AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

ЎҒЛИМ, УНУТМАГИНКИ, ВАТАН ШАЪНИ ОРИНГДАН УЛУҒ…

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 76 йиллигига бағишланади

(Мазкур воқеа Қодир бобонинг ўғли – Одамбой Қодиров тилидан ёзиб олинган)

 

Жанг узоқ чўзилди,
Тўкилди кўп қон.
Боқарди тоғлар ҳам қалтираб, чўчиб.
Жангда ғолиб чиққан аскар ҳам бу он

Йиғларди укасин жасадин қучиб.

 

“БИЗ АЛБАТТА, ҚАЙТАМИЗ…”

 

Ҳар йили 9 май санаси яқинлашгани сайин кўнглимизни ўша оғриқли кунларнинг оҳу фарёди чулғаса, бир томондан эса, бундай ёруғ кунларимизга бўлган шукроналик ҳисси жўш уради.

Биз уйда 6 нафар киши – дадам, онам, укам ва иккита синглим билан бирга яшардик. Ёшлигимда дадамдан укам Аминбой ҳақида янги маълумотлар эшитмадингизми, янги хабарлар йўқми, деб қайта-қайта сўрайверар эдим.

1941 йил Германиянинг фашист Адольф Гитлер бошчилигидаги ғаразли ниятлари билан дунёга ҳукумронлик қилиш ниятида бошланган уруш қанчадан-қанча халқларининг, не бир оилаларнинг ёстиғини қуритмади…

1-жаҳон уруши талофатларидан ўзига келиб улгурмаган халқимиз энди яна 2-жаҳон урушига сафарбар қилинди. Фавқулодда эълон қилинган оммавий сафарбарлик бизнинг оиламизни ҳам четлаб  ўтмади.

Оилада укам билан биргаликда темирчилик қилиб, халқнинг рўзғорига керакли анжомлар ва қишлоқ хўжалиги усканаларни ясардик. Мени шу ерда қолиб, фронт ортида халққа керакли бўлган буюмлар ясаш ишларига жалб қилдилар ва эндигина 19 ёшни қарши олган укам Аминбойни урушга олиб кетишди.

1941 йил сентябрь ойининг бошлари эди. Уй олдида бир гуруҳ ҳарбийлар қишлоғимиздан 50 тача йигитларни олиб кетишга келишди. Кузатиш учун маҳалла, қўни-қўшнилар, ёшу-қари ҳамма йиғилган. Онам дағ-дағ қалтираганча ҳеч нарса деёлмас, битта нонни тишлатти да, укамни қучоқлаб йиғлайверар эди. Кузатиш олдида дадам секин укамни ёнига бориб бағрига босди ва пешонасидан битта ўпиб: “Аминбой ўғлим, биз Сенга ишонамиз ва Сен билан доим фахрланамиз. Тез орада ғалаба билан қайтасизлар, шунда аканг Одамбой билан иккалангизни тўйларингни қўшиб қиламиз. Унутма, ўғлим – Ватан шаъни доим орингдан улуғ бўлсин! Оқ йўл, ой бориб, омон қайтинглар”, деб хайрлашди.  Укам эса, илиқ табассум билан ҳаммамиз билан қучоқлашар экан, фақат битта сўзни такрорлайверди: “Хайр, яхши қолинглар, биз албатта, қайтамиз”…

Дастлаб ҳар 2-3 ойда ўзи ва қишлоқдан бирга кетган сафдошлари ҳақида,  қаерда хизмат этаётгани ҳақида хатлар келиб турарди. Хат келган кун уйда байрам бошланар, ҳаммамиз хатни қайта-қайта ўқирдик. Онам хатни ёстиғи остига қўйиб ухларди. Хатнинг келиш вақти чўзилса, Онам дарров ўғлимдан хат келмадимикан, деб неча бор хат ташувчини уйларигаям борарди.

Шу зайлда орадан уч йил вақт ўтди. Кейинчалик уйга хат ҳам келмай қўйди… 1943 йил – урушнинг суронли йиллари, қиш яқинлашиб қолган ҳавонинг авзойи бузуқ изғиринли кунлардан бирида, одатдагидек устахонада бел, кетмон ясаётган эдим. Отам ёнимга келиб ўтирди ва қилаётган ишларимни зимдан кузатарди. Мен ҳассага суяниб ўйга чўмган отамнинг, гапирмасдан дилида нималар кечаётганини тушунардим. Чунки, қарийиб 6 ойдан буён укамдан хат келмас эди. Қишлоғимиздан бирга кетган айрим йигитларнинг машъум ўлими ҳақида “қора хат” келар ва Ватан учун жон берган шу йигит шаъни учун бутун қишлоғимиз аъза очар эди…

Шу ўй-ҳаёллар билан ишимни қилаётгандим, кимдир эшикни оҳиста тақиллатди ва секин очди. Қишлоғмизнинг хат ташувчиси… Отам у киши билан саломлашаркан, қўлига хатни олди ва мажолсизгина жойига ўтириб: “Буни эртароқ сезгандим, ўғлим, оҳиратинг обод бўлсин, аллоху акбар!” деб фотиҳа тортди…

“Ўғлинг 19 ёшида урушга кетиб, 22 ёшида “вафот этди”, деган бу совуқ хабар оиламизда, айниқса, онам учун жудаям оғир зарба бўлди. Деярли ҳар куни: “ҳеч бўлмаса мурдасини кўрсам эди ё қабрини зиёрат қилсам эди”, – деб кўзлари ёшланарди.

Орадан кўп вақт ўтмай, отамнинг ҳам қадди букилиб, тўшак тортиб оғриб қолди…

Отам ҳам, онам ҳам Аминбой укамни кенжа ўғил бўлгани учунми ёки бобомга қуйиб қўйгандай ўхшагани учунми, ундаги ғайрат-шижоат, очиқкўнгиллик, ўзининг беғубор ҳислатлари билан одамлар кўнглига йўл топиб, хурсанд қилиб юришиданми, хуллас, уни жуда яхши кўрарди ва фахрланарди. Отам укамни албатта, қайтишига ишонар эди, душман устидан ғалаба қозониб, ўғлим қаҳрамон бўлиб қайтади деб, қайта-қайта дуо ўқирдилар.

Бу “қора хат” оиламизга хали етиб келмаган қишнинг қаҳратонли совуқларини олиб келди, осмонимизни қора булут қоплади.

Орадан кўп ўтмай Отам тўшакка михланиб қолди. Қўлимда жон бераркан, ҳеч нима гапирмас, фақат бир нуқтага қараганча, тикилганча нималарнидир ҳаёл сурарди. Менинг қўлимни маҳкам сиққанича, кўзимга узоқ тикилиб, менга метин ирода, куч-қувват, оиламиз номуси ва шаънини сенга топшириб кетаяпман, дегандай бўлди ва охиста кўзларини юмди…

Отам элимизда (ҳозирги Тўрткўл тумани) Қодир бўлиш (бўлиш – туман ҳокими, оқсоқоли маъносида) номи билан шуҳрат қозонган, диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган саводли кишиларидан бўлган. Ўзининг меҳнаткашлиги, қатъиятлилиги, ва адолатпарварлиги боис халқимиз ҳурматига сазовор бўлган инсон эди.

 

ДУНЁНИ ЛАРЗАГА КЕЛТИРГАН УРУШ…

 

1944 йил эрта баҳор кунларининг бирида, далада кетмон чопиб юрган эдим, узоқдан одамларнинг Сейитмамбет қайтди, Сейитмамбет қайтди деган овозлари эшитилди ва қўлимдаги кетмонни ташладиму уйимиз рўпарасидаги Сейтмамбетнинг уйига қараб югурдим.

Чунки, Сейтмамбет укам билан бирга кетган, битта фронтда, битта  жойда хизмат қилаётган эди. Бир зумда барча қишлоқ аҳли шу уйда жам бўлишди. Йиғилганлар урушда бир оёғидан айрилиб келган Сейитмамбет билан аҳвол сўрашар ва тинимсиз саволларга тутишар эди.

Ўзимда зўрга бир куч топдимда: “Сейитмамбет, ёнингда бирга кетган укам, Аминбой тақдири қандай бўлди?” – деб савол бердим. У эса, секин юзимга боқиб, – Одамбой дўстим, бандачилик экан, Аллоҳнинг иродаси экан, деди ва ҳикоясини бошлади:

Дастлаб бизни Москвага яқин жойга олиб боришди ва ўша ерда танк ҳайдаш, танк батальонини бошқариш, турли позицияларда танк орқали ҳужумга ўтиш машғулотлари бўйича ўқитишди. Ичимизда Аминбой қисқа фурсат ичида машғулотларни аъло баҳоларга топширди, кейинчалик у ротамиздаги энг кучли “танкчи” унвониниям қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Биз урушда асосан Москва атрофидаги бир қатор шаҳарларда ва Сталинградда бўлдик, – деб сўзини давом эттирди Сейитмамбет. Биз уруш ўчоғига киргач, олти ойдан кейин Аминбой “7-зона танк батальони командири” лавозимига кўтарилди. Уруш даврининг энг оғири ва даҳшатлиси Сталинград жанги бўлди, десам адашмайман. Сталинградда немислар билан аёвсиз жанглар бўлиб ўтди. Аминбойнинг ўткир зеҳни, фавқулодда қарорлар қабул қилиш қобилияти ва мукаммал уруш тактикасини билганлиги боис, бир неча бор немисларни яксон қилдик, уларнинг катта ҳарбий баъзаларига қаҳшатқич зарбалар бердик, хуллас, ҳар бир ғалабамиз биз учун мислсиз қувонч, шоду ҳуррамликлар олиб келарди.

Ана шундай аёвсиз уруш кунларининг бирида танк бошқариб бораётган Аминбой – ҳамқишлоқ сафдошларининг жанг майдонида ўқ жароҳатидан жон талвасасида ётганлигини кўради. Немислар томонидан биз томонга ёмғирдай ёғилаётган ўқ ва бомба кучларига қарамасдан, Аминбой дарров танкдан тушиб, икки нафарини кўтариб панароқ жойга ўтаётган пайтда унинг чап буйрагига ўқ келиб тегди.

Мен эса узоқдан Аминбойнинг беҳол йиқилганини кўрдим, лекин шу пайт мен ҳам бир оёғимдан ўқ еганим ва ҳар икки томондан ёмғирдай ёғилаётган ўқлар сабабли унинг ёнига шу пайтда боришнинг имкони бўлмади, кеч ботишини кутиб ётдим. Кеч тушиши билан дарҳол Аминбой ётган жойга судрала, судрала етиб бордим. Борсам Аминбой тирик экан, лекин жуда кўп қон йўқотган, пешанасидан тер қуяр, ҳар замонда инграган овози чиқар эди. Мен унга далда бериб, яраланган жойини тозалаб, яхшимисан, десам, иккала кўзиниям маҳкам қисиб, илиқ табассум қилиб қўйди.

Бир пайт қарасам, узоқдан қўлларида фонарик, ёнларида баҳайбат итлари билан 30-40 кишидан иборат немис аскарлари саф тортиб келишар, олдларида учраган ҳар қандай холатдаги аскарларни – у ярадорми, ҳатто ўликми барчасини бирма-бир тепиб, қўлларидаги ўткир тиғли буров билан ҳаммасининг кўкрагига тиқиб олишарди. Мен бу ҳолатни кўриб, шоша-пиша шу ерда ётган ўликларни Аминбой иккимизни устимизга торта бошладим. Секингина Аминбойга: “овозингни чиқарма, ўзимизникилар бизни албатта, олиб кетишади”, – деб таъкидладим. Бу орада немис аскарлари тепамизга келиб қолишди ва мени устимдаги ўликни бир тепдида, ўткир тиғли ҳанжарни тиқиб олишди. Аминбой томонга ўтиб, унинг устидаги ўликни ҳам тепишганди, тепилган зарб Аминбойнинг жароҳатига таъсир қилганлиги боис, оғриқни зўридан инграб юборди ва буни билган немислар устида ётган ўликларни суриб ташлаб, Аминбойнинг кўкрагига тиғли буровни тиқиб олишди…

Мен у ерда қанча ётганимни билмайман, кўзимни очсам, ҳарбий госпиталда ўнг оёғим кесилган ҳолатда ётган эканман.

Айтишдики, эртаси куни команда капитанлари, ротамиз аскарлари ва сафдош дўстларимиз ҳамма биргаликда – менинг жондан азиз дўстим – укангиз Аминбойга ҳурмат бажо келтириб, шу жойнинг ўзига муносиб тарзда дафн қилишган экан…

Ўлимидан кейин Аминбой Қодиров уруш фронтида немис фашизмига қарши курашда кўрсатган қаҳрамонликлари учун “Қизил Юлдуз” ордени билан тақдирланган.

Шукроналар бўлсинким, Истиқлол туфайли, айниқса, кейинги йилларда Ватанимизнинг ўтмиш тарихи илмга асосланган ҳаққоний факт ва даллилар билан қайта ёритилиб бошланди. Ҳар сафар Нукус шаҳрининг марказидаги ҳамда Тошкент шаҳридаги “Хотира майдони”га ташриф буюриб, аждодларимизни зиёрат қилганимда, шу ерда Ватан учун, шу эл учун жон берган бобомнинг ҳам номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб турганлиги – кўнглимга доим фахр ва ифтихор туйғусини баҳшида этади.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилда буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимида иккинчи жаҳон уруши йилларига боғлиқ бўлган бутунлай янгича илмий далилларга асосланган маълумотлар келтирдилар: иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган ва улардан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган.

Тарих саҳифаларидан маълумки, уруш йилларида Қорақалпоғистон аҳолисининг умумий сони 476 минг бўлган бўлса, 66 мингдан зиёд ватандошларимиз фронтга сафарбар қилинган.

1941 йилнинг ўзида 4300 га яқин қорақалпоғистонлик ватандошларимиздан иборат “97-қорақалпоқ ўт очиш биригадаси” тузилган. Мазкур бригада Москва ва Сталинград жангларида мардонавор иштирок этишганлиги манбалардан маълум.

Шунингдек, янги маълумотларга кўра, бу урушда Ўзбекистон бўйича 538 мингдан зиёд ватандошларимиз ҳалок бўлишган. Бундан ташқари, фронтда бедарак йўқолган ҳамюртларимиз сони 158 мингдан кўпроқ эканлиги аниқланди.

Бугунги кунда олиб борилган илмий изланишлар туфайли жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган Ўзбекистон вакилларининг сони бўйича ҳам ойдинлик киритилди. Янги маълумотларга асосан, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланди. Жумладан, ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонларининг сони 301 нафар, 70 нафар юртдошимиз эса, учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлгани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.

Тарих манбаларида ёзилишича, 1941-1945 йиллар оралиғида Қорақалпоғистондан фронтга сафарбар қилинганларнинг 20 нафари “Совет Иттифоқи Қаҳрамони”, 6 нафари I, II, III даражали «Шон-шуҳрат» ордени ва яна бир қанча ватандошларимиз бошқада номдаги юксак даражадаги жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланганлар.

Фикримиз сўнгида алоҳида таъкидлаймизки, инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин – Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 76 йил тўлган бўлса-да, афсуски, ер юзининг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизга яқин ҳудудларда қарама-қаршилик, қонли тўқнашувлар давом этмоқда.

 Шундай экан, бугунги ёшларимизга аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, илму-маърифатни пухта эгаллаб, юртимизни турли хил ёт ғоялардан асраб, янада обод қилишлик бахти насиб этсин!

Негаки, бугун мамлакатимиз эзгу мақсадлар билан «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» тамойили асосида 3-ренессанс пойдеворини, янги Ўзбекистонни барпо этишга киришди, бу ўринда эса, ёшларимиздан фидойилик ва бунёдкорликни, олий мақсадларга йўғрилган буюк сафарбарликни талаб этмоқда.

Илойим, Ватан учун, бугунги ёруғ осмон учун жон берган барча-барча аждодларимизнинг жойлари жаннатдан бўлсин!

Яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган ота-боболаримизнинг сўнмас хотираларини қайта ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – ҳаммамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир!

 

Қувондиқ Қодиров,

Ажиниёз номидаги НукусДПИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.