AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

«Навоий ва ёшлар» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Бугун, 9-февраль – буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг таваллуд топганига 580 йил тўлди. Сана муносабати билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Навоий ва ёшлар» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни институтнинг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича проректори Қ.Қадиров олиб борди.

 

Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат халқимизнинг, шу билан бирга, жаҳон адабиёти тарихида ҳам ўзининг ажралмас ўрнига эга.

Сўз мулкининг султони Навоийнинг бой ижодий меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, унинг асарларини юртимизда ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрьдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Мазкур тадбирда институтнинг ўзбек тили кафедраси профессори, филология фанлари доктори Ю.Ибрагимов «Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул луғатайн» асари мадҳи», Нукус шаҳар 38-сонли мактаб ўқитувчиси «Умумий ўрта таълим мактабларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг ўргатилиши», институтнинг ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги 1-курс магистранти Ф.Замонова «Навоий ғазалларини ўқитишда рақамли технологиялардан фойдаланиш», ўзбек тили ва адабиёти бакалавр таълим йўналиши 3-курс талабаси С.Юлдашева «Навоийни англаш ва китобхонлик маданияти» ҳамда институт академик лицейи ўқувчиси Б.Диланова «Alisher Navoi is one of the founders of Turkic literature» мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этди.

Тадбир якунида институт талабалари, институт академик лицейи ҳамда Нукус шаҳар 3-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий қисм йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

 

Нукус ДПИ матбуот хизмати.