AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

«МЕНДАН НИМА ҚОЛАР…» ёхуд шоирниннг шоирга айтган сўнгги иқрори

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланади!

 

«Шеър ёзиш ҳам бировга билмай яхшилик қилишдай гап», деган эди шоир ўз иқрорномаларида. Ҳа, шундай. Шоир ботинидаги энг эзгу, бировлардан дариғ тутган чин ҳасратларини-ю, жамики яхшиликларини истаймизми, йўқми сўз воситасида ташқарига чиқармоқ пайида беҳад машаққатлар чекади. ХХ аср шеъриятининг алоҳида саҳифаларида ўзига хос ўринга, овоз ва мавқега эга халқимимизнинг буюк шоири Муҳаммад Юсуф ҳозир ҳаёт бўлганларида олтмиш етти баҳорни сизу биз билан қарши олган бўларди. Бир нарсани алоҳида айтиш жоизки, биз баъзан ўзимизнинг майда ташвишлар билан андармон бўлиб ўтганлар ёдини фақат туғилган кунларида эсга олишга одатланиб қолганмиз. Бундай қилиш ХХI аср ахборот асрида яшаётган замондош учун тушуниксиз бир ҳолат бўлиши табиий. Негаки, инсон ўзгарди. Замону давр ўзгарди. Аммо, лекин чин истеъдод эгаларига бўлган эътибор ва қараш асрлар ўтса ҳамки, ўзгармайди дегим келади. Хўш, бу таърифу тавсиф нималарда кўринади? Мен яқин йиллар шеъриятини кузатиб, комил ишонч билан айтишим мумкинки, тарихимизда рўй бермаган ҳодисани эътироф этиш жоиз деб ўйлайман. Мисолки, Муҳаммад Юсуфнинг 2001 йилдан то шу кунгача чоп этилган «сайланма» шеърлари умумий адади 200 минг нусхадан ошибди. Ўйлаб қарасанг, бу бугунги кун учун нормал ҳолат. Ҳеч бир даврда рўй бермаган ҳодиса. Чинакам шеъриятнинг – чин истеъдодлининг тотли мевалари.

Бир адабиётшунос дўстим Дўрмонда бўлиб ўтган воқеани айтиб берганди. Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберген Қайипбергенов “Дўрмон”да ижод қилиб юрган кезлари, Муҳаммад Юсуф у улуғ адибнинг ёнига тез-тез суҳбатга бориб тураркан. Икки ижодкор тонг отгунга қадар оқ кўнгил, самимий, дилкаш суҳбатдоши билан ҳаёт ҳақида суҳбатлар қуради. Балки бу уларнинг бир-бирига оға-инилик ҳурмати, чексиз иззати бўлиши мумкин. Бироқ кейинчалик шоир қисматининг Қорақалпоғистоннинг Бўстон шаҳри билан боғлиқлигида Аллоҳ таолонинг ҳикмати бордир. Бу қисмат шоирнинг ҳар бир шеърида акс этган. Ўлим ҳақида ва ундан қўрқмаслик, унга тик боқиб яшаш ҳаёт аъмолига айлангани шундандир.   

Муҳаммад Юсуф – такрорланмас шеърият яратди. Масалан, Шавкат Раҳмонга бағишлаб ёзган «Лолақизғалдоқ» шеърида ҳам бунинг ёрқин ифодасини кузатамиз:

Мендан нима қолар:

Икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб,

Бир уюм тупроқ.

Одамлар ортимдан

Нима деса дер,

Мен сени ўйлайман

Ўзимдан кўпроқ –

Лола, лолажоним,

Лола қизғалдоқ.

Кўринадики, ушбу саккиз қаторлик шеърдан истганча фалсафа ахтариш мумкин. Бинобарин, шоир жуда содда ёзди. Соддадиллик ва камтаринлик шоир шахсига ҳам дахлдорлиги ҳар бир шеърида кўзга ташланиб туради. Самимий бўлиш, самимий ифода этиш ҳар кимнинг ҳам илкидан келадиган иш эмас, албатта! Негаки, самимийлик – Худонинг чинакам истеъдоди ва таланти юққан бандаларигагина насиб этишини Муҳаммад Юсуф лирикасида кузатамиз. Шеъринг оҳорини тўкмайдиган бир жиҳат киши диққатини тортади, Муҳаммад Юсуф ким ва нима ҳақида шеър ёзмасин, ҳамиша уйғоқ виждон билан иш кўради. Булар қуйдаги сатрларида ҳам гўзал тарзда намоён бўлган:

Уйда ётибман-у,

Сезиб турибман,

Кўкда кетаётир

Қушлар қайтишиб.

Хайрлар ёғдириб

Қанотларидан,

Хаста шоирига

Видо айтишиб.

Бор, менинг учун ҳам

Уларга қўл қоқ –

Лола, лолажоним,

Лолақизғалдоқ.

Ушбу шеър ҳарчанд Шавкат Раҳмон руҳиятини акс эттирмасин, унда Муҳаммад Юсуф шахсиятига дахлдор жиҳатлар жилваланади. Китобхон руҳиятига бевосита таъсир этади. Шавкат Раҳмон – элимизнинг буюк шоири, буюк адабиёт фидойиси бўлган улкан шахс. Муҳаммад Юсуф ўз дўсти Шавкат Раҳмонга бағишланган «Лолақизғалдоқ» шеъридаги кайфият, изтиробли ўй-мушоҳадалар ҳарчанд шоир қиёфасига берилган чизгилар бўлибгина қолмай, унда ўзининг ички, пинҳона кечинмалари акс этганини туйиш қийин эмас. «Шеърдан –шеър ахтариб» шунга иқрор бўлиш мумкин. Дарҳақиқат, икки буюк шеъриятнинг йўлчиси – бедор виждон билан самимий ижод қила билди. Муҳаммад Юсуфнинг ботинини тимдалаган оғриқ ҳам аслида – миллат эрки ва озодлиги, Ватанни севиш, уни кўз қорчиғидай асрашлик ётади унинг дилномаларида. Рости-да, қўлига қалам олган чинакам истеъдодли борки, ўзи туғилиб ўсган юртнинг обод ва файзли кўринишини чин дилдан истайди. Бу истак шоирни юксакликка олиб чиқади, балки инсон шу истакнинг оқибатини кўра билсагина – адабиёт ярата олади. Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Муҳаммад Юсуф ана шундай чин адабиёт фидойиси эди, ва, шундай бўлиб қолди ҳам.

Шуни алоҳида таъкидлаш жозики, «Лолақизғалдоқ» шеърининг умумий фони – кечинма қаъридаги умид ўзини англаётган шахс руҳиятининг ботиний иқрорлари самараси ўлароқ дунёга келгани аёнлашади. Юқоридаги кузатишлар шундан далолат берадики, шоир учун на унвон, на зар керак? Фикри ожизимча ҳеч нарса! Муҳаммад Юсуф каби чинакам истеъдод эгалари – мукофоту унвонлардан жуда БАЛАНДДА турган шоирлардан бири. Лолақизғалдоқ – ҳарчанд гул ҳақидаги шеър. Аммо, лекин унда ШАХС руҳиятининг ботиний ва зоҳирий кечинмалари, адоғсиз изтироблари акс этган. Негаки, шоир тизгинсиз ўй-мушоҳадалар исканжасида эзилади, шу боис ҳам, ўз дили ва қалбига, тўғрироғи юрагига яқин гулдан нажот исташга тутинади. У нажот Шавкат Раҳмондек улуғ сўз санъаткорига жуда ҳам керак эди. Мавжуд дунёдан, сохта дўсталарнинг, оқибатсиз кимсаларнинг етқазган жабр-зулуми, мунофиқлигидан ўзини баландда тутган ШОИР табиатнинг жонсиз, беозор мўъжизасига «Мендан нима қолар» дея суянишга мажбур. Шеърнинг поэтик интиҳоси қуйидагича якун топади:

Жон сўнгги бошпона

Топаркан онгда,

У юрак остида

Дердим мен бўлсам.

Ажабланма агар

Эртага тонгда

Сени ўпиб, Ўшни

Қучоқлаб ўлсам!..

Ўтинчим – тепамда

Йиғлама узоқ,

Лола, лолажоним,

Лолақизғалдоқ!   

Кўринадики, «шеърдан – шеър» излаган зукко китобхон содда ва ихчам сатрларда бўй кўрсатган ўзигагина хос образларга маҳлиё бўлади. Ундан ҳузурланади. Буни бошқача айтиш мумкин, масалан, умри давомида ҳаёт ва чин адабиёт орасидаги аёвсиз курашда, атрофидаги баъзи «адолатсизлик»ларни кўриб, иродаси етти букилган ШОИР дарди ҳақиқатдан ҳам, миллат дарди, унинг буюк ҳайқириғи эмасми?!

Аср интиҳосидаги дунё жуғрофиясидаги ажиб эврилишлар, бадиий адабиёт, хусусан шеъриятда ҳам инқилоб содир бўлишига катта руҳоний замин ҳозирлади. Борлиқнинг, тириклак ва яшаш моҳияти эндиликда – адабиётда чин истеъдодлилар учунгина кенгликларни идрок этишни тақозо этди. Муҳаммад Юсуфни биз фақатгина ўзи туғилган санада эмас, Худо берган ҳар бир кунда эслаш, энг катта савоб ишларимиздан бири бўлади. Ўзи айтганидек, «Шоирнинг ўзи ўлса ҳам, сўзи ўлмайди, Юракка кўмилар асл шоирлар». Шундай юракка кўмилган, шеъриятимизнинг икки БУЮК йўлчиси юрагидан ситилиб чиққан – ўлмас ШЕЪРлар йиллар давомида халқимизга хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ!

 

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)