIII-ХIХ асрларда Мовароуннаҳрда маълум даражада таъсир кўрсатиб келган Чингизхон ёзуси ва Амир Темур тузуклари шарқона маданиятга монанд конституциявий ҳужжатлар эди.
- Конституция – давлатнинг асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради.
- Конституция – давлатчилик белгисидир. Бир-биридан фарқланувчи юридик ва ҳақиқий (фактик) Конституция тушунчалари бор. Юридик Конституция ижтимоий муносабатлар доирасини тартибга солувчи маълум ҳуқуқий нормалар тизимидир. Ҳақиқий Конституция эса – шундай муносабатларнинг ўзи, яъни реал мавжуд муносабатлардир.
Конституция деганда давлат ва жамият ривожининг асосий йўналишларини ва уларнинг тузилишини белгилаб берувчи асосий қонун тушунилади. Конституция давлат ва жамият ҳаётини тартибга келтирадиган энг олий юридик ҳужжатдир. Унинг нормаларида давлат сиёсатининг принциплари, шакл ва услублари, уни амалга ошириш механизми мустаҳкамланади.
Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўз давлатининг тарихини билиши шарт. Келгуси конституциявий ривожланишимизда хулоса чиқармоқлик учун ҳам унинг яхши-ёмон, қалтис ва мустаҳкам томонларини пухта ўрганиб чиқмоғимиз зарур.
Ўзбекистон конституциявий ривожланишининг тарихи уни узоқ вақт давомида (70 йилдан ортиқ) мустамлака қилиб турган Совет Иттифоқининг конституциявий ривожланиши билан боғлиқ ва ўша конституциявий ривожланишга мос келади.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилингунга қадар мамлакатимизда учта Конституция қабул қилинган эди.
- Биринчи Конституция 1927 йил 31 март
- Иккинчи Конституция 1937 йил14 февраль
- Учинчи Конституция 1978 йил 19 апрель
Мазкур конституцияларга хос хусусиятлар қуйидагилардан иборат бўлган:
- Конституция синфий қараш ва ёндашувларни акс эттирар эди;
2.Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари давлат ва жамият манфаатларига буйсундирилган эди;
- Ўта мафкуралаштирилган эди;
- Миллий мустақил давлат фаолиятига йўл қўйилмаган эди.
Мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилишига асосан иккита омил сабаб бўлди:
- Булардан биринчиси жамиятнинг бозор муносабатлари томон тутган йўли, яъни Ўзбекистоннинг жаҳон тараққиётидаги умумий қонуниятлар ва йўналишларга мувофиқ равишда дунё ҳамжамиятига кириб бориши бўлди. Конституция ва қонунларни қайта кўриб чиқмасдан туриб, бозор иқтисодиётига ўтишни амалга ошириб бўлмасди.
- Ўзбекистонда давлат мустақиллиги эълон қилинганлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этган иккинчи омил бўлди. Ўзбекистон ҳудудида амал қилиб келган барча конституциялар ўз халқи ва ҳудудини эркин ва демократик асосда бошқарадиган мустақил давлат конституциялари эмас эди.
Республика ўз давлат мустақиллигини қўлга киритгач, табиий равишда, мазкур давлат мустақиллигини Конституция асосида мустаҳкамлаб қўйиш муаммоси бутун бўй-басти ва кучи билан кўндаланг бўлди. Конституцияда янги давлатнинг табиати, унинг ички ва ташқи сиёсати тамойиллари, инсон ҳуқуқларига, давлат суверенлигига, демократиянинг ва ижтимоий адолатнинг олий мақсадларига содиқлиги мустаҳкамлаб қўйилмоғи лозим эди.
Республиканинг янги Конституциясини ишлабчиқиш зурурлиги тўғрисидаги ғоя ХII чақириқ Олий Кенгашнинг 1990 йил мартида бўлиб ўтган биринчи сессиясидаёқ янграган эди. Олий Кенгашнинг 1990 йил июнда бўлиб ўтган иккинчи сессиясида Президент Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссия ташкил этилди.Комиссия таркибига вилоятлар,Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари, хўжаликлар, корхоналарнинг раҳбарлари, давлат ва жамоат идоралари раҳбарлари, олимлар ва халқ хўжалиги мутахассислари кирди.Конституция лойиҳаси икки маротаба умумхалқ муҳокамасига қўйилди.1992 йил, 26-сентябрь ва 1992 йил, 21-ноябрь.1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгаришлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди.Шундан сўнг Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, Бош Қомусимиз қабул қилинди.Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддима, 6 та бўлим, 26 та боб, 128 моддаларни ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қуйидаги бўлимлардан иборат:
- 1- бўлим: Асосий принциплар;
- 2- бўлим: Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари;
- 3- бўлим: Жамият ва шахс;
- 4- бўлим: Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши;
- 5- бўлим: Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши;
- 6- бўлим: Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби.
Конституция алоҳида юридик ҳусусиятга эга бўлган ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Конституцияда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади, давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятининг амалга ошириш меҳанизми белгиланган, жамият, инсон ва фуқароларнинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари мустаҳкамланган.Асосий Қонунимиз АҚШ, Буюк Британия, Франция, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгаши каби бир қатор нуфузли давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланди.
1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши дунё сиёсий харитасида янги суверен давлат қарор топганлигини юридик жиҳатдан расмийлаштирди, у давлатнинг мустаҳкамланиши ҳамда ривожланишининг ҳуқуқий асосини ташкил этди, мамлакат тарихида эса оламшумул воқеа бўлди.
Конституция дунё сиёсий харитасида янги суверен демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси қарор топганлигини қонунлаштирди. Бутун жаҳон аҳлига халқимизнинг хоҳиш-иродаси баён қилиниб, унда ўзбек давлатчилигини замонавий маърифий асосларда қайта тиклаш, тинч-тотув яшаш ва тинчликни барча чоралар билан мустаҳкамлаш, демократияни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларига содиқ қолиш, адолатли ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар осойишталиги ҳамда миллий ҳамжиҳатликни таъминлаш каби олижаноб ниятлар эълон қилинди.
Конституция жамият ва давлат ҳаётини йўналтириб турувчи бош ҳуқуқий асос бўлишига қарамай, у ҳам ҳар қандай қонун каби ўзгармас догма эмас. Конституция матини ҳар қанча барқарор сақлашга уринмайлик, у жамият ривожланиши ва юксалишининг эҳтиёжлари, ҳаёт талаблари таъсирида ўзгариб ҳамда такомиллашиб боради. Асосий қонунимизнинг мазмуни ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги демократик ислоҳотлар билан мунтазам тарзда уйғунлаштириб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишларнинг изчиллигини, босқичма-босқичлилигини Конституцияга киритилаётган тузатишлар, ўзгартиш ҳамда қўшимчалар орқали идрок этиш мумкин.
Конституциямизнинг ҳаётимизда янада муҳим ўрин эгаллаб боришига сабаб, унинг ҳаёт эҳтиёжларини ўзида акс эттириб, такомиллашиб бораётганлигидир. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 1992 йил 8 декабрдан буён,яъни 28 йил ичида ўн тўрт маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Шундай қилиб, давлатимиз раҳбарлари ташаббуси билан Асосий қонунимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, аввало, юртимизда сиёсий барқарорлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлашга, фуқаролик жамиятини барпо этишга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўла-тўкис ҳимоя қилишга, жамиятимиз ривожи ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Энг охирги ўзгартириш2019 йил 4- сентябрда 117 ва 97-моддаларга киритилган ўзгартиришлардир.
Умумий қилиб айтганда, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ҳуқуқий давлатни барпо этишга йўналтирилган ислоҳотларга ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтамоқда ва Ўзбекистон тарихида, узоқ, давомли мақсад ва вазифаларимизни аниқ белгилаб беришда ўзининг пухта ўйланган тамойил ва қоидалари билан ишончли ва ҳал қилувчи омил бўлди, деб таъкидлашга барча – барча асосларимиз бор.
Шундай қилиб, мухтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек, «Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямизюртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда».
Ўзбекистон Республикаси конституциясига киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш жараёни ҳеч қачон ортда қолмаётганини, одамларимиз ўзгариб, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги ошаётгани, онгу тафаккури юксалиб, ён-атрофда бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи ортиб бораётгани мисолида кўришимиз ва англашимиз қийин эмасдир.
Т. Кудайбергенова,
Ажиниёз номидаги НДПИ доценти, п.ф.н.