AJINIYOZ NOMIDAGI NUKUS DAVLAT PEDAGOGIKA INSTITUTI

Мафкуравий жараёнларнинг глобаллашуви шароитида миллий тарбиянинг долзарб масалалари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 март кунги «Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда халқаро миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси тўғрисида»ги 78-ф-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек, мустақиллик шароитида халқимизнинг ғоявий тарбияланиши, оила, маҳалла ва таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва уни амалиётга тадбиқ этиш юзасидан   Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2021-йил 5-май куни соат 11:00 да «Мафкуравий жараёнларнинг глобаллашуви шароитида миллий тарбиянинг долзарб масалалари» мавзусида (онлайн «ZOOM» платформаси орқали) Республика миқёсида илмий-назарий анжуман ўтказилди.

Республика илмий-назарий анжуманни институтнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Қ.Қодиров ва илмий ишлар ва инновациялар бўлими бошлиғи А.Алламбергеновлар очиб берди ва олиб борди. Мазкур анжуманда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари педагогика фанлари доктори, профессор М.Қуронов маърузаси билан иштирок этди. У ўз сўзи бошида конференция ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Ўткан йили марҳум устозимиз, академик Ж.Базарбаев ташаббуси билан ташкил этилган конференция, таклифу тавсияларга кўра анъанага айланган ҳолда бу йил ҳам давом этаётганини ижобий баҳолади. У ўз маърузасида бугунги кунда бутун инсониётга хавф солаётган короновирус иллати ва шунингдек, бугунги мураккаб ва таҳликали замонда халқимиз маънавиятига ҳам хавф солаётган вируслар ҳақида, ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаб қолиб, ривожлантириш, ёшларимизни Ватанимизга, миллий ғоямизга садоқат руҳида тарбиялаш эканлигини, бу борада кейинги йилларда бир қанча муҳим ҳужжатлар, жумладан, олий таълим тизимини модернизациялаш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни адабиёт, маданият ва санъат соҳаларига қизиқтириш, диний маърифатни такомиллаштириш ва бошқа муҳим масалалар тўғрисида қарор ва фармойишлар қабул қилинаётганлигини таъкидлади.

Бундан кейин Республика «Маънавият ва маърифат» маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Атамуратов маърузаси билан сўзга чиқиб бугунги кунда инсоният мутлақо янги муҳитда, олдин кузатилмаган ҳавф ҳатар шароитида яшаб келаётганлигин, бу эса миллий ва умуминсоний қадриятларнинг емирилишига, ҳар қандай зуравонлик, беҳаёлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик сингари иллатларнинг кучайишига сабаб бўлаётганлигини, бундай мураккаб шароитда қадритяларни асраб авайлаб, мустақилликни янада мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий бирдамликни асраб авайлаш мамлакатимизнинг энг асосий вазифаларининг бири бўлишини таъкидлади.

Анжуманда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, филология фанлари номзоди, доцент Қувондиқ Қодиров «Олий таълим – модернизациялашаётган ғоявий тарбия тизимининг драйвери сифатида» мавзуси билан иштирок этиб бугунги кунда Олий таълим тизимида ғоявий тарбия масалаларини такомиллаштириш борасидаги фикрларини билдирди. Олий таълим муассасалари маънавий-маърифий ишлар тизими ўз устуворликларини ёшлар маънавий идеаллари, қадриятлари ва  ғоялари билан боғлиқ бўлган аниқ ахлоқий фазилатлар кластерини таъминлашга йўналтирилиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек анжуманда ИИВ Академияси Маъмурий ҳуқуқ кафедраси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент А.Янгибаев «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш масалалари», Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти У.Нигманова «Ёш авлодни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилишда ғоявий-мафкуравий тафаккурнинг аҳамияти», Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси доценти Т.Кудайбергенова «Оилавий муносабатларнинг конституциявий асослари», Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори  Е.Тилеўов «Үзликсиз руўхый тәрбия – миллий жетилисиў кепили»,  Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси катта ўқитувчиси Ж.Усенов «Ибрайым Юсуповтың философиялық мийрасында миллий тәрбия мәселелери» ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти «Ижтимоий фанларни ўқитиш методикаси (маънавият асослари)» мутахассислиги 2 босқич магистранти А.Якупов «Әлпайымлық ҳәм кишипейиллик әдептиң басы ҳәм оның руўхый тийкарлары» мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этишди.

Анжуманда НукусДПИ Тарих факультети декани, тарих фанлари доктори М.Сарыбаев сўзга чиқиб, мазкур анжуманга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан фан докторлари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистрантлар ва талаба-ёшлар фаол иштирок этиб, жами 100 дан ортиқ тезис материаллари келиб тушганлигини таъкидлади. Ушбу анжуманни юқори савияда ташкил қилишда бевосита фаоллик кўрсатган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, Республика Маънавият ва маърифат марказига, институт раҳбариятига ҳамда Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси жамоасига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Анжуман сўнгида иштирокчилар ўз-аро фикр алмашиб, ўзларининг таклиф мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Мазкур Республика анжумани қуйидаги:

– 1-шўъба: Янги Ўзбекистон ғоясининг моҳияти ва маънавий-маърифий ишларнинг аҳамияти;

– 2-шўъба: Глобаллашув шароитида миллий тарбиянинг самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари;

– 3-шўъба: Маънавий-маърифий тарбияни олиб боришда оила, маҳалла, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик масалалари;

– 4-шўъба: Ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришда, миллий тарбияни такомиллаштиришда ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўрни деган мавзуларда ўз ишини давом этди ва ҳар бир шўъба бўйича энг яхши мақола ва тезислари билан иштирок этган иштирокчилар аниқланиб, улар 1,2 ва 3-ўрин соҳиби деган махсус сертификат дипломлар билан тақдирланди.

 

Анжуман якунига кўра қуйидаги таклифлар билдирилди:

1. Барча олий таълим муассасалари ўртасида маънавий маърифий соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, ўзаро ҳамкорликта тажриба алмашиш натижасида янги механизмларни жорий этиш;

2. Қорақалпоғистонлик академик устозлар, археолог олимларнинг ҳаёти ва фаолиятинига бағишлаб услубий қўлланбалар яратилиб, улар асосида тегишли вазирлик билан ҳамкорликда талабалар учун ўтказиладиган «Ахборот дарс»ларида фойдаланиш;

3. Ўзбекистон миқиёсида ойига бир марта Қорқалпоқ кунлари номли дарслар, ўчрашувлар ташкил қилиш;

4. «Мафкуравий жараёнларнинг глобаллашуви шароитида миллий тарбиянинг долзарб масалалари» мавзусидаги Республика миқёсидаги илмий-назарий анжуманида муҳокама ва таҳлил қилинган энг яхши маърузаларни институтимизнинг “Илим ҳәм жәмийет” номли илмий журналида чоп эттириш.

5. Институтдаги мавжуд имкониятларга асосланиб ва илмий даражага эга бўлган ёш истиқболли кадрларга бўлган зарурликни ҳисобга олиб Нукус давлат педагогика институтига «Ижтимоий фалсафа» йўналиши бўйича докторантурага квоталарини кўпайттириш.