ОЛАМ АҲЛИДА ВАФО ҚАНИ?
Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланади
Навоийшунослар ва Навоий ижоди тарғиботчилари таҳлиллари, тадқиқотларини ўқиб, Навоийни қанчалик биламиз деган савол ҳамон дунё жамоатчилигида маълум бир тўхтамга келинмаганлигини ҳис қилгандекман. Чунки инсонлар зоҳиран ҳайбатли уммонга яқинлашади-ю, ботинан унинг замирида неча-неча инжуларнинг саф тортганини англашда қийналади. Хўш, бугунги ҳаётимизда рўй бераётган ўсиш, ўзгаришлар, янгиланишлар, глобал дунёнинг қиёфаси, инсон табиати ва руҳиятига Навоий қанчалик маъно тақдим қилмоқда. Англаш ва англатиш даражасида-чи? Саволлар бисёр, аммо, лекин ҳазрат Навоийни англаш босқичлари Аллоҳ таолонинг “Қуръони карим” китобидаги суралар ва улардаги оятларни англаш даражасида тайёр қалб соҳибларини тарбиялашдек шарафли улуғ иш турганлигини ҳам унутмаслик лозим. Жумладан, “Қуръони карим”нинг “Кимда-ким яхши шафоат ила (бировни) ҳимоя қилса, унга ҳам ўша (ҳимояси)дан насиба (савоб) бўлур. Кимда-ким ёмон шафоат ила (бировни) ҳимоя қилса, унга ҳам ўша (ҳимояси)дан насиба (гуноҳ) бўлур. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир”(Нисо сураси, 85-ояти)да шундай келтирилади. Бу оятнинг Навоий ижодига тааллуқли юзлаб жиҳатларни муқояса қилиш мумкин. У 20-22 ёшларида фақирлик, сотқинлик, зулм, хиёнат, жабру ситамларни кўп тотиб, Маҳшаддан қўним топади. Айниқса, Ҳиротдан узоқда, ёру дўстларидан йироқда умр кечириш, оч-наҳор ва юпун ҳаёт унинг ботини – иймонини мустаҳкам асосда улғайишида катта роль ўйнайди. Фақирлик, мазлумлик, атрофдаги одамлардан етган озорлар, бошга тушган кетма-кет кулфатлар шоир руҳониятини янада юксакка чорлади.
Ҳазарт Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” куллиётида 100-рақамли “Муҳтож” радифли ғазалининг ўзиёқ юқоридаги мулоҳазаларимизни тўлалигича тасдиқлайди:
“Фақр аҳлиға подшо муҳтож,
Ўйлаким шоҳға гадо муҳтож.
Ёрға билгач эҳтиёжимни,
Бўлмадим кимсага яна муҳтож”(67-б).
Фақирлик боис бир жойда қўним топиш пайида Навоий ҳар қанча уринмасин, унга Аллоҳ таолонининг берган неъматларидан бошқа неъматнинг кераги йўқлигини тушуниш мумкин. Ёрга бўлган эҳтиёж Навоий кўнглини нур каби ёритиб, бошқа инсон зотига муҳтожлик сезмаганини кузатамиз. Халқаро Ислом академияси тадқиқотчиси Н.Шоалиева шундай ёзади: “Фақр” сўзининг луғавий маъноси “муҳтожлик” ва “қашшоқлик”дир. Суфийлар истилоҳида эса “Худо олдида ниёзманд (муҳтож) бўлмоқ ва ундан ўзгага бениёзлик (муҳтож бўлмаслик)” маъносини билдиради”. Қарийб ёшликнинг фараҳбахш дамларини фақрликда ўтказган Навоий 22 ёшида Маҳшаддан Ҳиротга қайтиб келиб, саройда фаолият бошлайди. Икки йил ўтар-ўтамс амалдаги ҳукумдор Абусаид мирзо буйруғи билан Ҳиротдан яна чиқарилиб юборилади. Бу маълумотларни кўплаб навоийшунос олимлар тадқиқотлари тасдиқлайди.
Навоийшунос Ваҳоб Раҳмонов маълум қилишча: “Навоий Саййид Ҳасан Ардашерга ёзиб қолдирган мактубида қуйидагича мисралар бор ва унда севгига мубталолик ҳам айтилган:
Сафар тушти олдимға ихтиёр,
Қазо амрида элга не ихтиёр…
Аниким, қилиб ишқдин ёралиғ,
Насиб айлабон анга оворалиғ…
Алишер Навоий Самарқандга жўнар экан, сафар ҳисларимнинг ўтини сўндирар, деган ўй-хаёлда эди. Чунки у “Сафар ишқ ўтини камайтиради”, “Сайр ишқни камайтиради” деган ҳикматларни эшитган эди”(“Мумтоз сўз сеҳри”, 2015, 73-бет”). Дарҳақиқат, яна ўзининг Ватанидан йироқ тушиш изтироби Навоий ботинида ўсиб келаётган Улкан ишқнинг кучайишига замин яратади. Бу ундан ҳеч ҳам афсус чекмайди. Ундаги сабр, кутиш, матонат, ирода кўпроқ изланишга, ҳаётни теран ўрганишга кенг йўл очади. Одатда, “сафар ва сайр”нинг тагида берилган Улуғ Аллоҳ ризқи ҳамда марҳаматининг нечоғли беҳисоб эканлигини Навоий кейинчалик яратган асарларида турли шаклларда, жанрларда исломий ақидалар негизида исботлаб берди.
Навоийга ўша пайтларда суиқасд қилиш ниятида юрган мунофиқлардан озорлар етмади дейсиз. Мунофиқлик бобида Низомулмулк, Астрободда хос мулозимларидан бири Ҳайдар Сабуҳий, Маждиддин кабиларнинг қинғир ишлари Навоийга қилинган энг ашаддий душманликлардан бири эди. Буларнинг барчасини сабру матонат билан енгиб тўган Навоий 42 ёшида “Хамса” асарида батафсил баён қилган. У ҳар қандай давлатнинг устуни Ҳақ таоло амрига бўйинсуниш ва адолат туғини маҳкам ушлашда деб билади. “Қуръони карим”да “Агар мени ўлдириш учун қўлингни мен томонга чўзсанг, мен сени ўлдириш учун Сен томонга чўзувчи эмасман. Ахир, мен оламлар рабби – Аллоҳдан қўрқаман”(Моида сураси, 28-оят). Бу оятдан ҳам билиш мумкин, Одам атонинг икки ўғли Ҳобил ва Қобил ҳақида гап кетмоқда. Қобилнинг зулми боис тавбаси қабул бўлмай, ўзининг ўч олиш ниятида эканлигига ишора қилинмоқда. Навоий кўп ғазалларида мана шу жиҳатларни бот-бот тилга олади. Сўфий шоирнинг “вафо” ва “жафо” тушунчаларига теран маъно бағишлаган қуйидаги мисраларида ҳам мавжуд:
Ким қилди бир вафоким, юз жафосин кўрмадим?
Кўргузиб юз меҳр, минг дарду балосин кўрмадим?!
Кимга бошимни фидо қилдимки, бошим қасдиға
Ҳар тарафдин юз туман тиғи жафосин кўрмадим?!
Мазкур ғазалнинг “кўрмадим” радифида такрор таъкиднинг ўзиёқ, Навоий ҳаёти саҳифаларида бошига тушган ғаму ташвишларнинг ҳар қачонгидан ҳам кўп эканлигини юзага чиқармоқда. Жонини хатарга қўйиб, ҳатто ўлим билан олишган лаҳзаларни ҳам очиқ-ойдин битиб қолдирган. Кўп ҳолларда Навоий борлиқдаги сабаб ва оқибатларни дину диёнатсиз, маърифатсиз кишиларнинг қилган қинғир иллатлари деб, тушунади. Ушбу жиҳатларнинг Навоий ижодиёти концепциясида алоҳида мавқе касб этиши барчага маълум.
“ФАСОҲАТ МУЛКИНИНГ СОҲИБҚИРОНИ”
Одатда Навоий асарларидаги бир-бирига мантиқан боғланган бақо ва фано орасидаги концепция – Аллоҳ таоло амру фармони “Қуръони карим”нинг ҳар бир оятларидаги ҳаётга татбиқ доирасини шеър шаклида оммага етказиш маҳоратининг нечоғли юксалгани билан ўлчанади.
Исломшунос олим Аҳмад Муҳаммад қайд этишича: “Агар Қуръони Карим матнини кузатсак, унда фикрлар мусаффолигини, оятлар оҳангини, Қуръон тили фасоҳатли, маънога бой, ташбеҳларга тўлалигини, ундаги нутқ таъсирчанлигини кўрамиз. Бундай фасоҳатли асар араб оламида Исломгача ҳам, Исломдан кейин ҳам бўлмаган. Аллоҳ таоло айтади: «Ва агар бандамизга туширган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг» (Бақара сураси, 23-оят). Бинобарин, фасоҳат – тилнинг хатога юз буриши эмас, барча учун тушунарли бўлган бир шаклда баён қилишни ҳам назарда тутиш мумкин. Навоий олам ва одам кўрки – унинг Аллоҳга итоати ва Пайғамбарга саловатида ҳам ажиб жилога лимо-лим бўлади деган абадий ҳикматномани бутун инсониятга мерос қилишдан бошқа ҳаловат йўқ деб билади. Навоий асарларидаги сўз синтаксиси шундай бир иморатки, ундаги маъно тагидаги маъно, яъни нафис оҳангдорликка ошуфта қалб “Хамса” ҳайратларида янада маҳобат касб этади. Демак, фасоҳатга ошуфталик олам зийнати ва неъматининг Яратувчиси Аллоҳга бўлган Улуғ муҳаббатда деб, ўйлаймиз. Фикрий маҳдудлик қанчалик зиёнкор бўлса, фикрий инқироз ҳам шу қадар бефойдадир. Ундан туғилувчи хатолар инсониятн ҳалокат чоҳига итқитиб юбориши тайин. Навоий ана шу баландликдан туриб – СЎЗ айтади!
Эътибор берган бўлсангиз, кўпчилик асарларида, айниқса ғазалларида “ҳамд” ва “наът” бутун олам Яратувчиси Аллоҳ таоло ва унинг Расули Муҳаммад с.а.в.нинг мадҳига изҳор равишда гўзал бир мазмун тарзида янграйди. “Адабиёт учун муҳим ва эътиборли жиҳати шундаки, ақидага кўра, Аллоҳ тобеларидан ёмонлик кутмайди. Чунки Яратган ўзига тобелик учун ёмонлик қилишни эмас, пок – яхши йўлдан юришнигина раво кўради. Тавҳид, яъни Аллоҳнинг ягоналигини ҳис этиб яшаш тарғиби Навоий фалсафасининг асосий ғояларидан ҳисобланади”(З.Ғафорова). Жумладан, мўмин кишининг фасоҳатли кишилар элига ошинолиғи унга ҳаётда фақат бахту иқбол олиб келишига алоҳида урғу беради. “Садди Искандарий”нинг ҳикматнома достони янглиғ одамзодга тортиқ қилиниши ҳам бжиз эмас:
Киши ҳанзал экса, аччиғ бар топар,
Ва гар найшакар экса – шаккар топар.
Ки ҳар ким аён этса яхши қилиғ,
Етар яхшилиқдин анга яхшилиғ.
Мазкур байтнинг ўзиёқ Навоий ҳазратининг азалий ҳикматга итоат қилиб яшаш иймондан эканига, яхшиликнинг бир кун келиб яхшилик қайтиши, ундан бўлмаса Яратгандан, жуда бўлмаса бошқа бир мўминдан қайтишига ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам инонтиради. Эшитиш орқали – қалбни ҳам даволаш, яхши хулқнинг, яхши одобнинг зийнати одамнинг ким эканлигини англатиши ҳам кўп ўринларда алоҳида тилга олинади.
Ҳар қандай ёмонликдан огоҳ киши – фасоҳат соҳиби бўлибгина қолмай, вақтида тадбир қила олиш даражасида закий ва зийрак ҳам бўлади. Бундай карам соҳиблари дунёни мувозанати Аллоҳ таоло иродасининг, Расули акрам саховатининг мазмунида деб билади. Навоий жуда кўп ўринларда тилни, қулоқни, дилни, кўзни, бутун инсон жисмини зиён-заҳмат берувчи чиркин иллатлардан мудоми пок тутиб, унга бир умр амал қилиб яшаш лозимлигини асосий ўринда кўради.
Олам аҳлида вафо қани? Навоий бу гўзал саволни бутун бошли ижодиётида маржон каби бир ажиб шаклда изҳор қилганлигида кўринади. Гарчи ўзи ҳар бир байтга мазмуннинг шаклини, шаклнинг мазмунини жо қила олган ҳазрат интилиб яшаган идеал аслида Яратганнинг азиз ва мукаррам Одам атодан то шу бугунга қадар етиб келган ҳар қандай мажбуриятга муносиб бўлиш билан, масъулиятга таяниб яшаш лозимлигини авлодлар қалбига сингдиришдан иборат деб билганидадир.
“Эй, Навоий, олам аҳлида мутлақ вафо йўқ!” тарзидаги умумбашарий хулосаси ҳам фақатгина ўткинчи дунё ҳою ҳавасларига муккасидан кетганларга қарата айтилган ҳайқирик ва унинг бизга сирли мактубдек жўнатилган ҳаётий ақидаси десак, асло муболаға бўлмайди.
Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,
филология фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори,
Ажниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти
ижтимоий ва гуманитар фанлар кафедраси мудири.