AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

БИЗНИ УЧРАШТИРГАН НУҚТА

филология фанлари доктори, профессор Исломжон Ёқубовнинг 60 йилигига бағишланади!

 

Самарқандда ғойибона суҳбат

2009 йил куз кунларининг бири эди. Япроқлар энди тўкила бошлаган ва, кузнинг ажиб бир мусиқий оҳанги ижодкорга илҳом кайфиятини тортиқ қиладиган пайтларда камина Самарқанд давлат университетига аспирантура сабоқларидан имтиҳон топшириш ниятида борган эдим. Микрорайон тарафдан бир ижрага жойлашдим. У пайтлари пахта-йиғим теримига талабалар чиқишарди. Мени қарши оладиган домла Азимиддин Носиров Паст Дарғом туманида пахта теримида эди. Домла билан телефонда гаплашганимда “Укажон ҳозир бир минутга ҳам чиқолмайман, вазият кўриб турибсиз, тартиб қаттиқ” деди. Ва, “Сиз бирон китобларни ўқиб, мутолаа қилиб туринг, кейин уч-тўрт кунда ўзим топиб оламан” деди. Мен у пайтлари Самарқандда ҳеч кимни танимас ва, 24 ёшар йигит илк бор узоқ чиқиб кўрган юрт – Самарқанд бўлган! Шундай қилиб, СамДУнинг “Ҳозирги замон ўзбек адабиёти” кафедраси эшигина қоқдим. Ичкарига бош суқдим. Қарасам оқдан келган бир ёш йигит компьютерда ниманидир ёзаётган экан. У киши – Мавлон Бобохонов! Ҳозирда фан номзоди СамДУ доценти. Танишувимиз шаҳарни айланишдан бошланди. Мен тарихий жойларни айланиб, “илтимос китоб дўконига олиб боринг, у ердан бир-икки бадиий адабиёт харид қилмоқчиман…” Шаҳарни марказида Алишер Навоий номли истироҳат боғидан ўтарканмиз, “ар-ар арчалар”ни кузги таровати бирам майин ва сокин эди. Биз “Ўзкитоб” доконига бордик. У киши ўзига керакли, мен эса ўзимга ёққан китоблардан тўрт-бешта китоб сотиб олдим. Одатда китоб харид қилсам, илк бор мундарижасига назар ташлайман. Қўлимда Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи. Нашр йили 2007 йил. Сўнгсўз муаллифи филология фанлари номзоди, доцент Исломжон Ёқубовнинг “Мувозанат соғинчи ва изтироби” номли мақоласи. Тушликда Мавлон ака билан “Дарвоза” номли ошхонада ош тановул қилдик. Ва, мен тезроқ китобни ижарахонага бориб мутолаа қилсам. Бу воқеа эсимда муборак жума куни эди. Уч кун ижара уйдан чиқмасдан “Мувозанат”ни ўқиб чиққандим. Биласиз қорақалпоққа китоб ўша пайтлари кам келар, интернет нусхалар ҳали ривожланмаган бугунги кунимиздагидек шароитлар йўқ ҳисоби эди. Шундай қилиб, китобни мутолаа қиларканман, илк келган ўй менга шу муаллиф билан қандай бўлиб-бўлмасин танишаман, “Мувозанат” бўйича илмий иш ҳимоя қиламан… Мана шу хотираларни келтирарканман, биз Исломжон ака билан ғойибона Самарқандда, аниқроғи китоб орқали танишиб олгандим… Демак, орадан ўтган 11 йиллик оқар сувдек вақт бизни янада яқинлаштирди. Ака-ука бўлиб, ҳаётда кўп-кўп мулоқот қилишга замин яратди.

 

Ҳотам Умуровнинг совғаси

Бу вақтда орадан бир йил ўтди. Мен Тошкентга ҳам бордим. Илмий ишимни ЎзРФА тил ва адабиёти институтидан муҳокамадан ҳам ўтказиб, ОАК блюьтеннида ҳам эълонга узатдик. Улуғбек ака билан ҳам учрашиб, илм йўлларида кенг бир имкониятлар эшиги мусофир йигит учун очилди. Кунларнинг бирида устозим Ҳотам Умуров уйига чақирди: “Вақт топиб келинг-чи? Нима ишлар қилиб юрибсиз?” Устознинг икки саволи “Қандай китоб ўқидинг, мақола-чи, ёздингми?” дегани эди. Одатда тушликка томон чақирар, “талабанинг қорни иккита бўлиши керак, аспирантники учта, раҳматли Мунира аямиз билан ош-овқат едириб, бу кечки овқат учун” деб, бир дастурхон ҳам бериб юборарди. Ўшандай ҳам бўлди. Мен киришимли эдим. Устоздан бир қадам изда, ва ҳар бир гапини эшитиб бўлиб, ўйлаб жавоб берар, мулоқот ва муносабат ана шундай одоб билан қурилганди. “Мана бу китоб сизга, илмий ишингиз учун фойдаланасиз, бу яқин ҳам укам, ҳам шогирдим Исломжон Ёқубовники, яқинда бериб юборибди. Бу инсон асли хоразмлик, сиз тарафларга яқин жойда туради. Кейинги сафар Тошкентга борганингизда телефонлаштираман, маслаҳатлар оласиз”. Ниятимиз ўн-ўн беш саҳифадан иборат сўнгсўз мақола (“Мувозанат”) эди. Бу нақ 400 саҳифалик “Бадиий эстетик сўз-сеҳри” номли олимнинг бутун илмий-ижодий изланишлари эди. Китобни олдим. СамДУ аспирантлар уйига келиб мутолла қила бошладим. Мен илм йўлига киришимда Исломжон Ёқубовнинг мақолалари орқали кириб, ишим юзасидан концепцияни белгилаб олдим десам, асло янглишмайман. Устозим Ҳотам Умуровнинг совғаси шу китоб ва бир умрлик илмий, ҳаётий сабоқлари бўлади. Айни шу жиҳатлар одамни руҳан, маънан юксалтиради.

 

Изланишлар давомийлиги

Исломжон ака билан 2013-2014 йилларда Тошкентда илмий-амалий анжуманларда кўришсак ҳам, сира бир дилдан суҳбатлашишнинг мавриди бўлмаганди. 2017 йил май ойи ўрталарида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида фан олимпиадаси сабаб дилдан суҳбатлашиш пайти келди. Мен у киши билан университет ошхонасида у пайти ҳозирги ЎзМУ биносида эди. Суҳбатимиз фақат адабиёт ва романшунослик ҳолати хусусида бўлди. Нукусдан Комилжон Ташанов домлани сўрадилар. У Комилжон ака билан курсдош, яқин сирдош ва қалин дўсти экан. Бизлрни Комилжон ака ўн йиллар илгари магистратура сабоқларида ўқитган, таълим берганди. У пайти институтда факультет декани лавозимида ишларди. Кейин Тошкентга ҳар сафар борганимда учрашиб, янги-янги ғоялар, азму шижоат олиб қатадиган бўлдим. Исломжон ака тили-дили бир, ўзлигини ҳеч ҳам йўқотмаган, дунёнинг ҳою-ҳавасларига ҳам унчалик берилмаган, камтарин ва яхши дўст бўлиб чиқди мен учун. У ўзининг укаси каби тутар, аниқ маслаҳатлар берар, мени кўрса балки туғилиб ўсган юрти Хоразмни кўргандек, ва, Нукус эсига тушса ҳув бир пайтлардаги талабаликнинг олтин даврини хотирлагандек узоқ хаёлларга бериларди. Талабаликнинг ўзи бўлмагани, ўқиш, изланиш машаққатлари пиллапояларидан ўтиб, ҳаётда ота ва олим бўлиб ўрин эгаллаш осон эмаслигини бот-бот уқтирарди. Курсдоши Комилжон ака билан бирга ўтказган ажиб ва масрур дамларни (кейинчалик оилавий борди-келишлар!) ширин хотиралар билан эслаб айтиб берарди. Бу гапларни ёзарканман, менга айтган яқин ўтмиш дамлари ҳақиқатдан ҳам оиласидаги фарзандлар камолини кўриш бахти отаси учун қанчалик шарафдир. Исломжон аканинг мен инсоний ва, ўзим ҳаётда билган, кузатган жиҳатлари ҳақида тўхталмоқчиман. Агар Исломжон ака ўзи туғилиб ўсган юртда ишласа балки бугунги олимни кеч топиш мумкин эди. Ундаги зеҳният ва ижодга ташналик Тошкентга аспирантурага, аниқроғи академик устоз Бахтиёр Назаров ҳузурига етаклади. Тошкент адабий-илмий муҳитида қайнади, тобланди. Бу муҳит Исломжон аканинг ўзбек адабиётшунослигининг жорий ҳолати, яъни авлод вакиллари Дилмурод Қуронов, Нурбой Жабборв, Узоқ Жўрақулов, Баҳодир Каримов, Шомирза Турдимов, Улуғбек Ҳамдамов, Раҳимжон Раҳмат, Жаббор Эшонқулов, Санжар Назаров каби қатор ҳаммаслаклари, замондошлари қаторида ўрин эгаллашга катта замин яратди. Мазкур авлод жорий адабиётшуносликда катта мавқе касб этди. Барчаси фан доктори ва профессор, адабиётнинг турли жанрларида баракали илмий ижод қилаётган етук шахслар бўлиб камол топмоқда. Уларнинг жаҳон ва рус адабиётидан бохабарлиги, таҳлил ва талқин манзараларида ўз сўзига эгалиги биз учун ҳам шараф, ҳам мамнуният, масъулият юкини янада оширади. Исломжон ака қайси жанрни қандай талқин қлимасин, ўзининг таҳлил методикасини намоён қилишга эришади. Ёзувчи Муҳаммад Али, Хуршид Дўстмуҳамад, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон каби замонавий наср вакилларининг ижодини хилма-хил ракурсларда таҳлил ва талқин қилди. Бу унинг адабиётшунослик ва шу илм-фан учун қилган катта хизматлари десак, муболаға қилмайман.

 

Ярқ этган нур

2018 йил, куз. Тошкент. Мен ҳам бир ҳимоя қилиб олай деб, сарсон-саргардон Тошкент-Нукус йўлида серқатновман. Буларни нимага ёзаяпман. Тенгдошларим мавзуни олгач қани уч йил нимаси уч ойда илм чўққиларини забт этсам дейди! 2009 йил бошланган иш орадан 11 йил ўтиб оммага чиқмоқда. Ўша кунлари Исломжон ака ҳам ўзи докторлик қилиб чарчаган пайтлар эди. Хуллас, ука қоғозга қарасам жуда мазам қочадиган бир аҳволга келиб қолдим. Бир-икки кун дам олай, кейин учрашамиз… Мен семинардан Фарғона давлат университетида июнь ойида ўтганман. Ишонасизми, 40 маротабадир водийларни кезганман. Исломжон ака менга оппонент бўлди. Менга тақриз бериши керак. Ўзи ҳимоядан чарчоғидан базўр қутулган пайтлари эмасми, менга ҳам яна ўн бетлик тақриз ёзиб бериши керак. Бир вақти-соати келдики, ҳимоя кунимдан 4 кун олдин тақризни узатдилар. Тақриздаги ҳар бир жумла, ҳар бир таъкид, ҳар бир эътироф, қайдларни – укаси каби яқинига эмас, бўлғуси умидли тадқиқотчига берилган баҳо деб қабул қилдим. Камчиликларни ҳам юмшатиб, лекин “шапалоқ” тортиб юборгандек қилиб, сездирмай санаб ўтиб кетади. Мен учун бу жиҳат кейинги фаолиятим учун дастур вазифасини ўташи аниқ.  Мен учун Аллоҳ таолонинг “ярқ этган нури” Исломжон ака тимсолида алоҳида аҳамият касб этганди ўшанда. Бу фикрлардан шуни айтиш мумкинки, шогирдга ғамхўрлик ва дилдорлик, келажакка ишонч ва масъулият ҳиссини менга юклаган эди. Айниқса, ҳимоя куним ота-онам билан сўрашиб, юртдошлар ҳақида салом-аликлар алмашиб, фарзандингиз камолини ўкриш насиб қилсин деган муомала, дуолари менга янада куч ва ғайрат туҳфа қиларди. Айнан шу жиҳатлари Исломжон аканинг ҳам олим сифатида, ҳам одамийлик тимсолида ибратли ҳаёт йўлидан баҳраманд бўлиш ҳисини орттирарди.

Бу мулоҳазаларни ёзарканман, ҳали кўплаб жиҳатларни кенгроқ, батафсилроқ ёритаман иншооллоҳ! Устоз ҳам, ака сифатида ҳам бир умидвор нурга талпинган, ҳаётда ўз йўлини топиш илинжида қоғоз қоралаётган камина учун қанчалик ўрни беқиёс эканлигини ҳали йиллар кўрсатар.

 

 

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,

филология фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори,

Ажниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти

ижтимоий ва гуманитар фанлар кафедраси мудири.